- 2012-03-27
Бу йилги «Евровидение» танлови натижаси Ғарб ахлоқсизликда нақадар тубанлашиб бораётганини, ўзлари билан чегараланмай, у ахлоқсизликни дунёга ҳам ёйишга тиришаётганини кўрсатди. Энг ачинарлиси — у воқеанинг халқимиз орасидаги муҳокамасидан бугун бизнинг мусулмон жамиятимиз ҳам жиддий касал экани билиниб қолди. Кўр кўзларимизни очар, дайди шамоллар таъсирида ҳар ёқларга сочилиб кетган эсларимизни йиғиб олишга ёрдам берар деган ниятда бир рус тадқиқотчисининг ижтимоий тармоқларда ёйилган мақоласини рус тилида кўчириб босган эдим. Кўплар уни ўзбекчага ҳам ўгириш кераклигини сўрай бошлашди. Махсус фанний мақола бўлгани учун уни ўзбекчага ўгириш қийин эди, албатта. Қўлимдан келганича, бир оз эркин таржима қилдим.
Нуруллоҳ Муҳаммад РАУФХОН
Дмитрий Дёмушкин: «ЯНГИ ДУНЁ» ТАРТИБОТИ
Бутун бошли қитъаларни бўйсундириш ва халқларни йўқ қилиш учун бугун катта қўшин ё кучли қурол-яроғга ҳожат қолмади. Аҳолига ёппасига мафкуравий таъсир ўтказилса, бўлди. Жинсининг ва жинсий мойиллигининг тайини йўқ, эркакликдан ва ахлоқий негиздан кесилган қуллар насли етиштирилса, етади. Ватанпарварликни суймайдиган, фақат ўзини ўйлайдиган, ота-боболаридан, умуман ўтган аждодларидан алоқасини узган миллат етиштирилса, бас.
Одоб ва ахлоқ қандай бузилади? Жамиятни ва кишилар онгини ким бошқариб-ўйнатяпти? Нимага яқин-яқинларгача айб саналадиган ва қораланадиган ишлар бугун айб бўлмай қолди? Уларни инкор этган киши нега бугун қолоқ, бузғунчи ва ҳатто жиноятчи саналяпти? Қандай қилиб баччабозлар “гей” дейиладиган, уларнинг ифлос ишлари эса, қонун ва низомлар билан ҳимояланадиган бўлиб қолди?
Бу ишларнинг технологияси жуда оддий. Ҳозир қўлимиздан келганича бунинг сирини очишга ҳаракат қиламиз. Бу ишда бизга “Овертон туйнуги”1 ёрдам беради. Бу ҳақида эшитган борми?
Ҳар қандай одатни ҳаётга сингдириш технологияси
Бу назария ўрганилса, баччабозлик ва бир жинслилар “никоҳи” ҳодисалари жамиятга қандай сингдирилгани ва қонун доирасига қандай киритилгани тушунарли бўлади. Болаларни жинсий бузиш ва ҳам жинсий бузиб, ҳам уларни ўлдириб юбориш ҳодисалари-да жуда яқин замонларда Оврупада қандай қилиб очиқлиққа чиқиб қолгани (легаллашгани) сабаблари сизга мутлақо ойдинлашади. Ҳатто болалар эвтаназияси2 масаласи ҳам шу тариқа тез кунларда қонунга кириб қолса, ажаб эмас.
Жозеф Овертон тадқиқотида жамият ахлоқига буткул ёт ғоялар ҳам ахлатхоналардан қандай чиқарилиб, ювиб-тозаланиб, сўнгра қонунлаштирилиши жараёнини батафсил кўрсатиб берган.
Овертон фикрига кўра, ҳар қандай ғоя ёки муаммонинг “мумкинот туйнуги” (бошқача айтганда, “чиқар йўли”) бор. Шу Туйнук чегарасида энг тубан ғоя ҳам олдин муҳокама остига олиниши, сўнг очиқ қўллаб-қувватланиши, ундан кейин тарғиб-ташвиқ этилиши, ва ниҳоят, қонунийлаштиришга ҳаракат қилиниши мумкин. Мумкинот туйнугини керакли ўзанга буриб, йўналиш доим “ақлга сиғмас”лик даражасидан (яъни, жамият ахлоқига мутлақо ёт, тўла инкор қилинадиган бир ҳолатдан) “долзарб сиёсат” даражасигача (яъни, аллақачон кенг муҳокама этилаётган, омма онгига бирмунча сингган ва қонунийлашган ҳолатга) йўллаб турилади. Бу нарса ҳаммага маълум “онгларни ювиш” эмас, балки жуда нозик бир технологиядир. Ҳаракатда изчиллик, ҳар томонлама қўллаш, мафкуравий таъсир орқали жамиятга сездирмасдан амалга ошириш усули бу технологиянинг натижасини самарали қилади.
Қуйида биз шу жараёнини кўриб чиқамиз. Кечагина номақбул бўлган нарсани бугун жамият ўзи ҳам сезмаган ҳолда қандай қилиб муҳокама қила бошлади? Кейин уни қандай қилиб ўринли деб ҳисоблаб қолди? Ва ниҳоят, яқинларгача ҳатто хаёлга келтириб бўлмайдиган ишларни ҳимоя остига олган янги қонунга қандай қилиб кўниб қўяқолди?
Қиёс учун ақлга сиғмас ишлардан биронтасини танлаймиз. Масалан, одамхўрлик (каннибаллик) масаласини. Яъни, одамлар бир-бирини ейишга ҳақлими-йўқми, деган мавзуни кўриб чиқамиз.
Албатта, мисол жуда оғир. Одамхўрликни бу кунларда (2014 йилларда) сира очиқ гапириб бўлмайди – жамият дод деб юборади. Нега? Чунки бугун одамхўрликни қонунийлаштириш мумкинот туйнугининг нолинчи босқичида турибди. Бу босқичда турган иш, Овертон назариясига кўра, “Бўлиши мумкин бўлмаган иш” дейилади. Энди шу “бўлиши мумкин бўлмаган иш” мумкинот туйнугининг барча босқичларидан ўтиб, охирида қандай қилиб “бўлиши мумкин иш”га айлангани жараёнини ўрганамиз.
Технология
Яна қайтараман, Овертон тадқиқотида ҳар қандай бузуқ ғояни ҳам тузукка айлантира оладиган технологияни тасвирлаган. Диққат қилинг! У янги ғоя ёки янги мулоҳазасини илгари сурмаган, балки ҳозирда ишлаб турган технологияни тасвирлаган, холос. Яъни, амалга оширилса хоҳланган натижага олиб келувчи ҳаракатлар изчиллигини кўрсатган. Қурол сифатида бу технология кишилик жамиятларини йўқ қилиб юборишда термоядро қуролидан ҳам кучли ва хатарлидир.
Одамнинг гўштини еса бўладими ё бўлмайдими, деган мавзу ҳозирча жирканчли, жамият асло қабул қилмайдиган нолинчи даражададир. Бу мавзуни бугун матбуот кўтариб чиқа олмайди, маънили бирон-бир йиғилишда ўртага қўя олмайсиз. Одамхўрликни бугун тасаввур ҳам этиб бўлмайди, ҳозирча у пуч, тақиқланган ҳодиса. Демак, Овертон туйнугининг биринчи ҳаракати – одамхўрлик мавзусини тасаввур этиб бўлмаслик даражасидан кескинлик даражасига ўтказиш бўлади.
Бизда ахир сўз эркинлиги бор! Нимага энди одамхўрлик масаласини муҳокама қилиб бўлмас экан? Олимлар ҳамма нарса ҳақида ҳамма гапни гапиришга ҳақли эмасми! Илм учун тақиқланган мавзунинг ўзи йўқ. Олимлар ҳамма нарса ва ҳодисани бемалол ўрганишлари керак, ахир!
Шундай экан, масалан этнология3 масаласига бағишланган бирор анжуман чақириб, дейлик, “Полинезия қабилаларининг ғайриодатий маросимлари” мавзусини ўрганайлик. Мавзунинг тарихини муҳокама қилайлик, илмий амалиётга олиб кирайлик ва одамхўрлик ҳақида мутахассис фикр-мулоҳазасига қулоқ солайлик…
Кўрдингизми, демак, одамхўрлик ҳақида ҳам бемалол гаплашса бўларкан. Муҳокама қилинаркан, айни чоқда, қандайдир илмийлик доирасида ҳам қолиш мумкин.
Шундай қилиб, Овертон туйнуги ҳаракатга тушди. Яъни, муносабатлар қайта кўриб чиқила бошлади. Яъни, масалага жамиятнинг муросасиз инкоридан анча илғор муносабатга ўтиш таъминланди, ҳисоб.
Қайдадир “илмий” баҳс-мунозара бошландими, бошқа бир ерда қанақадир “Ашаддий одамхўрлар жамияти” ҳам пайдо бўлиши табиий, албатта. Ва бу “жамият” майлига ҳозирча интернет тармоқларидагина кўринсин. Муҳими – ашаддий одамхўрлар ҳақида гап чиқариб олиш эди, эришилди. Кейинги ишларни “керакли” оммавий ахборот воситаларига қўйиб беринг: улар ўзининг “вазифаси”ни билади – одамхўрлар гапидан иқтибослар келтира бошлайди, у дейди-бу дейди, ишқилиб, уларнинг эгнига инсонийлик тўнини бича бошлайди.
Аввало, одам гўштини еяётганда инглиз олимлари нимани ўйлайдию, қанақадир бошқача тарбия кўрган ашаддий қолоқлар нимани ўйлайди – шулар ҳақидаги ҳикоялар босилади. Сўнг у ёғи ке-етди!
Биринчидан, тақиқ қўрғони бузилди – фикр билдирила бошланди. Иккинчидан эса, “қўрқинчли олабўжилар” образи яратилди. Бу “қўрқинчли олабўжилар” образини аста-секин ижобийлаштириш учун унга ёнма-ён улардан ҳам даҳшатлилари – масалан, “ўзларига ўхшамаганларни оловда ёқишга чақирувчи фашистлар” ҳақида шов-шув қилина бошланади.
Овертон туйнугининг биринчи ҳаракати натижаси: илгари ёпиқ бўлган мавзу муомалага киритилди, тақиқ қўрғони бузилди, масала ҳақидаги эскича қарашга путур етказилди – бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш сўқмоғи очилди!
Нимага энди бундай бўлмасин?
Кейинги қадам – Туйнук яна илгарилайди ва одамхўрлик мавзуси кескинлик токчасидан олиниб эҳтимоллик токчасига қўйилади. Бу босқичда “мутахассис олимлар” фикридан иқтибослар келтиришда давом этилади. Ахир, билимдан юз ўгириб бўладими! Майли, у одамхўрлик ҳақида бўлса ҳам! Ким бу масалани муҳокама қилишдан бош тортса, унга мунофиқ ва иккиюзламачи деган тавқи лаънат осилади.
Иккиюзламачиликни қоралаш асносида одамхўрликка қанақадир сипороқ бир ном қўйиш керак бўлади, албатта. Ҳар қанақа фашист-машист кимса ўзидан бошқача фикрловчиларга қанақадир ёрлиқлар ёпиштиришга журъат қилмаслиги учун ҳам шундай қилиш керак.
Диққат! Ном қўйиш жуда муҳим иш! Илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган ғояни очиқликка чиқариш учун унинг асл номини ўзгартириш керак бўлади. “Одамхўрлик” атамаси улоқтирилади. Энди бу ҳодиса, масалан, “антропофагия” деб аталади. Лекин тез орада бу атама ҳам ҳақоратли туюлиб, ўзгартирилади.
Янги ном тўқиб чиқаришдан мақсад масаланинг моҳиятини асл ўзанидан буриб юбориш, сўз шаклини унинг маъносидан ажратиш, мафкуравий рақибларни миқ эта олмайдиган қилиб қўйишдир. Шундай қилиб, худди жиноятчи асл башарасини яшириш учун фамилияси ва паспортини алмаштириб олганидек, “одамхўрлик” ҳам олдинига “антропофагия”га, ундан кейин “антропофилия”га айланади. Ном алмаштириш ўйини ўйналаркан, айни чоқда, кейинчалик унга суяниш учун бир намуна яратилади. Тарихийми, афсонавийми, долзарб ёки тўқимами – фарқи йўқ, ишқилиб бор бўлса бўлди. Бу намуна нимага керак? Асос эътиборда антропофилияни қонунийлаштириш мумкинлигини “исботлаш” учун керак. Агар ўтмишда бу ҳодисага намуна бўлмаса, “топилади” ё тўқиб чиқарилади. Масалан:
“Ташналикдан ўлаётган болаларига ўзининг қонини ичирган қаҳрамон она ҳақидаги афсонани эслайсизми?”
“Ҳаммани бир бошдан еган қадимги юнон “худо”лари тарихини-чи? Ахир, римликларда бу одат оддий ҳол бўлган…”
“Ўзимизга анча яқин насронийларда-ку антропофилия ҳодисаси яшириб ҳам ўтирилмайди! Улар ҳалигача ўзларининг “худолари”нинг қонини ичадилар, танасини ейдилар4. Сиз насронийлар черковини бу ишда айблай олмайсиз-ку, тўғрими?! Ким бўпсизки, танқид қиласиз, жин урсин!”
Бу каби шов-шув кўтаришдан кўзланган асосий мақсад – одам гўштини ейишни жиноий жавобгарлик хавфидан ҳеч йўқ жиндайгина асраб қолишдир. Лоақал бир мартагина. Ҳеч бўлмаса, қисқа муддат оралиғида.
Шундай қилиш ҳам керак
Масалани қонунийлаштириш йўлида битта қадам қўйиб олинганидан кейин энди Овертон туйнугини “эҳтимоллик” (“бўлиши мумкин”лик) доирасидан “ақлга тўғри келиш” доирасига қараб буриш имконияти пайдо бўлади. Буниси энди учинчи босқичдир. Шу билан ягона муаммони бўлакларга бўлиб олиш жараёни тугалланади. Энди янгича оҳанглар янграй бошлайди:
“Одамни ейиш истаги одамзотнинг фитратига жойланган…”
“Баъзан одамни еб турмаса бўлмайди, вазиятнинг ўзи шуни тақозо қилади…”
“Ўз гўштини еб ташлашларини хоҳлайдиган одамлар бор…”
“Антропофилларни бу ишга гиж-гижлашди!”
“Тақиқланган мева иштаҳани қўзғайди…”
“Эркин одам нимани ейишни ўзи ҳал қилишга ҳақли!”
“Нимага бу ҳақда индамаслик керак? Ким антропофил, ким антрофоб эканини одамлар билсин!”
“Ўзи антропофилиянинг нима зарари бор? Исбот қилиб қўйилибдими?!”
Ва ҳоказо…
Шу тариқа жамият онгида сунъий равишда масала талашиладиган “жанг майдони” пайдо қилинади. Жабҳанинг икки томонига махсус пайдо қилинган икки “олабўжи” рақиб: бир томонга одам гўштини еса бўлади, дейдиган ашаддий тарафдорлар, қарши томонга бу ишнинг ашаддий қаршилари ерлаштирилади.
Чинакам қаршиларни, яъни, одамхўрликни оқлашга бўлган уринишларга бир чеккада томошабин бўлиб тура олмайдиган сиз билан бизга ўхшаган оддий одамларни бошқа “олабўжилар”га қўшиб, “ёмон кўришда ашаддийлар” қаторига киритиб қўйишади.
Юракларга ваҳима соладиган “олабўжи” образи нимага керак? Антропофилияни жон жаҳди билан, “фашистларча” ёмон кўрадиган, одамхўрларни, жуҳудларни, коммунистларни ва занжиларни тириклай ёқиб юборишга чақирадиган телба образини зўр бериб пайдо қилиш учун керак! Бунда оммавий ахборот воситалари одамхўрликни қонунийлаштиришга ҳақиқий қарши бўлганларнинг фикрини яқинлаштирмаган ҳолда бу ифлосликнинг тарафдорларига саҳифаларидан катта-катта ўрин ажратади. Натижада “антропофил” деб аталувчилар жанг майдонининг икки томонидаги икки “олабўжи” душман ўртасида қолган бечоралардек, жабрланган қиёфа олишади ва “соғлом фикр ва одамийлик” оҳангларида фикрлаб, “турли-туман қаланғи-қасанғи фашистлар”ни қоралай бошлашади.
Бу босқичда “мутахассис олимлар” ва журналистлар инсоният ўз тарихи давомида вақти-вақти билан бир-бирини еб турганини ва бу нарса одатдаги ҳол бўлганини зўр бериб “исботлаб” беришади.
Энди антропофилия мавзусини “мунозара” босқичидан “оммалашиш-машҳурлик” босқичига ўтказса бўлади. Овертон туйнуги ҳаракатда давом этади.
Яхши маънода…
Бу босқичда одамхўрлик мавзусини оммалаштириш учун уни тарихийми, афсонавийми, иложи бўлса, биронта замонавийми машҳур шахс номига боғлаб, шов-шув кўтарилади. Антропофилия мавзуси ёппасига янгиликлар ва токшоуларга кириб боради. Энди одамларни киноларда, қўшиқ матнлари ва видеоклипларда ея бошлашади.
Оммалаштириш усулларидан бири “Теварагингизга боқинг!” деб номланади. Теварагингизга боқинг:
“Ие, анов машҳур бастакор… ва фалончилар антропофил бўлганини эшитмаганмидингиз?”
“Донғи чиққан бир полониялик сценарийчи умр бўйи одам еб юрган, натижада доим қувғинда яшашига тўғри келган…”
“Яна қанчадан-қанчаси жиннихоналарда ётиб чиққан! Неча миллион антропофил сургун қилинган, фуқароликдан ўчирилган!.. Айтганча, Гугу Хонимнинг “Eat me, baby” деган янги клипи ҳақида нима дейсиз?..”
Ишланаётган мавзу бу босқичда ТОПга олиб чиқилади ва энди у ўзи оммавий ахборот воситаларида, шоубизнесларда ва сиёсатда мустақил равишда яшай бошлайди.
Яна бир самарали усул: масаланинг моҳияти ахборот ташувчилар – журналистлар, телекўрсатувларнинг бошловчилари, жамоат ташкилотлари вакиллари ва бошқалар орасида чайқалтирилаверади-чайқалтирилаверади. Аммо чинакам мутахассислар баҳсга асло яқинлаштирилмайди. Сўнгра, ҳамма зериккан ва масала муҳокамаси бошиберк кўчага кириб қолган бир пайтда махсус танланган бир “мутахассис” ўртага чиқади-да: “Жаноблар, аслида бу нарса тамоман бошқачадир. Ундай эмас, бундай. Ундай қилиш керак, бундай қилиш керак!” дейди ва “Овертон туйнуги” ҳаракати билан бошланган жараёнга аниқ бир йўналиш бериб юборади.
Одамхўрликни қонунийлаштириш тарафдорларини оқлаш учун уларнинг жиноятга алоқаси бўлмаган жиҳатлари орқали ижобий образларини юзага чиқариб, “улар ҳам инсон” эканига урғу берилади.
“Булар ахир ижодкор кишилар. Ҳа, энди, хотинини еб қўйибди… нима қипти? Шунга ота гўри – қозихонами?”
“Улар ўз қурбонларини чин юракдан яхши кўришади. Ебдими, демак, яхши кўради!”
“Антропофилларнинг ақлий кўрсаткичлари жуда кучли, бошқа масалаларда одоб-ахлоққа қатъий риоя этишади…”
“Антропофилларнинг ўзини қурбон деса бўлади, уларни ҳаёт шунақа қилиб қўйган…”
“Уларни шунақа тарбия қилишган…”
Ва ҳоказо.
Бу хил олиб қочишларни машҳур токшоуларнинг шўрвасига маза киритадиган тузга ўхшатса бўлади: “Биз ҳозир сизларга фожиали севги тарихини ҳикоя қилиб берамиз. Йигит қизни емоқчи бўлди! Қиз эса, ўзини севимли кишисига егиздиргиси келди, бор-йўғи шу! Биз ким бўлибмиз, уларни қоралаймиз?! Балки уларнинг бу иши айни севгидир, муҳаббатдир! Севгининг йўлини тўсиб чиқишга кимнинг ҳаққи бор?!”
Бу ерда биз ҳукм ўқиймиз!
Мавзу роса қиздирилиб, “машҳурлик” даражасидан “долзарб сиёсат” даражасига олиб чиқиш мумкин бўлган ҳолга етгач,Овертон туйнуги ҳаракатининг бешинчи босқичига ўтилади. Энди қонуний асосни тайёрлаш бошланади. Ҳокимият тепасидаги бу мавзуни кўтариб чиқишга ёлланган гуруҳлар бир-бирлари билан топишади ва соядан очиқликка чиқишади. Аҳоли фикрини ўрганиш бўйича сўровномалар тарқатилади, натижалари эълон қилинади ва бу натижаларга кўра, гўё одамхўрлик қонунан тан олинишини ёқловчилар фоиз миқдорида кўпчиликни ташкил этган бўлиб чиқади. Сиёсатчилар мавзуни қонунан ҳимоя остига олиш тўғрисида у ер-бу ерда гапириб, жамиятнинг муносабатини синаб кўра бошлашади. Жамият онгига янги – “одамни ейишни тақиқлаш тақиқланади” деган ақида сингдириб борилади.
Бағрикенглик – тақиқни тақиқлаш, ҳаромни ҳалоллаш, жамиятни ичдан емирадиган камчиликларнинг олдини олишни ва тузатишни тақиқлаш – либерализмнинг жамиятлар оғзига зўрлаб тиқиштираётган хос таомлари мана шулардир.
Мавзуни “машҳурлик” даражасидан “долзарб сиёсат” даражасига ўтказиш чоғида, яъни, Туйнук ҳаракатининг охирги босқичида жамият ниҳоят синади. Жамиятнинг энг тирик, энг фаол қисми бу ақл олмас ишларнинг қонунийлаштирилишига сўнгги томчи қони қолгунича, яна бир оз қаршилик қилиб туради, лекин тобора ҳолсизланиб, охирида барибир синади. У энди ўзининг мағлубиятига кўнади.
Қонунлар қабул қилинади, одамзод ахлоқининг ўлчовлари ўзгартирилади (бузилади). Сўнгра бу ифлос мавзу акс-садолари мактабу болалар боғчаларигача етиб боради. Шундай қилиб, кейинги авлод рисоладагидек яшаб қолиш ҳуқуқини бой берган ҳолда ўсади.
«Бесоқолбоз»ларнинг очиқликка чиқиши, қонун ҳимояси остига олиниши худди мана шу тариқа амалга ошган эди (энди улар ўзларини “гей” деб аташларини талаб қилишмоқда)!
Эндиликда Оврупа кўзларимиз ўнгида болалар эвтаназиясини – тузалмас болаларни ўлдириб юбориш ҳодисасини ҳам қонунийлаштириш арафасида турибди.
1 Жозеф Овертон (1960 – 2003), Mackinac Center ижтимоий сиёсат марказининг катта вице-президенти. Авиаҳалокат чоғи ўлган. Ҳар қандай муаммонинг ижтимоий онгдаги суратини мафкуравий таъсир ёрдамида ўзгартириш мумкинлигини исботлаган. Ўлимидан кейин унинг модели “Овертон туйнуги” (“Окно Овертона”) деб ном олди.
2 Узоқ вақт даволанаётган, аммо соғайиб кетишига умид қолмаган болани ота-онаси рухсати билан сунъий равишда ўлдириш ҳодисаси.
3 Халқларнинг келиб чиқишини ўрганадиган фан.
4 Насронийлар винони Ҳазрати Исонинг (алайҳиссалом) қонлари деб, нонни таналари деб эътиқод қилади ва винога нон ботириб ейди.