- 2021-10-18
Кот-д’Ивуа́р, Ливия ва Малининг ортидан ҳокимият мусулмонлар қўлига ўтган Марказий Африка Республикасига Франция 1000 та аскар билан жангга киришга тайёрланмоқда.
Марказий Африка республикаси... 1960 йили Франциянинг мустамлакасидан озодликка чиққан 5 миллион аҳолига эга бўлган ўлка. Расмий давлат тили француз тили. 1991 йилдан бошлаб маҳаллий Санго тилига ҳам давлат тили мақоми берилган. Африканинг энг қашшоқ ўлкаларидан бири бўлган Марказий Африка Республикасида аҳолининг учдан икки қисми кунда 1 доллар билан тирикчилик қилади. Уран, олтин, олмос, темир ва нефть каби қазилма бойликларига эга.
Марказий Африкада 2013 йилнинг дастлабки ойларидан бошлаб кескин ўзгаришлар рўй бера бошланди. Аввалги куни Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дрианнинг “бўлиниш хавфи олдида турган Марказий Африка республикасига 1000та аскар юборамиз” деган баёноти ва БМТни ҳарбий ҳаракатларга ундаши ўлкани яна диққат марказига қўйди.
53 йилда атиги 2та сайлов
Мустақиллигидан буён 53 йиллик тарихида атиги икки марта сайлов ўтказишга муваффақ бўлган ўлка, Франция маҳфий ташкилотининг сайлов ҳийлалари ва давлат тўнтаришлари оқибатида ҳокимият тепасига олиб келган диктаторлар тарафидан бошқарилди. 2003 йил 15 мартда ва 2005 йилда ўтказилган сайловларда Франциянинг қўллаб-қувватлаши билан Франсуа Бозизе президентликка "сайланди". Лекин Бозизе раҳбарлигининг иккинчи йилида ўлка тижоратининг асосий қисмини юритадиган мусулмонларга қарши босим ўтказишни бошлади. Олмос, олтин савдоси билан шуғулланадиган мусулмон ишбилармонларнинг солиқдан бўйин товлаганликларини рўкач қилиб, назоратчиларни уларнинг бизнесларини "текширгани" жўнатди. Текширувчи ходимлар бу баҳона билан уларнинг молларни тортиб ола бошлади. 2002 йилда Африкадаги мусулмон ёшлар тарафидан ташкил қилинган “Иттифоқ” коалициясининг ушбу ҳолатга норозилик ҳаракатлари сабабли Бозизе "мусулмонлар христианларни қатл қилмоқчи" деган баҳона ўйлаб топиб билан ғайри муслим қабилаларни бевосита қуроллантиришга киришди. Бунинг оқибатида қуролланган гуруҳлар мусулмон қишлоқларига ҳужумлар уюштириб, юзлаб ёш болалар билан бирга катталарни ҳам қатл қилишди.
“Иттифоқ” қуролли мудофаага кўчиши билан президент Бозизе олтин ва олмос маъданлари эвазига Жанубий Африкадан аскарий ёрдам олди. Аскарлар ўлкага етиб келганида “Иттифоқ” коалицияси шаҳарларни қўлга кирита бошлаганди. Коалицияга ўлканинг ярми, ҳатто христианлар ҳам дастак берди. Чунки Бозизе фақатгина ўз атрофидагиларни бой-бадавлат қилиб, халқ борган сари фақирлашиб кетаётганди. Камига анча йиллардан бери бир қишлоқда, маҳаллада яшаган кишилар бир-бирларига душман бўлишганди.
Хазинани ҳам олиб кетди
2013 йил 24 март куни “Иттифоқ” кучлари пойтахт Банги шаҳрида шиддатли тўқнашувлар натижасида президентлик биносини ишғол қилиб, бошқарувни ўз қўлига олди. Президент Франсуа Бозизе аввал Конгога, у ердан Камерунга, у ердан эса Жанубий Африкага қочиб қолди. Сўнгги маълумотларга қараганда ҳозир "хўжайинлари"нинг ёнига - Францияга омон-эсон етиб олган. Албаттаки, қочаётган вақтида самолётда давлатнинг хазинасини ҳам ёнида олиб кетишни унутмаган.
Ғарб давлатлари ушбу ўлкада бошқарув мусулмон лидернинг қўлига ўтганидан кейин савдо-сотиқни тўхтатди. Марказий Африка раҳбарияти 50 миллион долларни ташкил қиладиган ойлик маош ва давлат харажатларига манба тополмай қолди. 4 ойдан бери маош олмаётган халқ қорнини тўйдириш учун ўғирлик қила бошлади. Франция эса вазиятни яна-да мураккаблаштириш учун Европа давлатларига босим ўтказиб Марказий Африка билан ҳар қандай савдо-сотиқ ва мол алмшинувини тўхтатишга муваффақ бўлди. Албатта, бу мусулмон раҳбариятнинг давлатни бошқаришдан, халқни иш ва ош билан таъминлашдан ожизлигини кўрсатиб қўйиш учун қилинмоқда. Сунъий ишсизлик ва очарчиликдан фойдаланиб халқни исёнга ва оқибатда Мусулмонларнинг ҳокимиятини йиқитишни кўзлаган қора кучлар занжирлама жиноятларини бошлади. Энг охирги воқеа - Конституцион суди раисининг ўлдирилиши билан ўлкада вазият яна-да таранглашди. Энди БМТ “христианлар жабр кўришяпти” гапини баҳона қилиб, ўлкага ташқи давлатларнинг ҳарбий операция уюштиришларига, қисқаси уруш очишларига замин ҳозирлай бошлади. Франция ҳукумати халқаро ҳамжамиятни “Марказий Африка қонга беланиб ётибди” деб бонг уриб муштарак урушга чорлаяпти.
2- сорт одам муомаласи
Собиқ тузум даврида йўл, касалхона, мактабларнинг бўлмагани айни ҳақиқиат. Ҳатто мусулмонларнинг Марказий Африка граждани сифатида ҳам тан олинмаганлиги натижасида давлат ишларида ишлай олмаслиги, ўқиш ҳуҳуқидан ҳам маҳрумлиги ҳақида "демократия жарчилари" негадир умуман гапиришмайди. Энг ажабланарлиси, мусулмон бўлган бугунги президент Мишель Джотодиянинг ҳам мактабга бора олиш учун исмини ўзгартиришга мажбур бўлган ушбу ўлка бугун яна парокандаликнинг олдида турибди. Европалик иккиюзламачи пресса томонидан "золим" деб лой чапланаётган бугунги ҳукуматда президент билан бирга 25 вазирдан атиги 10 нафари мусулмондир. Франциянинг 1000 та аскари бугун-эрта мамлакатга киритилади. БМТ эса Африка иттифоқи кучларини орттиришни режалаштирмоқда. Олдимиздаги давр нафақат бу ўлканинг, балки Африкадаги 12 та давлатнинг ҳам айниқса, собиқ Франция мустамлакаси давлатларининг келажагини шакллантирадиган кўринади.
Масжидга борганида мусулмонлиги маълум бўлди
Марказий Африка президентлиги лавозимига ўтирган Мишель Джотодиянинг христиан эканлиги тахмин қилинарди. Оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида хабарлар чоп этилаётган бир вақтда жума куни масжидга бораётгани тасвирга тушиб қолган президентнинг мусулмон эканлиги маълум бўлди. Джотодиянинг асл қилмиши - минтақадаги ер ости бойликларини назоратда тутиб турган, айниқса уран, олтин ва олмос маъданларига хўжайинлик қилаётган Францияни бир чеккага суриб ташлаши эди. Унинг ўрнига Россия билан музокараларни бошлади. Джотодия давлатнинг ягона аэропортини 400 аскари билан назоратда тутиб турган Франциянинг "мустақил" ўлкадаги ҳокимиятини ниҳоясига етказиш учун енг шимариб чиққан ўз халқининг дарди билан доғланган президентидир. Унинг "золим"лиги халқига эмас, мустамлакачиларга қаратилган.