- 2016-10-25
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистондаги шифокорларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич ошириб боришга кўрсатма берди.
Тўқаев миллий кенгаш йиғилишидаги нутқида “Коронавирус пандемияси бутун дунё соғлиқни сақлаш тизими учун ҳақиқий муаммога айланди. Эпидемия мамлакатда профессионал шифокорлар етишмаслигини очиқ-ойдин намойиш қилди. Бу эса ойлик маошнинг камлиги, касб нуфузининг пастлиги ва шифокорлар етарли даражада ҳимояланмаганлиги билан боғлиқ. Шифокорлар турли соҳалардаги мутахассислар ичида энг кам маошни олишади.
Жорий йилдан бошлаб, ҳукуматга шифокорлар маошини босқичма-босқич ошириб боришга топшириқ бердим. Уларнинг маошлари ўртача маошдан 2,5 баравар кўп бўлиши керак. Бу кўрсаткичга 2023 йили эришамиз. Қийин даврда барчамиз тиббиёт ходимларининг оғир меҳнатига гувоҳ бўлдик” деди.
27 май куни миллий кенгашнинг 3-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда таҳлим ва соғлиқни сақлаш масалалари муҳокама этилди.
Тўқаев шифокорлар хатосига бериладиган жазоларни қайта кўриб чиқишга кўрсатма бериб, йил охиригача Қозоғистоннинг биологиик хавфсизлиги ҳақида қонун ишлаб чиқишни топширди.