Бош муфтига Пайғамбарнинг соқоли ҳадя қилинди


  • 23 Май, 2013
  • 1252

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Ақмола вилояти Атбасар тумани Садовый қишлоғидан пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хушбўй ифорли муборак соқоли топилди, деб хабар беради.

Ушбу қишлоқда яшовчи 85 ёшли Фотима она Абдибек қизи ота-боболари қолдириб кетган муборак омонатни шу кунгача сақлаб келди. Куни кеча “Кўзим тириклигида омонатни Бош муфтига топширайин” деб атайлабдан бошқармага келди. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раҳбари Эржан ҳожи Малғажы ўғлига қимматли омонатни топширди.

Муборак бир тола қора соқоли шариф пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га тегишли эканлиги ҳақида махсус муҳрланган ҳужжат ҳам бор. Бу ҳужжатда “Мен бу соқол толасини 1921 йили март ойида Иуртеке ҳожидан олдим. Олган одамнинг исми Бўкей ҳожи Сандибай ўғли. Бўкей ҳожи вафот этгандан кейин омонатга унинг ўғли Абдибек эгалик қилди. Бўкей ҳожининг вафот этган вақти 1924 йил февраль ойи” дейилган. Диний бошқарманинг мутахассислари ушбу ҳужжатни қозоқ ва рус тилларига таржима қилишди. Саудия Арабистоннинг бир гуруҳ экспертлари ҳам соқолнинг Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га тегишли эканлигини тасдиқлади.

Матбуот хизматининг хабарига кўра, Ушбу соқол толаси шиша идиш ичида сақланиб, идишнинг икки тарафи кумуш қопқоқ билан бекитилган. Узунлиги 3 сантиметр келади. 


Бошқа мақолалар