Алматининг чекка туманларига сел келди


  • 23 Июль, 2015
  • 1385

23 июль, пайшанбага ўтар кечаси Алмати шаҳрининг чекка туманларига сел оқими ёпирилди. Қурбонлар йўқ, маҳаллий аҳоли яқин атрофдаги мактабларга ва туман ҳокимиятидаги ёрдам кўрсатиш пунктларига кўчирилди.

Маълумотларга кўра, Каргалинка кичик дарёсининг сув сатҳи кўтарилгани ва Карагайли ҳамдаКаменка туманларини қисман сув босгани ҳақидаги маълумот 23 июль, соат 03.00 да олинган.Алматининг Наврузбоев тумани ҳокимиятида ва 176-мактабда жабрланганларни қабул қилиш пунктлари очилди: уларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатилмоқда, ичимлик суви ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.

Шаҳар ички сиёсат бошқармаси бошлиғи Санжар Бокаевнинг айтишича, Алматига селнинг иккинчи оқими келиши хавфи кутилмаяпти, дамбалар ҳолати эса талабларга жавоб беради. Полиция ва хавфсизлик кучлари тарафидан аҳолини ваҳимага солувчи ёлғон хабар тарқатганлар қидирилмоқда.

Селдан асосан Наврузбай туманидаги Чапаев  аҳоли пункти жабр кўрган. Ҳозир аҳоли эвакуация қилиниб, сув босган уйлар ҳисобланмоқда. Алатау туманида Алгабас қишлоғи жабр кўрган. У ерда 97 та уйни сув босган. Ауэзов туманини қисман сув босиб, катта зарар кўрмаган. Ҳокимлик селдан жабр кўрган аҳолига 100 МРП (ойлик ҳисоб кўрсаткичи)миқдорида моддий ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди. Алматида сел сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, сел оқибатларини бартараф этиш учун давлат томонидан 2 миллиард тенге ажратилди.

Гидропрогноз бўлими 15 июлдан бошлаб, ҳаво ҳарорати қаттиқ кўтарилиб кетиши оқибатида сел келиш хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирганди. Ушбу хабар ҳокимият ва фавқулодда ҳолатлар вазияти хизматига етказилган эди.

Алмати тадбиркорлари селдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун жамғарма ташкил этишди. Бир соат ичида ёрдам учун бир миллион тенге тўплангани маълум бўлди. Тадбиркорлар ушбу маблағни жабр кўрганларга бўлиб беришга тайёр эканликларини билдиришди. Бундан ташқари, тадбиркорлар тарафидан жабр кўрганларнинг бир кунлик иш ҳақини ҳисоб рақамларига ўтказиб бериш режалаштирилмоқда. 


Бошқа мақолалар