- 2014-01-31
Ўзбекистон тарихий Туркистоннинг меросхўри ҳисобланади. Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини тадқиқ қилган ҳар бир тарихчи большевикларнинг арман дашноқлари қўли билан Фарғона водийсида амалга оширган этник тозалаш фактига дуч келади.
1918 йили арман дашноқларининг Фарғона водийсидаги тинч аҳолининг ваҳшийларча ўлдириши Туркистон маҳаллий аҳолисининг норозилигига ва советларга қарши 1917 йилдан 1944 йилгача давом этган қўзғалонларга сабаб бўлди. Бу муддатда 5 миллион 600 мингдан ортиқ бегуноҳ инсон нобуд бўлди.
Ўзбекистон республикаси ўзининг илк мустақиллик йилларида Арманистон тарафидан Озарбайжон республикасига нисбатан тажовузини тан олганлиги бутун дунё жамоатчилигига маълум. Кўплаб сиёсатчилар расмий Ўзбекистоннинг Арманистон тарафидан Озарбайжонга қарши тажовузини муҳокама қилишда арман дашноқларининг ўн минглаб Туркистон тинч аҳолисини ўлдиришидек тарихий фактдан жуда яхши хабардор бўлган деб ҳисоблашади.
Ҳозирги кунгача Арманистон ва Ўзбекистон республикаси орасида давлат даражасидаги ўзаро алоқалар йўлга қўйилмаган. Арманистон ҳудудида Ўзбекистон республикасининг элчихона ва консулликлари мавжуд эмас. Ўзбекистонда ҳам Арманистон элчихоналари йўқ. Ўзбекистон ва Арманистон орасида товар алмашиниш 0га тенг.
Кўплаб кучли давлатлар манфаатига хизмат қиладиган ташкилотлар тарихий фактлардан кўз юмиб, сиёсатлари учун қулай бўлган вариантни танлашмоқда.
1878 йилгача Россия империяси Усмоний давлатининг Кавказ ва Туркистондаги таъсиридан хавфсираб, арманлардан фойдалана бошлади. Бундан мақсад Усмоний давлатини Россиянинг мустамлакаларидан сиқиб чиқариш эди. Кейинчалик Буюк Британия, Франция ва Германиянинг манфаатлари ҳам Россияникига мос келиб, арман масаласини дунё сиёсати даражасига олиб чиқишди.
1878 йилгача арман масаласи деган муаммо умуман йўқ эди. Усмоний давлатида ҳам ҳеч қандай арман муаммоси ва арман ташкилотлари бўлмаган. Чунки Усмоний давлатида арманлар парламентда ҳам, ҳукуматда ҳам тамсил қилинарди.
Европа давлатларининг аралашуви билан арманлар алоҳида ташкилотларга тўплана бошлашди. Дунё державаларининг бундан ягона мақсади Усмоний империясини парчалаш эди. Ҳолбуки улар арман давлати қуришни ўйлаб ҳам кўришмаган эди. Бу борада 1878 йили Отто фон Бисмаркнинг Берлин конгрессидаги нутқи диққатга сазовор: “Арман давлатчилиги немис аскарининг бир томчи қонига ҳам арзимайди.”
Европа давлатлари манфаати учун Усмоний империясини парчалашда арман қўмиталарининг маркази айнан арман черкови бўлди. 1878 йили Швейцарияда “Гинчаг” номли арман миллатчи ташкилоти қурилди. Усмоний империясини парчалашда Россиянинг манфаати учун 1890 йили Кавказда “Дашноқцутюн” номли арман миллатчи ташкилоти қурилди. Улар ушбу ташкилотлар орқали Усмоний империяси ичида исён чиқаришга киришишди.
Биринчи жаҳон уруши арафасида арман черковининг ташаббуси билан “Гинчаг” ва “Дашноқцутюн” ташкилотлари конгресс ўтказиб, Усмоний империясига қарши аниқ чоралар қабул қилишди.
Конгресснинг биринчи қарори Усмоний қўшини сафидаги арманлар ҳеч қандай шароитда қуролларини топширмаслиги керак ва Россия армияси етиб келганда Усмоний аскарларига қарши жанг қилиши керак эди.
Иккинчи қарори эса Усмоний аскарларининг қишлоқларда қолган оилаларига босқинлар уюштириш эди.
Учинчи ва асосий қарорлари қандай йўл билан бўлмасин, Усмоний давлатини мағлубиятга учратиш эди.
Усмоний давлатининг генераллари Рашид бошо, ҳарбий вазир Анвар бошо, ички ишлари вазири Талъат бошо бу режалардан хабардор эди.
1914 йил декабрь ойидан 1915 йил январь ойининг охиригача давом этган Турк-Рус “Сариқамиш” жангида арманларнинг хиёнати очиқчасига маълум бўлди. Бу воқеадан кейин Усмоний ҳукумати арманларни чегара ҳудудлардан бошқа жойга кўчиришга мажбур бўлди. Чунки арманлар ташқи кучлар ёрдамида давлат ичида тинмай террор ва қўпорувчилик ишларини олиб бораётган эди.
1915 йили 24 апрелда Усмоний империяси “Гинчаг” ва “Дашноқцутюн” арман ташкилотларининг фаолларини ҳибсга олишга қарор қилди. 1915 йил 27 майда арманларни чегара ҳудудлардан ичкарироқ вилоятларга кўчириш бошланди. Усмоний султонининг фармонига кўра, арманларга ўзлари билан барча кўчар мулкларини олиб кетиш ҳуқуқи берилди. Бу учун етарли даражада аравалар ажратилди. Уларга кўчмас мулкларининг нархлари белгиланиб, баҳоси тўланди.
Бундан ташқари, агарда келажакда кўчирилган арманлар қайтишни истасалар, уларга кўчмас мулклари қайтариб берилиши қарорлаштирилди. Агарда аскарлардан биронтаси арманларга зарар етказадиган бўлса, ҳарбий трибунал олдида жавобга тортилиши қатъий равишда белгилаб қўйилганди.
1915 йили Усмоний империяси арманларни кўчириш учун 25 миллион турк лираси, 1916 йили 86 миллион сарфлади. Ўша вақтда фронтда турк аскарларига озиқ етишмаётган эди. Европалик муаллифларнинг ёзишича, немис журналистлари ўша вақтда арманлар кўчирилган Сурияга боришган. Усмоний аскарлари оч қолаётган бир вақтда турк ҳукумати арманларга барча нарсани таъминлаб бераётганининг гувоҳи бўлишган.
1920 йили қандайдир Андонян деган арман эмигранти, гўёки Усмоний империясининг ҳукумат ишларида ишлаган собиқ амалдор, Парижда инглиз ва француз тилларида “Андоняннинг ҳужжатлар тўплами” деган китобини нашр этди. Кўп тадқиқотчилар ушбу китобдаги ҳужжатларнинг сохта эканлигини ва ҳаётда яшамаган одам тарафидан нашр этилганлигини таъкидлашган. Ўша йиллардаги тарихий ва сиёсий ҳолатларни таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу сохта ҳужжатлар қандай мақсадда чоп этилганлигини билиб олишимиз мумкин:
Ўша вақтда Усмоний империяси капитуляция қилиб, Буюк Британия, Франция, Италия, Руминия ва Греция унинг ҳудудларини бўлиб олмоқда эди. Усмоний империясининг душмани бўлган ғарб давлатлари арманларнинг оммавий қирғини ҳақидаги уйдирмани ўйлаб топишди. Бу Усмоний давлатига босим ўтказиш ўйлаб топилган нарса эди.
“Геноцид” атамасини бу воқеларга нисбатан ишлатиш тўғри эмас. Чунки бу атама илк бор 1943 йил қўлланишга киритилди. Халқаро ҳуқуқий статусга эса 1948 йил, иккинчи жаҳон урушидан кейин, киритилди.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Россия империясининг Ўрта Осиёга босқини жараёнида, арман жамоатлари пайдо бўла бошлади... [1]
Арманларнинг асосий қисми Туркистоннинг фарқли шаҳарларига йўл олди ва у ерларда ўрнашиб қолди. Эски шаҳарлардан Самарқанд, Қўқон, Андижон ва янги шаҳарлардан Ашхобод, Фарғонанинг ҳар бирида арман маҳаллалари бор эди [2].
Рус манбаларининг хабарига кўра, арманлар биринчи бор Туркистонда Россия армияларидан кейин пайдо бўлган. “Кауфман тўплами”да 1910 йили рус армиясининг генерал-майори Б.Литвинов “Туркистонга Россия армияси киргандан кейин уларнинг ортидан арманлар етиб келишди. Улар барча савдо тармоқларини эгаллаб олишди” деб ёзган.
“1913 йилга келиб Фарғона водийсида арман аҳолиси кўпайиб кетди. Арман-григориан мактаблари очилди. Шаҳарларда арманларнинг ресторанлари, дўконлари очилди. Кўплаб арманлар давлат ва ҳарбий лавозимларда ишларди.” [3].
1917 йилга келиб, Туркистондаги арманлар сони Россия империяси соясида сезиларли даражада ортди [4].
1918 йил январда Туркистон совет ҳукуматини тан олмагани учун Туркистон озодлик тарафдорларини йўқ қилиш учун Москвадан Тошкентга 11 эшелон аскар ва артиллерия келди. Аскарларнинг кўпчилиги дашноқлар эди.
1918 йил бошида арманлар Қўқон советининг раиси Сааков бошчилигида пулемёт ва артиллерия билан қуролланиб, Бачқир қишлоғига келишди. Бу Туркистондаги Миллий озодлик ҳаракатининг биринчи лидери Эргаш Қўрбошининг она қишлоғи эди. У ерда Эргаш қўрбошини тутиб, ўтда ёқишди. Отряд сафар вақтида бегуноҳ, қуролсиз деҳқонларни ўлдирди, аёл ва қизларни зўрлади, уй жиҳозларини тунашди.
Россиядаги октябрь тўнтариши ва Андижонда ўрнатилган революция диктатурасида 1919 йилгача дашноқлар бошчи бўлишди. Улар маҳаллий аҳолининг озиқ-овқати ва мулкларини талон-тарож қилишди [5].
Совет босқини даврида “Дашноқцутюн” миллатчи ташкилотидан фойдаланиш арманлар билан маҳаллий халқ орасида низолар келиб чиқишига сабаб бўлди. Шароб сотувчи, сартарош, қассоб ва шу каби соҳаларда ишлайдиган арманлар бирданига революционерга айланиб қолишганди.
1918-1919 йилларда Фарғона водийсида дашноқ арманлари томонидан водийнинг барча шаҳарлари ва 180та қишлоқ талон-тарож қилинди ва вайронага айлантирилди. Қўқон шаҳрида уч кунда 10 минг, Марғилонда 7 минг, Андижонда 6 минг, Наманганда 2 минг, Бозорқўрғон ва Қўқон орасидаги жойда 4,5 минг тинч аҳоли қириб ташланди.
1918 йили 13 февралда Қўқон ва атрофидаги қишлоқларда тинч аҳолига қарши қирғин уюштирилди. Дашноқ арманлари йўлида дуч келган мусулмонни ўлдириб, уйларини ва дўконларини таладилар. Маҳалла ва қишлоқларга ўт қўйилди, тортиб олинган нарсалар эса вокзалга келтирилди. Қўқон мухториятининг асосий ҳимоячиси бўлган ўзбекларгина эмас, балки форслар, яҳудийлар ва ҳатто Туркистон мухторияти тарафдори бўлган руслар ҳам ёш-қари демай ўлдирилди. Ўлдириш ташаббуси дашноқлардан чиқди. Кейинчалик Қўқон арман жамоатининг вакиллари ўзларини оқлаш учун мусулмонларнинг жиҳод эълон қилиши бунга туртки бўлганини айтишди [6].
Дашноқ қўмитачиларининг асосий кучи Қўқондаги тинч аҳолини ўлдириб, шаҳарни ўртади. Дашноқларнинг бошқа отряди эса, Сузоқ қишлоғига босиб кириб, у ердаги барчани қиличдан ўтказди. Қизил армиянинг учинчи ортяди эса, Бозорқўрғон ёнида миллий озодлик ҳаракати ҳимоячилари билан тўқнашиб, ортга чекинишга мажбур бўлди. 20 кун давомида бу минтақадаги барча қишлоқларга ҳужум қилиниб, эркак мусулмонларнинг барчаси ёш-қари демай ўлдирилди. Тирик қолганлар ўлганларни дафн қилишди, лекин дашноқлар қайта келиб уларни ҳам ўлдиришди, ҳатто жаноза ўқиётганларни ҳам ўққа тутишди [7].
1918 йил Россиянинг кўплаб газеталарида РСФСР халқ комиссари И.В.Джугашвили-Сатлиннинг имзоси билан қарор чоп этилди. Қарорда “Арман революционер ташкилотлари мустақил арман-ихтиёрий отрядларини ташкил қилиш ҳуқуқига эга” дейилганди [9].
Қўқон шаҳрининг барча асосий фуқаролик ва ҳарбий лавозимларини арманлар эгаллашди. Арманлар миллатдошларига қурол-яроқ таратиб, ўзбошимчаликни авжига чиқаришди. Улар ўзларини революциянинг “олий тоифаси” деб билишарди. Андижонда ҳам 1918 йилдан 1919 йилнинг ўрталаригача бошқарув дашноқларнинг қўлида эди. Арманлардан ташкил топган отрядлар билан “босмачиларга қарши курашиш” баҳонасида мусулмон қишлоқларига ҳужум қилишиб, мол-мулкларни талашди [10].
1918 йил апрель ойида халқ кўнгилли аскарлари Наманган шаҳрини қуршаб олди. Бу шаҳарни таркибида 2 та дашноқ отряди бўлган қизил армия гарнизони ҳимоя қиларди [11].
1918 йил июнь ойида Ўш шаҳрига ҳужум қилишди. Шу йилнинг декабрь ойида эса Жалолободга киришди. 1918 йили Хонул-Обор қишлоғидаги барча аёл-қизларни ўғирлаб, Андижонга ўлжа сифатида келтиришди [12].
1918 йилда ўтказилган Туркистон компартиясининг биринчи съездида дашноқларга ўлкадаги революцияда иштироки учун расмий ташаккурнома билдирилди. Дашноқцутюн бунга жавобан совет ҳукуматига ёрдамга келишга тайёрлигини билдирди. “Қийин вақтларда биз сизга ишонамиз, сизлар эса бизга ишонинглар...” [13].
Туркистон компартиясининг съезди билан бирга Дашноқцутюн съезди ҳам бўлиб ўтди. У ерда арманларга совет ҳукумати тарафида бўлиш таъкидланди. Фақат шундагина Туркистонда арман диаспорасини ҳимоя қилиш ва Арманистонни душманлардан сақлаш мумкинлиги таъкидланди. Бу ерда душманлар деб мусулмонлар назарда тутилган эди[14].
Бундан ташқари Дашноқцутюн Кавказдаги жангларда ҳам қизил армия сафида хизмат қилишга тайёр эди [15].
Қизил армия сафида дашноқлардан ташкил топган ҳарбий қисмларни қуришни таклиф қилган Осипов 1919 йил совет ҳукуматининг душманлари тарафига ўтиб кетди. Тошкент шаҳрида совет ҳукуматини ағдармоқчи бўлди. Бу уриниш натижасида Туркистон совет ҳукуматининг юқори лавозимли 14 нафар раҳбари ўлдирилди.
Апрель ойида Туркистон компартиясининг мусулмон бюроси совет ҳукуматининг Дашноқцутюн билан ҳамкорлигини қоралади. Фарғона водийсидаги зўровонликни тўхтатишни ва Қизил армия сафларини арман фитначиларидан тозалашни талаб қилди [16].
Зулмдан зулм ва қасос туғилди. Туркистон миллий озодлик ҳаракати қўмондонлари Фарғона водийсининг мусулмон аҳолисини Усмоний туркларидан ўрнак олишга чақиришди.
Миллий озодлик ҳаракати вакиллари ўз даъватларини исботлаш мақсадида Мадаминбек қўрбоши бошчилигида Наманган гарнизонидаги қизил аскарларни асир олишди. Уларнинг орасида совет ҳукуматига хизмат қилаётган бир нечта рус, 49 нафар арман, 13 нафар мусулмон бор эди. Барча арман ва мусулмонларни шу жойнинг ўзида қатл этишди, русларни эса қуролсизлантириб қўйиб юборишди.
1918 йил ноябрь ойида Мадаминбек ва Холхўжа қўрбошилар ҳазрати Айюб пайғамбар қабрини зиёрат қилиб қайтишда Жалолобод банкини ўмаришди. Шу ерда совет ҳукуматининг 13 нафар ходимини ўлдиришди. Улардан 11 нафари арман эди. Бу дашноқларнинг Сузоқ қишлоғи қирғинига жавоб эди. 1918 йилда Андижондан Туркистон совнаркомига юборилган махфий хабарда Дашноқцутюн мусулмон аҳоли билан совет ҳукумати орасида низо чиқаришда айбдор эканлиги, шаҳардаги “миллий” сиёсатга масъул бўлган арман раҳбар шароб ишлаб чиқарувчи ширкат, кинотеатр ва бир нечта уйга эга бойвачча эканлиги билдирилганди [17].
Дашноқлар тарафидан қишлоқ ва уйларига ўт қўйилган кўплаб водий аҳолиси Туркистон миллий озодлик ҳаракатига қўшилиб кетди. Совет ҳукумати вакиллари уларни ноҳақ “босмачи” деб атаганди. 1919 йил февраль ойида Андижондаги гарнизонга миллий озодлик ҳаракатининг ҳужумидан кейин буни эски шаҳарнинг мусулмон аҳолисидан кўришди. Ҳафта давомида мусулмон аҳоли уйларида тинтув ниқоби остида қотилликлар, зўрлашлар ва ўғриликлар давом этди. Эски шаҳардан ёш қизларни Андижон гарнизонига араваларда олиб кетишди. Улар ўзларининг шафқатсизлигини оқлаш учун “агар улар бутун Фарғона мусулмонларини ўлдиришса ҳам 1915 йил Усмоний империясида мусулмонлар ўлдирган арманлар сонига етмаслигини” рўкач қилишди [18].
Россия компартиясининг марказий комитети, Туркистондаги рус коммунистларининг “мустамлакачилик ҳаракати” ва мусулмон аҳолини жабрлаганини қоралаб чиқди. Шунга қарамай рус коммунистлари билан дашноқларнинг ҳамкорлиги давом этди. Лекин вазият Дашноқцутюн зарарига ўзгарди. 1919 йил март ойида Туркистон советларининг навбатдан ташқари йиғилишида мусулмон вакиллар “Дашноқцутюн отрядларини қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш ҳамда қизил гвардияни жиноий унсурлардан тозалаш” ифодаси ўрин олган резолюцияни таклиф қилишди [19].
Дашноқцутюнни қуролсизлантириш учун Турар Рисқулов Туркистондаги дашноқларнинг асосий кучи жойлашган Андижонга етиб келди. У Фарғона комиссиясининг аъзоси бўлганликдан катта ваколатларга эга эди. У Андижондан Тошкентга дашноқларнинг мусулмонларга қилган зулмлари ҳақида фактларни юборди. Яъни қуролсизлантириш бўйича операция аввалдан ўйлаб тайёрланган режа асосида амалга оширилмоқда эди. Маълум бўлишича, арманлар қисқа муддат ичида совет ҳукуматидан 800 та милтиқ олишган. Бундан ташқари, арманларда одам бошига 5 та қурол, тўппонча, ўқ-дори ва ҳатто гранаталар қолган.
Туркистон коммунистларининг мусулмон бюроси йиғилишида арманларнинг Туркистондаги фаолияти муҳокама қилингандан кейин дашноқларга дарҳол қуролсизланиш учун расмий буйруқ берилди. Комиссия Туркистон марказий ижро қўмитаси Фарғонанинг арман жамоатига қуролларини топширишни, қизил армия қисмларига эса, сафларидаги арман аскарларни бўшатишга буйруқ берди [20].
Туркистон совет ҳукумати Россия компартияси марказий комитети ва мусулмон коммунистлар босими остида дашноқ отрядларини қуролсизлантиришга киришди. Лекин дастлабки вақтларда дашноқлар қуролларини топширишдан бош тортишди. Баъзилари Туркистонга кетишга тайёр эди.
Туркистон марказий ижроий қўмитаси назоратида дашноқларни қуролсизлантириш арман жамоатидаги мавжуд қуроллар борасидаги ишончли маълумотлар асосида олиб борилди. Комиссия ташкилот тарафдорларини ва уйларини тинтув қилиш учун қизил армия қисмларини жалб қилди. Буйруқни бажаришдан бош тортган ва қаршилик кўрсатган Дашноқцутюн аъзолари ҳарбий судга топширилди ва отиб ташланди. Ўз миллатдошларига қурол бермаслиги учун комиссия тарафидан Туркистон қизил армияси сафидаги арман аскарларни ҳайдаб юборишга буйруқ берилди. Мусулмон бюросининг биринчи съездида Андижон, Қўқон ва Скоблевдаги дашноқ отрядларини қуролсизлантириш ишлари якунланганлиги эълон қилинди [21].
Коммунистларнинг мусулмон аҳолининг душманларини қуролсизлантираётганини кўрган қўрбоши Мадаминбек ўзининг совет ҳукумати тарафига ўтишини эълон қилди. Туркистон марказий ижроя қўмитасининг Туркистон миллий озодлик ҳаракати кўнгилли аскарлари билан музокаралари Мадаминбек қўрбоши отрядининг совет ҳукумати хизматига ўтиши билан якунланди. Дашноқцутюнни жисмоний жиҳатдан йўқотиш ва қўрқитиш учун Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг лидери бўлган Мадаминбек қўрбошининг салобатли ҳарбий кучидан фойдаланишди.
Дашноқцутюн ташкилоти тарқатиб юборилганидан кейин Туркистондаги арманларга “Арман биродарлиги” ташкилоти тузишга рухсат берилди. Бу ташкилот расмий жиҳатдан янги ва дашноқлар билан алоқаси бўлмаган ташкилот эди. Лекин Туркистоннинг коммунист мусулмонлари арман ташкилотини эътиборсиз қолдиришмайди. Бир йил ўтгач қизил армиянинг Туркистон фронти қўмондони М.В.Фрунзега 2-турк бригадаси командири “Арман биродарлиги” ташкилотининг Дашноқцутюндан ҳеч ҳам фарқ қилмаслигини ва унинг фаолиятини тақиқлашга буйруқ беришини тавсия этади [22].
Шуҳрат Барлос
Фойдаланилган адабиётлар:
А. Ш. Кадырбаева «Армяне в Центральной Азии. История и Современность»
М. З. Садыхлы «Ответ тебе даст история…»:
[1] Амирьянц И.А., Григорьянц А.А. Армяне Средней Азии. – Современное развитие этнических групп Средней Азии и Казахстана. Москва, 1992. ч.1. С. 157-169.
[2] Historia Rossica. Центральная Азия в составе Российской империи. Окраины Российской империи. Москва, 2008. С. 385.
[3] Кауфманский сборник. Москва, 1910. С. 31-45.
[4] Historia Rossica. Центральная Азия в составе Российской империи. Окраины Российской империи. Москва, 2008. С. 282.
[5] Буттино Марко. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. М., 2007. С. 276. Цит. по: Хасанов М. Фергана после кокандских событий, февраль 1918г. – март 1919г. Машинописный текст, 1993. Неопубликованное исследование по материалам КГБ Узбекской ССР.
[6] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. “Что делали дашнаки в Фергане” Ташкент, 1925. С. 107.
[7] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. “Что делали дашнаки в Фергане” Ташкент, 1925. С. 107-109.
[8] Российский государственный военный архив (РГВА). Фонд 25898. Оп. 1. Д. 2. Лл. 64-65.
[9] Сталин И.В. Сочинения в 13 томах. Москва, 1946-1951. Т. 4. С. 24.
[10] Буттино М. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. Москва, 2007. С. 281.
[11] Ферганский областной государственный архив. Фергана 121. Оп.1. Д. 275. Лл. 27-28 об.
[12] Буттино Марко. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. Москва, 2007. С. 285.
[13] Наша газета. (Ташкент, 1917-1919). 1918, 22 июня.
[14] Наша газета. (Ташкент, 1917-1919). 1918, 12, 24 и 25 июня.
[15] Российский государственный военный архив (РГВА). Ф. 25898. Оп. 1, Д. 78. Л. 207.
[16] Мусбюро РКП(б) в Туркестане: 1, 2 и 3 Туркестанские краевые конференции РКП, 1919-1920 гг. Ташкент. 1919-1920. С. 67-68.
[17] Российский государственный военный архив (РГВА). Ф. 25859. Оп.2. Д. 11. Лл.82-85 об.
[18] Российский государственный военный архив (РГВА). Ф. 25898. Оп. 1. Лл.1283; Ф. 100. Оп.3. Д. 923. Л. 158 об.
[19] Назаров М.Х. Коммунистическая партия Туркестана во главе защиты Октябрьской революции. 1918-1920 гг. Ташкент, 1969. С. 123.
[20] Российский государственный военный архив (РГВА). Ф. 25859. Оп. 2, Д. 11. Л. 82-85 об.
[21] Мусбюро РКП(б) в Туркестане: 1, 2 и 3 Туркестанские краевые конференции РКП, 1919-1920 гг. Ташкент, 1919-1920. С. 10.
[22] Российский государственный военный архив (РГВА). Ф. 100. Оп.3. Д. 923. Л. 158 об.