- 2018-04-10
Ўтган асрнинг 50-йилларида Туркия Бош вазири лавозимини эгаллаган Аднон Мендерес 1952 йилда НАТО йиғилишида иштирок этиш учун Францияга сафар қилади. Парижга етиб келгач, Мендерес Туркиянинг шу ердаги элчисини чақириб: “Юртимизнинг ва мусулмонларнинг сўнгги халифаси султон Абдулҳамидхон II нинг оиласи Парижга сургун қилинган деб эшитгандим. Ғайриюртда улар қандай кун кечирмоқдалар, нима билан машғуллар?” – деб сўрайди. Шунда элчи султон оиласининг тақдиридан бехабар эканлигини айтади. Бу жавобдан ғазабланган Аднон Мендерес элчига: “Сенга 24 соат муҳлат! Ё султон оиласининг манзилини топиб келасан, ёки истеъфо ҳақидаги аризанг билан келасан!” –деб, шарт қўяди.
Бироз вақт ўтгач, Туркиянинг Франциядаги элчиси сўнгги халифа султон Абдулҳамидхон оиласининг Париждаги истиқомат манзилини топиб келади. Шундан кейин Аднон Мендерес шу манзилга ўзи йўл олади.
Абдулҳамидхон II нинг оиласи истиқомат қилаётган уйга келгач, Аднон Мендерес султоннинг оила аъзолари ишда эканликларидан хабар топади ва уларнинг иш жойига боради. Ватанидаги сўнгги султоннинг оила аъзоларини излаб, Аднон Париж чеккасидаги кир ювадиган жойга келиб қолади ва жуда изтиробли бир манзаранинг гувоҳи бўлади: мусулмонларнинг сўнгги халифаси султон Абдулҳамидхон II нинг оила аъзолари – 80 ёшли рафиқаси Шафиқа хоним, 60 ёшидаги қизи Ойша хоним ва султон оиласининг бошқа аъзолари – французларнинг кирларини ювардилар.
Кўзёшлардан ўзини тута олмаган Аднон Мендерес Шафиқа хонимнинг қўлларини ўпиб: “Онам, мени кечиринг, олдингизга кеч келдим!” – дейди ва йиғлаб юборади. Шунда султон оиласининг Францияга сургун қилинганига ўттиз йил тўлгандан кейин ташриф буюрган миллатдоши ва ватандошига қарата Ойша хоним: “Сиз кимсиз?” – дейди. Аднон Мендерес: “Мен Туркия Бош вазириман” – дегач, Усмонли хонимлари ҳам йиғлаб юборишади.
Франция сафари ниҳоясига етгач, Аднон Мендерес Туркияга қайтади. Ва мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Жалол Байарга мурожаат қилиб: “Мен Парижда Усмонли оиласининг хонимлари французларнинг кирларини юваётганига гувоҳ бўлдим. Ғайридинлар султонимиз хонимларини камситиш учун шундай ишга қўйганига шубҳам йўқ. Бу ҳол мусулмон ва турк учун исноддир. Шу сабабдан мен уларни авф қилиб, Туркияга қайтариш ҳақида қарор чиқармоқчиман” – дейди. Бош вазирнинг бу гапларидан қўрқиб кетган президент: “Аднон бей, жим. Бу ҳақда бошқа оғиз оча кўрманг. Бу гапингиз камолист журналистлар ёки анави ҳарбийларнинг қулоғига чалинса, улар шов-шув кўтариб, ҳарбий тўнтариш уюштириб, сиз билан мени қатл қилишади” – дейди.
Ана шунда Аднон Мендерес чўнтагидан бир қоғоз чиқаради ва президент Жалол Байарга узатади. Бу қоғоз Бош вазирнинг истеъфо сўраб ёзган аризаси эди. Президентнинг: “Бу истеъфонинг сабаби нима?” – деган саволига жавобан Аднон Мендерес тарих китобларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган мана бу сўзларни айтади:
“Ғайри юртларда ғайридинларнинг кирини ювишдек паст ишларда хор бўлиб юрган оналари ва оталари, болалари ва қизлари бор юртга раҳбар бўлишдан ор қиламан”.
Сўнгги халифа султон Абдулҳамидхон II нинг оила аъзоларини авф қилиб, Туркияга қайтариш масаласи кейинчалик мамлакат парламентида кўриб чиқилади ва ижобий ҳал қилинади. Бош вазир Аднон Мендерес Усмонли хонимлари Туркияга қайтганидан кейин ҳам уларнинг ҳолидан доим хабар олиб турди.
Аднон Мендерес сиёсий фаолияти давомида жамиятни демократлаштириш ва ҳақиқий сиёсий эркинликлар татбиқ этиш тарафдори бўлиб келган. Айнан мана шу хусусиятлари учун у 1945 йилда дунёвийчи камолистларнинг Жумҳурият Халқ Партиясидан (ЖҲПдан) ҳайдалган. Кейинчалик Аднон Мендерес ЖҲПга муҳолиф бўлган Туркия Демократик Партиясига асос солади ва ушбу партия билан 1950, 1954 ва 1957 йиллардаги парламент сайловларида ғалаба қозонади.
Аднон Мендерес раҳбарлигида Туркия жуда катта сиёсий эркинликларга юз тутди, мамлакат иқтисодиёти оёққа тура бошлади. Ва бу ҳол мамлакатдаги дунёвийлик ва динсизликни ҳимоя қилувчи камолистларни ва НАТО югурдаклари бўлмиш ҳарбийларни ташвишга сола бошлади.
1950-1960 йилларда Туркия Бош вазири бўлиб ишлаган Али Аднон Эртекин Мендерес дунёвийлик тарафдори бўлган генерал Камол Гурсал бошчилигида уюштирилган ҳарбий давлат тўнтариши натижасида ўз лавозимидан озод қилинади.
Ўзининг исломийлиги ва халқчиллиги билан танилган Аднон Мендерес 1961 йил 17 сентярь куни Имроли шаҳрида қатл қилинган. Қатл гувоҳларининг айтишича, Али Аднон Эртекин Мендереснинг ҳаётдаги сўнгги сўзлари “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” бўлган.