- 2014-03-20
Россия Қрим устида парвоз қилаётган учувчисиз жосус самолётини уриб туширганини маълум қилди.
Қримни уч ҳафтадан бери ўз ҳарбийлари билан назорат остида тутиб турган Россия куни ва вақтларини маълум қилмасдан Қрим ҳаво кенгликларида кузатув олиб бораётган АҚШ учувчисиз жосус самолётини аниқлаб, уни қўндиришга муваффақ бўлганликларини билдирди.
Россия армиясида ҳарбий назорат ва электрон жосуслик технологияларидан фойдаланадиган “Ростех” баёнотига кўра, АҚШ ҳарбий самолёти ердан 4 минг метр баландликда парвоз қилаётганида аниқланган. “Автобаза” тизими ёрдамида назоратга олинган ва ерга қўндирилган ҳарбий самолёт ҳозирда Қримдаги Россия тарафдорлари бўлган ҳарбий кучларнинг қўлига ўтган. Учувчисиз самолётнинг устидаги ёзувлардан унинг Германияда жойлашган АҚШнинг 66-разведка бригадасига қарашли экани аниқланди. Россия тарафидан қилинган бу баёнотга АҚШ ҳозиргача ҳеч қандай жавоб бергани йўқ.