Мусулмон кашфиётчилар оламга нима беришди?


  • 14 Май, 2015
  • 2120

Ислом оламига ғаразли муносабатга қарамай мусулмонлар инсоният учун кўплаб ихтиролар совға қилишган. Бугун кофе ичаётганимиз, ресторанда уч хил таом бериб, сўнгра ҳисоб учун чек келтирилаётгани учун биз мусулмонлардан миннатдор бўлишимиз керак. Қуйида мусулмонларнинг ҳозирги кунда машҳур бўлиб кетган кашфиётларини келтирамиз:

1. Кофе. Ривоятларга кўра, араб миллатига мансуб Холид деган мусулмон Эфиопиянинг Каффа деган жойида қўйларини боқиб юрарди. У қўйларнинг муаййян бир ўсимлик мевасини еганидан кейин ҳаракатчан бўлиб қолаётганини пайқайди. Холид буларни тўплаб, биринчи марта кофе қайнатади. Кофенинг Эфиопиядан Яманга экспорт қилиниши ҳақидаги дастлабки маълумотлар мавжуд. 15-асрга келиб, кофени Макка ва Туркияга олиб келишади. У ердан 1645 йили Венецияга келтирилади. Англияга биринчи бўлиб кофени 1650 йили турк Паскуа Роси келтиради ва Лондондаги энг биринчи қаҳвахонани Ломбард кўчасида очади. “Кофе” сўзининг келиб чиқиш тарихи узун. Араб тилидаги “қаҳва” калимаси туркчада “каҳве”га айланади. Италияликлар эса уни “кафф” деб талаффуз қилишади, бундан эса англияликлар “coffee”, руслар “кофе” сўзини келтириб чиқаришади.

2. Камера. Қадимги греклар кўзлардан нур чиқиши орқали инсон кўра олади деб ҳисоблашган. Аслида нурларнинг кўздан сингиши орқали кўра олишимиз ҳақида биринчи марта 10-асрда яшаган мусулмон математиги, астроном ва физиги Ибн ал Хайтам далиллар келтирганди. Дарчадан тушиб турган нурни кузатиб, тешик қанчалик кичик бўлса, тасвир шунчалик яхши кўринишини ўрганади. Сўнгра биринчи камера-обскура (“қамара” сўзи арабчадан “қоронғу ёки алоҳида хона” деган маънони англатади)ни кашф қилади. Бундан ташқари, ал-Хайтам биринчи бўлиб, физикани философия фанларидан тажрибавий фанлар қаторига киритади.

3. Шахмат. Шахмат ўйинини қадимги ҳиндлар даврида ўйнашган. Лекин ўша вақтдаги ўйин ҳозирги кундагидан бутунлай фарқ қилган. Ҳозирги ўйин шакли Эронда пайдо бўлиб, Европага тарқалган. 10-асрда Испанияга шахматни араблар олиб киришган.

4. Парашют. Ака-ука Райтлардан минг йил аввал мусулмон шоири, астрономи ва муҳандиси Аббос ибн Фирносга учиш воситасини ихтиро қилиш фикри келади. 852 йили у масжид томидан кенг плаш кийиб сакрайди. Фирнос худди қушлардек учаман деб ўйлаганди. Лекин амалга ошмади. Учиш ўрнига у аста-секинлик билан ерга тушди. Шу тариқа биринчи парашют пайдо бўлди. Фирнос етмиш ёшига келганида ўз ихтироси устида ишлаб, яна синовдан ўтказмоқчи бўлди. У энди баланд жойдан, яъни тоғдан сакрайди. У 10 дақиқа давомида ҳавода қолишга муваффақ бўлади. Лекин натижада ерга тушаётганида ҳалок бўлади. Бунинг сабаби у учиш воситасига дум ишламаганди.

5. Шампун ва совун. Ҳар куни ювиниш – мусулмоннинг фарзларидан бири. Шунинг учун мусулмонлар совун таркибини яхшилаш устида ишлар олиб боришади. Маълумки, совун қадимги мисрликларда ҳам, римликларда ҳам бўлган. Лекин айнан араблар уни ўсимлик ёғи ва хушбўй моддалар билан аралаштиришади. Англияда шампун биринчи марта 1759 йили номаълум бир мусулмон Брайтонда ҳаммом очганида пайдо бўлганди.

6. Замонавий кимё. Жобир ибн Хаййон – алкимёни кимёга айлантирган олим эди. 9-асрда у ҳозирги кунгача замонавий илмда ишлатилаётган жараёнлар, яъни дистилляция, кристаллашиш, эриш, рафинадлашиш, оксидланиш, буғлатиш ва фильтрлашни кашф қилади. Хаййон сульфат ва нитрат кислотасини, буғлатиб ажратиб олиш аппаратини, шу орқали атирларда ишлаб чиқаришдаги хушбўй моддаларни ихтиро қилади.

7. Тирсакли вал. Ротацион ҳаракатни текис ҳаракатга айлантирувчи тирсакли вални мусулмон муҳандиси ал Жазарий кашф қилади. Бу ихтиро механиканинг энг муҳим кашфиётларидан бўлиб, ҳозирги кунгача замонавий автомобилсозликда ишлатилади. Бу ихтиро дастлаб ирригацияда фойдаланилган. Муҳандиснинг китобидан маълумки, у вентил ва клапанларни такомиллаштирган, биринчи бўлиб механик соатларни кашф қилган. Ал Жазарийни робототехниканинг отаси деб айтсак ҳам бўлади. Кодли қулфлар ҳам унинг ихтиросидир.

8. Чўққисимон арка. Бундай аркалар Европадаги черковларда муҳим чизгиларидан бўлса ҳам, аслида бу ғоя мусулмон архитектурасидан олинган. Чўққисимон аркалар римликлар ва норманликлар ишлатган ярим доира аркалардан мустаҳкам бўлган. Европа саройлари мусулмон саройларининг нусхаси эди. Масалан, Генрих V саройининг архитектори мусулмон бўлган.

9. Жарроҳлик асбоблари. Кўплаб замонавий жарроҳлик асбоблари, жумладан скальпел, тиббий арралар, қисқичлар, ингичка қайчилар мусулмон жарроҳи ал Заҳравий кашф қилган шаклида қолган. Айнан у жарроҳликда ички тикишларда ишлатиладиган ичакнинг организмда табиий йўл билан сингиб кетишини аниқлаган. 13-асрда Уильям Гарвейдан 300 йил аввал мусулмон табиби Ибн Нафис қон айланиш жараёнини тасвирлаб берган.

10. Шамол тегирмони. Араблар бу тегирмонни 634 йили кашф қилишган. Ундан жўхори майдалашда ва сув чиқаришда фойдаланишган. Араб чўлларидаги ягона энергия манбаи бу шамол эди. Шамол ойлаб бир йўналишда эсарди. Мусулмонлар бундан жуда унумли фойдаланишган. Европада эса биринчи шамол тегирмонлари бундан 500 йил ўтгач пайдо бўлди.

11. Эмлаш. Биринчи бўлиб эмлашни Женнер ёки Пастер эмас, мусулмонлар таклиф қилишган. Европага эмлаш биринчи марта 1724 йили кириб келади. Истамбулдаги Англия элчисининг аёли бунга эътибор қаратганидан кейингина бу амалга ошади. Европада вакцинацияни кашф қилишдан 50 йил аввал Туркияда ёш болаларни чечакка қарши эмлашарди.

12. Авторучка. Биринчи авторучкани 953 йили султон учун кашф қилишган. Бу ҳозирги кунгача ҳеч ўзгармай етиб келган.

13. Рақамлаш тизими. Ҳозирги кунда ишлатиладиган рақамлар араб рақамлари деб аталади. Чунки булар биринчи бор босма шаклда ёзилиши мусулмон математиги ал Хоразмий ва ал Киндийнинг 825 йилги ишларида учрайди. “Алгебра” сўзи Ал Хоразмийнинг “Ал Жабр ва ал муқобилаҳ” китобидан олиниб, бу китобдаги асослар ҳозирги кунда ишлатилмоқда. Мусулмон математикларининг тадқиқот натижалари, алгоритмлар ва тригонометрик теоремалар Европага 300 йил ўтгачгина етиб борди.

14. Уч хил таомли тушлик. Суюқ овқат, сўнгра қуюқ овқат ва ундан кейин мева ва ширинлик ейиш тамойилини 9-асрда Али ибн Нофий Ироқдан Кордобага келтиради.

15. Гилам. Тўқимачилик саноати мусулмонларда жуда илғорлаб кетганди. Европада эса поллар ўша пайтларда намат билан қопланарди. Натижада наматлар тагига ахлатлар тўпланиб қоларди. Шунинг учун араб ва форс гиламлари тез орада оммалашиб кетди.

16. Чек. Агар мусулмонлар бўлмаганида чек деган нарса бўлмас эди. “Чек” сўзи араб тилидаги “саққ” (товарнинг пулини тўлаш ҳақидаги ёзма ҳужжат) деган калимадан келиб чиққан. Чекларга бўлган эҳтиёж катта миқдордаги пулларни олис жойларга етказиш хатарли бўлганидан келиб чиққан. 9-асрдаёқ мусулмон тижоратчилар Бағдод банклари берган чекларни Хитойда нақдга айлантириб олишарди.

17. Ер сайёраси шар шаклида. 9-асрда кўплаб мусулмон олимлари Ернинг шар шаклида эканлигини билишган. Астроном Ибн Ҳазмнинг сўзига кўра “Қуёшнинг Ердаги муаййян нуқтага доим вертикал жойлашиши” бунинг далили эди. Бу Галилейнинг калласига келишидан 500 йил аввал бўлганди. Мусулмон астрономларининг ҳисоблари шунчалик аниқ эдики, улар экватор узунлигини аниқлашда 200 километргагина адашишган.

18. Торпеда ва ракеталар. Хитойликлар селитрадан порох олишни ихтиро қилишган бўлсада, айнан мусулмонлар уни калийли селитра билан тозалаб, ҳарбий мақсадларда фойдаланишни билишган. Мусулмон бу қуроллари билан хочли юришдаги рицарларга ваҳима солишган. 15 асрга келиб, мусулмонлар ракетани ихтиро қилишган ва уни “ўзи ҳаракат қилувчи ва ёнувчи тухум” деб аташган.

19. Боғлар. Ўрта асрларда Европада полизлар бўлган. Лекин араблар боғ барпо қилиб, у ерда дам олишни ўргатишган. Биринчи қироллик боғлари 11-асрда мусулмон Испаниясида пайдо бўлган. Чиннигул ва лолалар ватани ҳам мусулмон ўлкалари эди.


Бошқа мақолалар