Британия араб оламини қандай бўлиб олган


  • 10 Май, 2017
  • 2125

Араб оламида ҳозирги миллий давлатларнинг ҳосил бўлиши босиб олиш ва тўлқинлантирувчи жараён натижасидир.

Бундан юз йил аввал кўпчилик араблар пойтахти Истанбул бўлган Усмоний империяси ҳудудида яшаганлар. Бугунги араб оламининг сиёсий харитаси эса кўпроқ фрагментлардан иборат чалкаш пазлга ўхшайди. XX асрнинг иккинчи ўн йиллигидаги мураккаб ва чигал ҳодисалар Усмоний империясининг қулашига ва бир динга ишонадиган халқларни бўлиб турувчи янги миллат ҳамда чегаралар пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу ҳодисага кўплаб факторлар таъсир этган бўлса ҳам бунда Британия бошқа давлатларга нисбатан асосий ролни ўйнаганди. Британияликлар бир-бирини инкор этувчи учта турли келишувлар бўйича мажбуриятларини бажариши натижасида ислом оламида мусулмонларнинг тарқоқлигига сабаб бўлган сиёсий хаос юзага келди.

Биринчи жаҳон уруши бошланиши

1914 йилнинг ёзида Европада уруш келиб чиқди. Тўрт йил давом этган ва 12 миллион кишининг умрига зомин бўлган бу урушга энг юқори давлат даражасидаги мураккаб альянс тизими, милитар ва мустамлака амбициялари ва хатолари сабаб бўлди. Бу урушда таркибига Британия, Франция, Россия кирувчи Антанта ва иттифоқдошлари билан Германия, Австро-Венгрия, Италиядан иборат учлик иттифоқи жанг қилди. Усмоний империяси ва Болгария дастлаб ўзларининг бетараф эканликларини эъон қилиб, сўнгра ҳарбий ҳаракатлар вақтида учлик блокка қўшилишди.

Дастлаб Усмоний империяси бетарафликни сақлашга ҳаракат қилди. У урушда иштирок этаётган бошқа мамлакатларга нисбатан куч тарафдан ожиз эди ҳамда ички ва ташқи хавфлар билан курашишга мажбур бўлди. Ўша вақтда  Усмоний султонининг, аста секин саройини қоплаб олган чет эл жосусларига сўзи ўтмасди. Ҳақиқий ҳокимликка эга бўлган сўнгги султон Абдулҳамидхон II 1908 йили тахтдан туширилиб, ўрнини учта пошо бошқарадиган ҳарбийлар эгаллади. Улар ёш туркларнинг либерал дунёвий ҳаракат мансуби эди. Усмоний давлатининг Европа державалари олдида тўлай олмайдиган жиддий молиявий мажбуриятлари бор эди. Улар дастлаб Антантага киришга уринишди. Лекин уларни қабул қилишмагач, 1914 йил октябрь ойида Учлик иттифоқ тарафида урушга кирди.

Британия дарҳол Усмоний империясини парчалаш ва унинг Ўрта Шарқдаги ерларини эгаллаш бўйича режалар туза бошлади.

Британия 1857 йилдан Мисрни,  1888 йилдан эса Ҳиндистонни назорат қиларди. Усмоний ўрта Шарқи эса мана шу иккита Британия мустамлакалари орасида бўлиб, британияликлар урушдан фойдаланган ҳолда, Усмоний державасини йўқ қилишга қарор қилди.

Араб қўзғолони

Британиянинг бу йўналишдаги тактик қадамларидан бири Усмоний империясининг араб ватандошларида марказий ҳукуматга қарши норозилик уйғотиш эди. Ҳижозда, араб яриморолининг ғарбида, улар ўзларига ёрдам берадиган одамни топишди. Макка амири Шариф Ҳусайн бин Али

 Британия ҳукумати билан Усмоний давлатига қарши қўзғолон кўтаришга келишди. Ҳозиргача унинг нима учун мусулмонларга қарши хорижликлар билан иттифоқ тузганлиги маълум эмас.

Қўзғолоннинг эҳтимолий сабаблари туркларнинг миллий режаларидан норозилик, шахсий душманлик ёки ҳукмронлик қилиш истаги бўлиш мумкин. Нима бўлса ҳам Шариф Ҳусайн Усмоний давлатига қарши Британия билан иттифоқда қўзғолон қўтаришга қарор қилди. Британияликлар уни Усмоний армияси билан уруш олиб бориш учун қурол ва пул билан таъминлашни ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, Британия урушдан кейин Шариф Ҳусайнга Сурия, Ироқ ва араб ярим оролини ўз ичига олган шахсий араб қироллигини ваъда қилди.

Қўзғолонга тайёргарликни муҳокама қилишган мактублар “Мак-Магон-Ҳусайн ёзишмалари” номи билан маълум. (Генри Мак-Магон Мисрнинг олий комиссари эди.)

1916 йил июнда Шариф Ҳусайн ҳижозлик қуролланган бадавийлар бошчилигида усмонийлар билан жанг қила бошлади. Бир неча ой ўтгач, араб қўзғолончилари Британия армияси ва флоти ёрдамида Ҳижознинг муҳим аҳоли пунктларини, жумладан Жидда ва Маккани қўлга киритишди. Британиянинг ёрдами аскар, қурол, пул, маслаҳатчилар (машҳур Лоуренс Аравийский) етказиб беришдан иборат эди. Улар ҳатто қўзғолончиларга байроқ ҳам беришди. Британияликлар бу байроқни Мисрда махсус арабларнинг ҳарбий ҳаракати учун тайёрлаганди. Бу байроқ “Араб қўзғолони байроғи” номи билан машҳур бўлди. Кейинчалик ушбу байроқ Иордания, Фаластин, Судан, Сурия ва Қувайт каби араб мамлакатлари учун намуна бўлди.

Биринчи жаҳон уруши 1918 йилгача давом этди. Бу вақт ичида қўзғолончилар Усмонийлардан кўплаб шаҳарларни тортиб олишга муваффақ бўлишди. Британия Фаластин ва Ироқни қўлга киритиб, Уммон ва Дамашқни босиб олишига араблар ёрдам берди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, араб қўзғолонини араб аҳолисининг катта қисми қўллаб-қувватламади. Бу бир нечта бошчиси бўлган озчилик ҳаракат эди. Халқ бетараф қолиб, на қўзғолончиларни, на Усмоний ҳукуматини қўллаб-қувватлади. Эҳтимол британияликлар бошқаларга ҳеч нарса ваъда қилмаганида Шариф Ҳусайннинг шахсий араб давлатини қуриш орзуси амалга ошарди.

Сайкс‒Пико келишуви

Араб қўзғолони бошланишидан аввал, Шариф Ҳусайн ўзининг араб давлатини қуришдан олдин Британия ва Франция ўзаро режа тузишганди. 1915-1916 йил қишда Британия дипломати сэр Марк Сайкс ва француз дипломати Франсуа Жорж-Пико яширин учрашув ўтказиб, Усмоний империяси парчалангандан кейинги араб олами тақдирини ҳал қилишди.

“Сайкс-Пико келишуви”га кўра араб олами Британия ва Франция ўртасида бўлиб олиниши керак эди. Британия ҳозирги Ироқ, Қувайт ва Иордания ҳудудини, ҳозирги Сурия, Ливан ва Туркиянинг жанубини Франция олиши керак эди. Фаластин тақдири эса кейинроқ сионистларнинг орзу-истагига кўра ҳал этилиши лозим эди. Келишувда баъзи ҳудудларда Европа назорати остида арабларнинг қисман бошқаруви назарда тутилганди. Бошқа минтақаларни Британия ва Франция бутунлай ўз назоратларига олганди.

Биринчи жаҳон урушидан кейин Ўрта Шарқни бўлиб олиш келишуви сир сақланиши керак бўлса ҳам 1917 йил большевиклар туфайли бу ошкор бўлди. Сайкс-Пико келишуви британияликларнинг Шариф Ҳусайнга берган ваъдасига зид бўлиб, бу британ-араб муносабатларида сезиларли тарангликка сабаб бўлди. Ҳолбуки, Британиянинг бу аввалги мажбуриятларига қарши бўлган сўнгги келишуви эмас эди.

Бальфур декларацияси

Ўрта Шарқдаги сиёсий ҳолат бўйича ўз сўзини ўтказишни истаган яна бир гуруҳ бор эди. Булар сионистлар эди. Сионизм – муқаддас Фаластин ерида яҳудий давлати қуришга чақирувчи сиёсий ҳаракат. У XIX асрда пайдо бўлиб, яҳудийларни Германия, Польша ва Россиядан ақидаларига кўра ваъда қилинган ерга кўчиб ўтишга чақирарди.

Ниҳоят биринчи жаҳон уруши даврида сионистлар Британия ҳукуматидан уруш тугагач, Фаластинга жойлашишга рухсат олишди. Кўплаб Британия сиёсатчилари бу сиёсий оқимга хайрихоҳ эдилар. Булардан бири Британия ички ишлар вазири Артур Бальфур эди. 1917 йил 2 ноябрда у сионистлар бошчиси барон Ротшильдга мактуб жўнатиб, унда Фаластинда сионистлар давлатини қуриш фикрини Британия ҳукумати расмий равишда қўллаб-қувватлашини билдирди:

“Жаноби олийларининг ҳукумати Фаластинда яҳудий халқи учун миллий ўчоқ қуриш масаласини маъқуллайди ва бу мақсадга етиш учун бор имкониятини ишга солади. Бу билан бирга Фаластиндаги яҳудий бўлмаган жамоатларнинг фуқаровий ва диний ҳуқуқларини бузадиган ҳаракатлар ҳамда яҳудийларнинг бошқа мамлакатлардаги сиёсий статуси ва ҳуқуқини бузмаслик аниқ назарда тутилади.”

Ихтилофли келишувлар

Шу тариқа, 1917 йили Британия уч томон билан араб оламининг турли сиёсий келажакларини ваъда қиладиган учта фарқли келишув тузганди. Араблар Шариф Ҳусайнга ваъда қилинган ўзларининг араб қироллигини талаб қиларди, французлар (ва британияликларнинг ўзи ҳам) ушбу ҳудудни ўзаро бўлиб олишни умид қилган, сионистлар эса Бальфур билдирганидек муқаддас Фаластиннинг ўзларига берилишини кутишарди.

1918 йили уруш Антантанинг ғалабаси ва Усмоний империясининг бутунлай парчаланиши билан якунланди. Усмонийлар расмий жиҳатдан 1922 йилгача (уларнинг давлати эса 1924 йилгача) мавжуд бўлган бўлса-да, собиқ империянинг бутун ҳудуди европаликлар томонидан босиб олинганди. Уруш тугади, лекин уч томон Ўрта Шарқ келажаги ҳақидаги ҳали ҳам бир қарорга кела олмаганди.

Хўш, бу ерда ким ғолиб бўлди? Аслида ҳеч бир томон кутган нарсасига тўлалигича эга бўла олмади. Урушдан кейин кўп ўтмай Миллатлар лигаси ташкил этилди (БМТ ўтмишдоши). Унинг вазифаларидан бири собиқ Усмоний империяси ҳудудларини тақсимлаш эди. Бу халқаро ташкилот араб ҳудуди учун “ваколат”лар берди. Ушбу “ваколат” “ўзлари мустақил ҳаракат қила олгунларича” бу минтақаларни Британия ёки Франция тарафидан ташқи бошқарувни ўз ичига олганди. Шу тариқа, биз ҳозир кўраётган Ўрта Шарқнинг замонавий сиёсий харитасида чегараларни бўлишда миллатлар лигаси ҳам иштирок этган. Бу чегаралар маҳаллий аҳоли манфаатлари, этник, жўғрофий ёки диний факторлар ҳисобга олинмасдан, мутлақо ўзбошимча бўлинганди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўрта Шарқдаги ҳатто ҳозирги сиёсий чегаралари ҳам аҳолининг миллий-диний таркиби билан алоқаси йўқ.

Ваколат тизими шарофати билан Британия ва Франция Ўрта Шарқ устидан исталган назоратини ўрната олди. Шариф Ҳусайнга келсак, унинг ўғилларига Британия ҳомийлигидаги ваколатли ҳудудларда ҳокимлик қилишларига рухсат берилди. Шаҳзода Файсал Ироқ ва Сурия қироли, шаҳзода Абдулла эса Иордания қироли деб эълон қилинди. Аслида эса ҳақиқий ҳокимият Британия ва Франция қўлида эди.

Сионистларга келсак, Британия ҳукумати уларга баъзи чекловлар билан Фаластинга жойлашишга рухсат берди. Британияликлар бу ерда яшайдиган арабларни ғазаблантиришни исташмади, шунинг учун яҳудийларнинг кўчиб боришини чеклашга уринди. Бундан 1920-40 йилларда ноқонуний кўчиш йўлларини излаган яҳудийлар ҳам, бу иммиграцияни 1187 йилдан бери мусулмонлар ҳукмронлигида бўлган ҳудудларига тажовуз деб билган араблар ҳам норози бўлишди.

Биринчи жаҳон урушидан кейин Британия сочган сиёсий хаос ҳозирги кунда ҳам бартараф этилмаган. Бир-бирига зид бўлган келишувлар асосида қурилган давлатлар Ўрта Шарқни беқарор минтақага айлантирди.

Мусулмонлар тарқоқлиги билан сионизмнинг кучайиши минтақада ҳокимиятнинг коррупциялашувига ва иқтисодий тушкунликка олиб келди. Тарқоқлик 100 йил аввал сунъий ҳосил қилинган бўлса ҳам бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. 


Бошқа мақолалар