Жанубий Қозоғистонда 3 та этношаҳарча қурилади


  • 22 Апрель, 2017
  • 929

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги Чимкент, Туркистон шаҳарлари ва Ўтрор туманида дунё талабларига мос этношаҳарчалар қад ростлайди. Вилоят ҳокимлиги ўз олдига шундай мақсад қўйган. Вилоят ҳокими Жансеит Туймебаев архитектура кенгашини тўплаб, бир нечта муҳим масалаларни муҳокама қилди. Йиғилишда Жанубий Қозоғистон вилоятининг кўзга кўринган архитекторлари, Туркистон шаҳар ҳокими Алипбек Усербаев, шаҳар қурилиш ва ободонлаштириш ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Кун тартибида Туркистон шаҳрини дунё миқёсидаги тарихий-маданий марказ сифатида ободонлаштириш, Ўтрор туманидаги Арслонбоб мақбарасини ва кўҳна Ўтрор шаҳарчасининг атрофини ободонлаштириш ҳамда Чимкент шаҳридаги “Чимкент-сити” турар жойи ёнидаги этношаҳарчаларнинг эскиз лойиҳалари кўриб чиқилди.

Туркистон ҳокими Алипбек Усербаев вилоят ҳокимига Туркистоннинг келажакдаги эҳтимолий кўринишини намойиш қилди. Бу режада Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси атрофини қалъа девори билан ўраб, мақбара яқинидаги уйларни кўчириб, ўрнига саёҳатчилар учун муассасалар қуриш мўлжалланган. Йиғилишда энг асосий мавзулардан бири Туркистон бўлиб, уни ободонлаштириш ва саёҳатчиларни жалб қилувчи шаҳарга айлантириш ҳақида сўз юритилди.

Алипбек Усербаев “Мақбара атрофида жами 129 та уй бор. Бизнинг ҳисобимиз бўйича уларнинг жами қиймати миллиард тенгедан ортиқ бўлади. Биз ҳозир уларни сотиб олиш ва бузиш устида иш олиб бормоқдамиз” деди. Ушбу лойиҳа Жансеит Туймебаевга ёқди.

У “Туркиядан Туркистон шаҳрига миллион нафар саёҳатчи келишга тайёр турибди. Тасаввур қилинг, агар битта саёҳатчи шаҳарда бир кун бўлиб, меҳмонхона ва сувенирларга 100 доллар сарфласа, Туркистоннинг йиллик даромади 100 миллион долларга яқин бўлади. Бу бир шаҳар учун жуда катта маблағ. Бундан ташқари кўплаб одамлар иш билан таъминланади” деди.

Яқинда Қозоғистонда  ЭКСПО-2017 кўргазмаси бошланади. Келган меҳмонлар Туркистон, Ўтрор каби қадимий шаҳарларни зиёрат қилиши табиий ҳол. Шунинг учун вилоят ҳокими бу шаҳарларни ободонлаштириш ишларини тезлатишни топширди. Яна бу йили президент топшириғига кўра, “Чимкент-сити” шаҳарчаси қурилиши тезлашиши лозим. Ҳозир ушбу қурилиш жадал давом этмоқда. Яқин орада этношаҳарча қурилиши бошланади.

Жанубий Қозоғистон вилояти архитектура ва ободонлаштириш бошқармаси раҳбари Эркин Жусипов “Биз археологлар билан бирга шаҳарчани бунёд қилиш устида иш олиб боряпмиз. Эски шаҳарнинг ўрнига янги кўпқаватли турар жой бинолари қурилади. Бу масалани биз йиғилишда кўриб чиқамиз” деди. 


Бошқа мақолалар