- 2020-01-10
Россия Киев тарафдори бўлган татар лидери Мустафо Абдулжамил Қримўғлининг ўлкага киришини тақиқлади.
AFP агентлигининг хабарига кўра, Қрим татар мажлиси собиқ бошлиғи Мустафо Абдулжамил Қримўғлига Қримга 5 йилгача кириш тақиқланган. Украина пойтахти Киевга йўлга чиққан Абдулжамил Қримўғлига чегарада берилган ҳужжатда “2019 йил апрель ойигача Россия федерацияси ҳудудларига кириш тақиқланган”лиги ҳақида кўрсатилган. Украина депутати Қримўғли ўтган ҳафта Анқарага қилган сафарида Қримнинг Украина тан олмаган бир референдум билан Россияга қўшилганини, қрим-татарларнинг чуқур қайғуда эканлигини айтганди.
“Халқимиз катта таҳликада” деган татар лидери Қримўғли минтақанинг худди “соатли бомба”дек эканлигини ва у ерда қуролланган ҳарбийларнинг кезиб юриши давом этса, қуролли тўқнашувлар албата бўлишини таъкидлаганди.
2 миллионга яқин Қрим аҳолисининг 300 минг нафари татарлардан ташкил топган. Сталин даврида нацистлар билан ҳамкорлик қилган деган айб билан сургунга юборилган қрим татарлари совет иттифоқи тарқалиши билан ўз юртларига қайтишни бошлашди.