- 2020-02-06
Камбағаллик ҳар бир киши учун турлича бўлади. Баъзилар янги автомобиль сотиб ололмайди, бошқаларга бир қоп картошка олиш учун пули етмайди.
Шунинг учун одатда рақамлар ҳеч нарсани кўрсатиб беролмайди.
Шунга қарамай Статистика агентлиги ҳар ой Қозоғистондаги камбағаллик даражасини ҳисоблаб чиқади. Ушбу маълумотлар давлат бюджетини ва давлат дастурлари шакллантиришда, ижтимоий ёрдам беришни аниқлашда фойдаланилади.
2012 йил Қозоғистонда камбағаллик даражаси ойлик яшаш минимуми бўлган 15817 тенгенинг 40%ини, яъни 6975 тенгени ташкил қилди. Ушбу поғона “2012-2014 йилги республика бюджети ҳақида” Қонунида кўрсатилган. Мана шундай даромадга эга бўлган кишилар Қозоғистон аҳолисининг 3,8%ни, яъни 638 минг кишини ташкил қилади.
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, ўлкада камбағаллар тенг тақсимланмаган. Улар энг кўп Жанубий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида яшайди.
Энг бадавлат кишилар Астана ва Алмати шаҳрида истиқомат қилар экан. Бу минтақаларда камбағаллар аҳолининг 1%дан камини ташкил қилади.
Бир одамга бир ойда ўртача сарфланадиган харажат энг паст бўлган Жанубий Қозоғистон вилоятида 20479 тенгени, энг юқори бўлган Алматида эса 49375 тенгени ташкил қилади. Қозоғистонлик оила бир киши учун ойда ўртача 32 минг тенге сарфлайди. Лекин 10 та вилоят аҳолиси бу даражага ета олмаган.