- 2021-03-23
Ғазабланган Ислом Каримов тўнғич қизи Гулнора Каримовани калтаклади. Бу ҳақида “Forbes Казахстан” сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров хабарига асосланиб маълумот тарқатган.
Сиёсатшуноснинг сўзларига қараганда Ўзбекистон президентини асосан ғарб оммавий ахборот воситаларида чоп этилган Гулноранинг ярим-яланғоч суратлари дарғазаб қилган.
Гулноранинг курткаси ёқасидан ушлаб аввал шапалоқ туширган, сўнгра астойдил дўппослай бошлаган. Қизига “Сен мени бутун дунёга шарманда қилдинг! Бу қандай қилиқ?! Камералар олдига ярим-яланғоч чиқишинг билан нафақат ўзингни, мени, онангни, бутун оиламизни шарманда қилишингни ўйламадингми?!” деб бақирган.
Дарғазаб Ислом Каримовни унинг шахсий тансоқчилари ажратиб олишган.
Сиёсатшуноснинг хабарига қараганда Гулнора Каримова ҳақида маълумотларни ўзбек махсус хизмати бошлиғи Рустам Иноятов президентга етказган.
Иноятов фақат шармандали суратларни кўрсатиб қолмай, Тамара Собирова ва унинг ўғли Акабарали Абдуллаевларнинг назоратида бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚЗ), ОАО “Қувасой цемент заводи”, “Қувасой текстиль”, “Фарғона текстиль”, “Кварц”, “Silver Silk” текстиль фабрикаси, “Asia” меҳмонхонаси ва бошқа қатор объектларнинг Гулнора Каримовага ой сайин 50 миллиондан 70 миллион долларгача “ўлпон” тўлаб келишганини ҳам отахонга етказган.
Рустам Иноятов президентга Гулнора Кримова ҳар йили кузги тадбирлари бўлган “Art Week Style”, “Олтин гепард”лар учун таҳдид ва қўрқитиш йўли билан давлат бюджетидан 16 миллион доллар миқдорида маблағ олиб турганлигини билдирган.Ўзбекистон бош чекисти яна Гулнора республиканинг йирик ташкилотлари, кичик ва ўрта бизнес эгаларини фонд “Forum” тадбирларига ҳомийлик қилишга мажбурлаганлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари президентга Гулнора Каримовага қарашли “TV Markaz”, “Forum TV”, “NTT”, “СофтС” телеканаллари ҳамда“Zamin FM”, “A’lo FM” ва “Terra FM” радиоканаллари давлат бюджетига ҳеч қандай солиқ ва мажбурий тўловларини тўламаслиги ҳақида маълумот берилган. “Ушбу оммавий ахборот воситалари фонд “Forum” фаолияти ҳақида ва қизингизнинг қўшиқларини эфирга узатиш билан шуғулланади, холос” деди Р.Иноятов.
У яна президентга Гулноранинг ўғли кичик Ислом Каримов шаҳарда ойналари қорайтирилган қимматбаҳо автомобилларда ва катта тезликда юришини маълум қилган.
Р.Иноятов ўзининг ҳисоботи охирида Гулноранинг социал тармоқларида, бундан ташқари ғарб оммавий воситаларида фаоллиги мавзусига тўхталган. “Аввал Лола журналистларга Гулнора билан 12 йилдан бери гаплашмаётганлигини маълум қилган. Гулнора унга жавобан берган интервьюсида Лола ва Татьяна Акбаровналар шомонизм билан шуғулланишини ва сеҳр-жоду қилувчиларга катта пул ҳаржлашларини бутун оламга жар солган” деб хабар берган Р.Иноятов.
Ислом Каримовнинг “Булар ростми? Рост бўлса, улар қайси фолбинга боради?” деган саволига МХҲ раиси Лола ва Татьяна Каримовалар асосан қозоғистонлик фолбин ва қўшиқчи Атҳамбек Юлдашевнинг хизматларидан фойдаланишини билдирган. Атхамнинг хизматлари эвазига унга нақд тўлашган ёки Ўзбекистон ҳамда Қозоғистонда унинг концертларини ташкиллаштириб беришган.
Ислом Каримов эшитганларидан ғазабланиб, Иноятовга мобил телефон ва кулдонни отган. Сўнгра тезкор мажлис чақиришини буюрган.
Мажлисда Ўзбекистон президенти молия вазири ўринбосари Татьяна Гуськовага “Нега сен менинг рухсатимсиз Гулноранинг фестивалларига маблағ ажратасан? Мен таълим, соғлиқни сақлаш ва спортга маблағ сўраганимда башарангни буриштирасан. Гулнора сўраса, дарров берасан. Шундайми?!” деб унга тарсаки туширган.
Эртасига 21 октябрь куни МХҲ ва ИИВнинг республика аппаратларидан жами 18 нафар юқори лавозимли амалдорлар ишдан бўшатилган ва қамоққа олинган.