- 2016-10-14
19-асргача Европада даҳшатли ёввойилик ҳукм сурарди.
Сизга кинофильмларда ва романларда тасвирланган нарсаларни унутинг. Аслида Европанинг ўша пайтдаги тозалик ҳолати жуда ачинарли эди. Бу нафақат зулматли ўрта асрларга тегишли бўлмай, тилларда достон бўлган уйғониш ва ренессанс даврида ҳам ҳеч нарса ўзгармаганди.
Христиан динидагилар учун қанчалик ўкинчли бўлмасин, лекин Европадаги ҳаётнинг бутун бундай салбий тарафлари христиан черкови туфайли эди. Биринчи навбатда католик черкови туфайли.
Антик даврда гигиеник таомил асосий ўринда турарди. Бунинг учун юнонларнинг машҳур ҳаммомларини ёдга олишимиз кифоя. Христианликкача Римнинг ўзида мингдан ортиқ ҳаммом ишлаб турган. Христианлар ҳокимиятга келгач биринчи ишлари бутун ҳаммомларни ёпиб ташлаш бўлди.
Чўмилишга ўша даврнинг одамлари шубҳа билан қарашган. Яланғоч бўлиш гуноҳ, бундан ташқари совуқда шамоллаб қолиш ҳам мумкин. (Аслида яланғоч бўлиш ҳақидаги гаплар 18-19 асрларда келиб чиқди). Иссиқ ванна қабул қилиш эса жуда қимматга тушарди. Ўтин қиммат бўлиб, асосий истеъмолчи бўлган – муқаддас инквизициянинг ўзига аранг етарди. Баъзан етишмовчилик сабабли ўтда тириклай ёқиш ҳукмини оёқ-қўлларини отларга боғлаб тўрт тарафга ҳайдаш орқали парчалаш билан, кейинчалик арава ғилдирагига боғлаб калтаклаш билан алмаштиришди.
Испания қироличаси Изабелла Кастильская (XV-аср охири) бутун ҳаёти давомида 2 (!) мартагина чўмилганлигини тан олган. Туғилганида ва турмушга чиқаётганида.
Бир француз қиролининг қизи бит босиб кетганлиги туфайли ўлган. Папа Климент V ичбуруғдан, Папа Климент VII эса қичима ксаллигидан азобли ўлим топади (қирол Филипп II сингари). Герцог Норфолк диний қарашлари юзасидан чўмилишдан бош тортган. Унинг бутун баданини йиринг босиб кетади. Шунда хизматкорлари унинг ўласи бўлиб маст бўлишини кутишади. Сўнгра уни базўр ювинтириб олишади.
Рус элчилари ўзларининг француз қироли Людовик XIV қабулидаги ҳолатни шундай ёзиб қолдиришган: "Олий ҳазратлари ёввойи ҳайвондек сасиб турарди."
Русларни ойда бир ҳаммомга борганликлари учун Европада бузуқ деб ҳисоблашарди.
ХV-ХVI-асрларда бадавлат кишилар ярим йилда бир чўмилган бўлса, ХVII-ХVIII-асрларда умуман ванна қабул қилишни тарк этишган. Тўғри гоҳида чўмилишарди, лекин фақат шифо мақсадида. Чўмилиш учун пухталик билан тайёргарлик кўришган ва бундан олдин клизма қўйишган. Француз қироли Людовик ХIV ҳаётида икки мартагина чўмилган. Бу ҳам докторларнинг маслаҳати билан бўлган. Чўмилиш қиролни шундай даҳшатга солдики, у қайтиб чўмилмасликка онт ичди.
Ўша нотинч христианлик даврида баданини парваришлаш гуноҳ ҳисобланарди. Христиан поплари одамларни йиртиқ-ямоқ кийимларда ва ҳеч қачон ювинмасдан юришга даъват этишарди. Мана шу орқали руҳий покликка эришиш мумкин бўлади деб тушунтиришарди.
Натижада одамлар йиллаб чўмилишмасди ёки сув нималигини умуман билишмасди. Ифлослик ва бит босганлик тақводорликнинг асосий аломатлари ҳисобланарди. Роҳиб ва роҳибалар бу борада бошқа христианларга ўрнак эди.
Тозаликка жирканиш билан қарашарди. Битларни “Тангри жавоҳирлари” деб аташарди ва тақводорлик белгиси ҳисоблашарди. Эркак ёки аёл кишилар дарёдан кечиб ўтган вақтдан ташқари, оёқларига сув тегмаганлиги билан гердайишарди.
Одамлар ювиниш ва чўмилиш кабилардан шунчалик узоқлашиб кетишган эдики, доктор Ф.Е.Бильцга XIX(!) аср охиридаги машҳур тиббий дарсликда халқни чўмилишга кўндиришга тўғри келганди. Бильц “Янги табиий даволаш” китобида “Баъзи одамлар дарёда ёки ваннада чўмилишга журъат қила олишмайди. Чунки ёшлигидан бери ҳали сувга тушмаган. Бу қўрқув асоссиз. Бешинчи ёки олтинчи чўмилишдан кейин бунга ўрганиб кетади” деб ёзган эди. Докторнинг бу гапига жуда ҳам кам одам ишонганди...
Атир – Европанинг муҳим ихтироси – айнан йиллаб чўмилмаслик оқибатида баданда пайдо бўладиган бадбўй ҳидларни яшириш учун ўйлаб топилган эди.
Фрацуз қироли-қуёши бир куни эрталаб ёмон кайфиятда уйғонади. (Бу у учун одатий ҳол эди. Чунки Людовик XIV бургалар сабабли кечалари ухлай олмасди.) Қирол бутун сарой аҳлига атир сепиб юришни амр қилади. Людовик XIVнинг эълонида саройга киришда бадан ва кийимлардан чиқаётган бадбўй ҳидларни яшириш учун аямасдан ўткир ҳидли атирларни сепиш айтилади. Дастлаб “омухта ҳидлар” табиий ҳол эди. Европа ўрта асрларидаги аёллар баданнинг табиий ҳидларининг жалб қилиш хусусияти билган ҳолда эътиборни тортиш учун суюқликларини атирдек қулоқ орқасига суриб юришган. “Ривожланган” Европа саройларида нажосатлар дераза тагига ташланарди.
Христианлик келиши билан европаликларнинг келажак авлоди оқизиладиган ҳожатхонани бир ярим минг йилга унутиб, тунги вазаларни ишлата бошлашди. Канализация вазифасини эса кўчадаги сассиқ ариқчалар бажарарди. Антик даврдаги цивилизацияни унутган одамлар дуч келган жойда ҳожатга ўтириб кетишарди. Масалан, саройнинг кириш жойи каби. Француз қироллик саройи нафас олиб бўлмайдиган даражага келиб қолганлигидан давомли равишда кўчиб турган. Тунда ҳожатхона вазифасини бажарадиган туваклар каравот остида бир неча кунлаб қолиб кетарди.
Деразадан ташланган нажас Людовик IX (ХIII аср)нинг бошидан тўкилганидан кейин Париж аҳолиси учун уч марта “Эҳтиёт бўл!” деб огоҳлантиришдан кейингина нажосатларни деразадан ташлашга рухсат берилди. 17-асрларда бошини деразадан ташланадиган нажаслардан ҳимоя қилиш учун кенг айвонли шляпалар ўйлаб топилди.
Дастлаб реверанс (аёл киши билан кўришганда шляпасини ечиш одати) бадбўй шляпасини аёл кишининг бурнидан узоқроқ тутиш мақсадида эди.
Луврда, француз қироллари саройида, бирорта ҳам ҳожатхона бўлмаган. Ҳожат учун ҳовлига, зинапояга, балконларга чиқишган. Бундай пайтларда меҳмонлар, сарой хизматчилари ва қирол очиқ деразанинг кенг токчасига ўтириб ёки келтирилган “тунги вазалар”га “ҳожат”ларини чиқаришган. Вазалар сўнгра саройнинг орқа эшиклари олдига тўкилган.
Худди шундай ҳолат Версалда ҳам бўлган. Масалан Людовика XIV даврида саройдаги хонимлар суҳбат чоғида, (ҳатто диний ибодат вақтида) бемалол бурчакка ўтириб, кичик (баъзан катта) ҳожатларини чиқаришган.
Людовик XIV бошқа қироллардек сарой аҳлига ҳожатхона сифатида Версалнинг ва бошқа саройларнинг исталган бурчагини ишлатишга изн берган. Сарой деворларига оғир пардалар илинган, йўлакларда эса кўринмайдиган тахмонлар ясалганди. Наҳотки саройда ҳожатхона қуриш ёки ҳовлига чиқиш қийин бўлган бўлса?! Йўқ бу ҳеч кимнинг калласига ҳам келмаганди, чунки анъаналари йўл бермасди.
Ўша даврларда ичбуруқ кенг таралганди. Бу шу йиллардаги модага ҳам таъсирини кўрсатди. Эркаклар учун қават-қават тикилган иштон-панталонлар, катта ва кенг юбкалар. Юбкалар бошқа мақсадда ҳам фойдаланилган. Юбка остида кучукча бўлиб, “гўзал” хонимларни бургалардан сақлаган.
Табиий, диндор кишилар илоҳий ёрдам орқали “ҳожат” чиқаришни танлашган. Венгер тарихчиси “Китоблар комедияси” китобида дуо турлари ёзиб “Табиий заруратлар вақтида ўқиладиган дуо” ҳақида сўз юритган.
Ўрта асрлардаги Европа шаҳарларида канализация бўлмаган, лекин қалъа девор ва сув тўлдирилган хандақлар билан ўралган эди. Мана шу хандақлар “канализация” вазифасини бажарарди. Қалъа деворларидан хандаққа нажосатлар ташланарди.
Францияда нажосат уюмлари шунчалик кўтарилиб кетдики, қалъа деворларини яна-да баландроқ кўтаришга тўғри келди. Парижда нажас уюмлари катталашиб, қалъа деворларидан ошиб шаҳарга қайтиб туша бошлади. Бу душманлар шаҳарга бостириб кириши жиҳатидан хавфли кўринди.
Кўчалар лой ва нажосатга шунчалик ботиб кетгандики, улардан юриб бўлмасди. Тарихий ёзувларга мурожаат қилсак, шу вақтларда баъзи немис шаҳарларида ёғочоёқлар пайдо бўлди. Буларсиз шаҳар кўчаларида юриш асло мумкин эмасди.
XIV-XV асрларда европалик археологлар маълумотига кўра, француз рицари қуйидагича кўринишга эга бўлган: бўйи тахминан 160 см бўлиб, бу “гўзал” йигитнинг соқоли олинмаган ва ювиқсиз юзи чечак хасталиги билан “безанган” эди. (Бу касаллик билан ўша вақтда бутун Европа хасталанганди.) Рицарлик дубулғаси остида, кир сочларида ва кийимларида бит ҳамда бургалар ғуж-ғуж бўлиб ётарди. Бу рицарларнинг оғзидан шундай қўланса ҳид келардики, аёллар учун ҳатто уларнинг олдида туришнинг ўзи азоб эди. Ўрта аср рицарлари нима тўғри келса, шуни еб, ортидан ачиган пиво ичишарди. Буларнинг барини саримсоқ билан қўшиб ейишарди.
Бундан ташқари, сафар вақтида рицар суткалаб совутини ечолмасди. Чунки совутни бировнинг кўмагисиз ечиб бўлмасди. Совутни кийиш ва ечиш жараёни бир соат, баъзан ундан ҳам кўп вақтни оларди. Албатта, олижаноб рицар бутун табиий заруратларини совутининг ичига чиқарарди.
Баъзи тарихчилар нима учун Миср султони Салоҳиддиннинг аскарлари христиан лагерларини осон топишганлигига ҳайрон қолишганди. Бунинг жавоби оддий эди – қўланса ҳидидан топишган.
Испанияда ўрта асрларда аёллар бошларига бит тушмаслиги учун сочларига саримсоқ суришарди. Юзлари оппоқ бўлиб кўриниши учун сирка ичишарди. Кучукчаларнинг ўзларига эгасининг бургасини юқтиришдан бошқа яна бир вазифаси бор эди. Ўрта асрларда аёллар кучук пешоби билан сочларини рангсизлаштиришган.
ХVII -XVIII асрларда сифилис касаллиги кучайди. Сифилис туфайли юз ва бошдаги бутун туклар тўкилиб қолган. Натижада йигитлар аёлларга ўзларининг соғлом ва хавфсиз эканлигини кўрсатиш учун узун соч ўчтириб, мўйлов қўйишган.
Қандайдир сабабларга кўра, бундай соч ва мўйлов қўя олмаганлар парикни ўйлаб топишди. Жамиятнинг юқори табақаларида сифилис билан касалланганлар жуда кўп бўлганлиги учун парик тезда Европа ва шимолий Америкада модага кирди.
Христианлар тарафидан мушуклар йўқ қилиниши оқибатида кўпайиб кетган каламушлар бутун Европага бурга вабосини тарқатишди. Бунинг натижасида Европанинг ярми қирилиб кетди. Каламуш овловчилар касби шу тариқа пайдо бўлди. Уларнинг каламуш овлашдаги муваффақиятлари черков томонидан иблис билан алоқа деб баҳоланарди. Шунинг учун инквизиция ҳар қулай вазиятда каламуш овловчиларни ўлимга ҳукм этарди. Шу тариқа ўз жамоатининг вабо ва очликдан ўлишига ҳисса қўшарди.
Бургага қарши курашиш бир мунча пассив эди. Людовик XIV Версал ва Луврда овқатланиш вақтида махсус бурга тутиш учун ёлланган хизматкор қиролнинг бургаларини терарди.
Бадавлат хонимлар бурга ва битлар силлиқ бўлгани учун ёпишиб қолмайди деган умидда ипакдан тайёрланган ички кийимлар кийишарди. Ипакли ички кийимлар шу тариқа пайдо бўлган. Ҳақиқатан бурга ва битлар ипакли кийимларда бўлмасди.
Ўрта асрлардаги чодирли ётоқхона каравотларининг муҳим вазифаси бор эди. Кенг чодирлар шипдан бурга ва бошқа ҳашаротлар устига тушмаслиги учун хизмат қилганди.
Қизил ёғочдан қилинган мебелнинг машҳур бўлиб кетишига сабаб, унинг устида юрган каналар кўринмаслиги эди.
Бит ва сирка босиб юриш “христиан жасорати” ҳисобланарди. Муқаддас Фома издошлари ҳатто унинг битларини табаррукан ўзларига юқтиришарди.
Ўрта аср битлари ҳатто сиёсий бошқарувда ҳам фаол иштирок этишган. Гурденбург (Швеция) шаҳрида шаҳар мэрини сайлашда бит муҳим рол ўйнаган. Ўша вақтларда номзодлар фақат бутун юзини соқол қоплаган кишилар бўлиши мумкин эди.
Сайлов қуйидагича ўтказилган: мэр учун номзодлар стол айланасига ўтиришиб, соқолларини стол устига қўйишади. Сўнгра махсус тайинланган киши столнинг ўртасига битни ташлайди. Бит кимнинг соқолига ўрмалаб чиқса, шу киши мэр ҳисобланган.
Гигиенага эътибор бермаслик Европага жуда қимматга тушди. XIV асрда вабодан (қора ўлим) Франция учдан бир аҳолисини йўқотади. Англия ва Италия эса деярли ярим аҳолисидан айрилади.
Ўша вақтларда тиббий ёрдам кўрсатиш жуда оддий ва шафқатсиз эди. Айниқса хирургия соҳасида. Масалан, оёқ ёки қўлни кесиб ташлашда “оғриқни қолдирувчи восита” сифатида оғир ёғоч тўқмоқ ишлатилган. Бу билан хастанинг бошига урилган ва оқибатда у ҳушини йўқотган. Бундай “оғриқни қолдириш” бошқа салбий оқибатларга ҳам олиб келарди.
Жароҳатларни қизиб турган темир босиш билан ёки қайнаб турган смола қуйиш билан даволашган. Бавосил (геморрой) бўлган кишининг иши осон эди. Ўрта асрларда уни қизиб турган темир босиш билан даволашган. Сифилисни эса одатда симоб ёрдамида даволашга уринишган. бу эса ўз-ўзидан маълумки, яхши оқибатларга олиб келмайди. Клизма ва симобдан ташқари, асосий ҳаммабоп усул қон олдириш ҳисобланган. Касалликлар иблис тарафидан юборилган деб ҳисобланиб, “ёвуз кучларни ҳайдаш зарур” бўлган. Бундай қонли иримларнинг бошида эса христиан роҳиблари туришарди.
Қон олдиришни эса ҳамма учун татбиқ этишган. Хоҳ шифо учун, хоҳ жинсий тушкунликка берилганларга қарши курашиш учун, умуман ҳеч қандай сабабсиз ҳам тақвим бўйича қон олишган.