- 2016-11-19
Тарихда давлатлар ўз номини ўзгартирган воқелар кўплаб топилади. Бу турли сабаблар туфайли юзага келган. Масалан, бир неча давлат бириккан ёки парчаланган. Сиёсий ёки миллий важдан, ўз имиджини яхшилаш ёхуд негатив бўёқларни “ўчириш” мақсадида ҳам номи ўзгартирилган. Қуйида ўз номларини муваффақиятли ўзгартирган 10 та давлат рўйхатини келтирамиз:
1. Абиссиния/Эфиопия
Мамлакат номи иккинчи жаҳон уруши даврида ўзгарган. Тарихчилар давлат тўртинчи асрдан аслида “Эфиопия” деб аталганлигини, “Абиссиния” номи эса кейинчвлик араблар тарафидан қўйилганлигини таъкидлашмоқда.
2. Цейлон/Шри-ланка
Шри-Ланка номини бир неча марта ўзгартирган. Масалан, 1815 йилдан 1948 йилгача Буюк Британия босими остида мамлакат Цейлон деб аталган. Кейинчалик Доминион Цейлон бўлган. Ҳозирги номини эса XX аср бошида мустақилликни қўлга киритиш арафасида олган. Бу номни марксист Ланка Сама Самаджа Парти ўйлаб топган. Давлатнинг расмий номи Шри-Ланка республикаси 1972 йили тасдиқланган.
3. Янги Гранада/Колумбия
Янги Гранада 1821 йили антииспан қўзғолони натижасида Буюк Колумбия таркибига киради. Буюк Колумбия парчалангандан кейин 1831-1856 йиллари Янги Гранада республикаси деб аталди. Сўнгра ҳозирги ном билан аталди.
4.Сиам/Таиланд
Сиам Ҳиндихитойдаги энг қувватли ва йирик давлат бўлган. Лекин 1932 йилдан кейин кўплаб давлат тўнтаришлари юзага келди. Учинчи давлат котиби Плек Пибунсонграм халққа мустақиллик беришга қарор қилиб, 1939 йил 24 июндан эътиборан давлат номини Таиландга ўзгартирди.
5. Персия/Эрон
Эронликлар ўз мамлакатини қадим замонлардан бери “Эрон” деб атаб келишларига қарамай, бутун дунё 1935 йилгача, токи шоҳ Ризо улкан давлатлардан мамлакатини “Эрон” деб аташларини талаб қилмагунча, “Персия” деб аталиб келган.
6. Юқори Вольта/Буркина-Фасо
Юқори Вольта ўз номини 1984 йили президент Томас Санкар фармони билан ўзгартирди. Ўлка “Юқори Вольта” номини француз мустамлакачилари томонидан Вольта дарёси туфайли аталганди. Президент шу сабабли номини ўзгартирди. Буркина ва Фасо – бу иккита давлат тилидан олинган сўзлардир. “Буркина” сўзининг мооре тилидан таржимаси “одил одамлар”, “Фасо” сўзи эса – дьюле тилидан таржимаси “юрт, ватан” деган маънони англатади. Иккала сўз биргаликда “Одил одамлар ватани” деган маънога келади.
7. Бирма/Мьянма
1989 йилгача давлат Бирма иттифоқи социалистик республикаси, қисқача Бирма деб аталиб келган. Ушбу номнинг келиб чиқиши хорижий бўлиб, ўлка ичида машҳур эмас. 1989 йили ҳукумат кўплаб мустамлака давридан қолган номларни ўзгартиришини эълон қилди. Шу тариқа давлатнинг расмий номи Мьянмага ўзгарди. Буюк Британия ва бир қатор давлатлар ўзгарган номни қабул қилишмади.
8. Месопотамия/Ироқ
“Месопотамия” термини эллинизм даврида Искандар Зулқарнайн ушбу ном билан ўз давлатида ҳарбий-маъмурий округ ташкил қилганида пайдо бўлган. Ўрта асрларда арабча бўлган “Ироқ” номи машҳур бўлди. Расмий равишда Ироқ қироллиги 1921 йили эълон қилинди.
9. Кампучия/Камбоджа
Камбоджа ўз номини бир неча бор ўзгартирган. Шу тариқа янги ҳукумат эски изларни ўчириб ташлашни истади. 1953-1970 йиллар давлат Камбоджа қироллиги деб аталган. 1970-1975 йиллари эса Кхмер Республикаси, 1975-1979 йиллари коммунистлар таъсирида Демократик Кампучия, БМТда ҳокимият ўзгариш сабабли 1983-1993 йиллари Кампучия халқ республикаси, 1993 йили монархия тикланганидан кейин Камбоджа қироллиги деб аталди.
10. Шарқий Покистон/Бангладеш
Шарқий Покистон 1947 йили британ Ҳиндистони даврида Бенгалия бўлиб олинишида “Маунтбеттен режаси” асосида юзага келди. Шарқий Бенгалия Доминион Покистон парчасига айланди. 1956 йили Шарқий Покистон номига ўзгартирилди. 1971 йили қонли халқ озодлик ҳаракатидан кейин мустақилликни қўлга киритиб, Бангладеш деб аталди.