Турк давлатлари-2


  • 4 Март, 2015
  • 2185

Аварлар аввал Шарқий Осиёда кейинчалик маркази Венгрияда бўлган давлат қуришди. Славянлар ва Европа қавмлари аварлардан кўп нарса ўрганишди. (Давлат бошқаруви, ҳарбий идора, шаҳарлаштириш) От учун ишлатиладиган «узанги»ни Европа аварлардан ўрганган. IX-асрнинг бошида франклар авар давлатини қулатишди. Аварлар христиан аҳоли ичида сингиб, христиан бўлишди.

Булғорлар: Улар ҳам асли туркдир. Булғор дегани бир-бирига қовушиш, аралашиш деганидир. «Буламоқ» феълидан келиб чиққан. Хун давлати йиқилгач, бир қисм Хун турклари жанубий Россия водийларига келиб, бу ердаги “Онаюр” турклари билан аралашиб кетишди. Илк Булғор давлати Россия жанубий водийлари ва Кавказда қурилди.  

Бошқа бир турк давлати бўлган Ҳазарлар тарафидан қулатилди. Ҳазарларнинг ҳокимиятига рози бўлмаган булғорларнинг бир қисми Волга бўйларига жойлашди. Мўғил истилосигача улар шу ерда яшади. Х-аср бошида мусулмон бўлишди. XIII-асргача тинч ва осуда ҳаёт кечиришди. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, илк ислом давлати “Волга Итил булғор давлати”дир. Ҳатто қадимда жума хутбаларида “Аллоҳим булғор илтабарини тўғри йўлга сол” дейиларди. Бошқирд туркларининг христиан бўлишининг олдини Идил (Волга) булғорлари олишди.

Мўғил истилосидан кейин Қозон минтақасига жойлашдилар. Ҳазарларнинг ҳужуми вақтида баъзи булғорлар Болқонга кўчиб кетишди. Бу ердаги славян қавмлари орасига сингиб, ўзликларини йўқотишди. Бугунги Қозон туркларининг, яъни татарларнинг боболари Итил (Волга) булғорларидир. Х-асрнинг бошида Итил булғорлари ва Аббосийлар орасида сиёсий алоқа ўрнатилди.

Итил булғорлари илтабари (ҳукмдори) ҳузурига Бағдоддан Аббосий халифаси дин одами ва ҳарбий мутахассислардан ташкил топган ҳайъат юборди. 922 йили улар тўп-якун мусулмонликни қабул қилишган.

Ҳазарлар: Ҳазар ҳоқонлиги VII-юз йилликда Сабор турклари тарафидан қурилди. Шарқий Европада энг узоқ вақт ҳукм сурган ва энг кучли турк давлати эди. Ҳазарлар 300 йил Кавказ билан Венгрия орасида кучли давлат сифатида ҳукм суришди. Тижорат билан шуғулландилар. Бой-бадавлат ҳаёт кечиришди. Касб-ҳунарга эътибор қаратишган эди. Ҳукмдор мусавий динида, аҳоли эса мусулмон ва христианлардан ташкил топган эди. Каспий (Ҳазар) денгизи номини хазарлардан олган. Печенеклар Итил-Хоразм тижорат йўлини босиб олгач, ҳазар давлати кучини йўқотди. Печенеклар ва уларга қарашли рус князликларининг давомли ҳужумларига учраб турди. Тарқаб кетган ҳазар жамоатлари шарқдан келган турк аҳоли ичига сингиб кетишди.

Туркларнинг хусусиятлари: турклар жаҳон тарихида ҳеч бир вақт давлатсиз қолишмаган. Турк жамиятининг асоси оилага асосланади. Оилалар «уруғ» дейиладиган сулолаларни, сулолалар эса «қабилаларни», қабилаларнинг сиёсий иттифоқ қуришлари эса “миллат”ни, миллатнинг ягона марказдан бошқарилиши «Давлат»ни юзага келтиради. Давлат бошидагиларга «Хон, Ҳоқон, Йабғу ёки Илтабар» дейилади. Давлат бошқаруви «билга» деб номланувчи донишмандларнинг ўгит ва тавсиялари бўйича идора қилинарди. Ушбу ҳайъат давлат раисини ҳам очиқча танқид қила оларди. 


Бошқа мақолалар