Италиялик машҳур дизайнер Жоржио Армани 91 ёшида ўлди


  • 5 Сентябрь, 2025
  • 20

Италия модаси афсонаси, машҳур дизайнер Жоржио Армани 91 ёшида оламдан ўтди. Унинг вафоти ҳақида компания расмийлари хабар берди.

Маълумотларга кўра, Армани ўз уйида, яқинлари бағрида ҳаётдан кўз юмган. Компания баёнотида шундай дейилган:

"Ҳамкорлари ва ходимлари доимо ҳурмат ва миннатдорлик билан эслаб келган Синьор Армани, севган инсонлари ила бирга тинчлик ичида ҳаётдан кўз юмди. У охиригача тинимсиз меҳнат қилди ва ўзини компанияга, коллекцияларга ҳамда кўплаб амалга оширилаётган ва келгуси лойиҳаларга бағишлади".

Таъзиялар шанба ва якшанба кунлари Миланда қабул қилинади, кейин эса махсус тантанали маросим бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Армани вафот этган вақтда унинг бойлиги 7,44 миллиард фунт стерлинг (5,5 триллион тенге)дан ортиқ экани айтилмоқда. У бу ой Милан Мода Ҳафталиги доирасида ўзининг машҳур брендининг 50 йиллигини нишонлаш учун катта тадбир ташкил қилишни режалаштирган эди.

Жоржио Армани 1934 йил 11 июлда Италиянинг Пьяченца шаҳрида туғилган. Илк бора тиббиёт соҳасида ўқиш бошлаган бўлса-да, кейин бу йўлни ташлаб, модага юз тутди. Карьерасини “La Rinascente” савдо уйида витрина безакчиси ва харидор сифатида бошлади. Кейинчалик Нино Черрути бренди учун ишлади.

1975 йилда ўз номи билан брендни асос солди. Армани 1970-йиллар охиридаги коллекциялари билан Италиянинг тайёр кийим услубини жаҳон миқёсида танитди. Унинг астари йўқ костюмлари, оддий шаклдаги шимлари ва шаҳар услубидаги ранглари брендининг асосий белгисига айланди.

Вақт ўтиши билан Armani бренди фақат кийим билан чекланиб қолмай, атирлар, аксессуарлар ва ҳатто меҳмонхоналаргача кенгайди. Унинг минимализм ва нафисликни уйғунлаштирган услуби нафақат модани, балки ҳаёт тарзини ҳам ўзгартирди.

Жоржио Армани 20-асрнинг энг нуфузли дизайнерларидан бири сифатида тарихда қолди.


Бошқа мақолалар