- 2024-09-02
Сўнгги кунларда тожик-қирғиз чегарасида юз бераётган отишмалар дунё аҳлини ташвишга солиб турибди. Қирғиз томони билришича, 28 апрелда бошлаган урушда қирғизлардан 31 киши ўлган, 150 дан кўпи ярадор бўлган. Тожик томони эса 10 киши ўлганини хабар қилган. Бу жуда ачинарли рақамлардир.
Уруш ердан ва ҳаводан оғир қуроллар қўлланиб, олиб бориляпти. Тарафлар ўт очишни тўхтатишга келишишган бўлишига қарамай, оташкесим бузиляпти. Интернетда эълон қилинган видеоларда тўхтовсиз ўқ отишлари эшитилади. Урушни ким бошлагани муҳим эмас, чунки бундай ҳолатларда ҳар икки тараф бир-бирини айблайди. Лекин, кўпдан бери сув масаласида ечилмасдан келаётган муаммо бу сафар кенг кўламли урушга айланиб кетди.
Хўш, жанжал нимадан келиб чиқди?
Фарғона водийсидаги ўзбек-қирғиз-тожик чегаралари жуда мураккаб ва шаклан кирди-чиқдилигини ҳамма билади. Айрим қишлоқларни ўртадан ўтган автомобил йўли чегара сифатида ажратиб туради. Ҳар уччала давлатга тегишли кўплаб анклав ва эксклавлар мавжудлиги чегараларни делимитизация қилишда катта қийинчиликлар келтириб чиқармоқда.
Ҳам тожик, ҳам қирғиз тарафи ўзига тегишли деб ҳисоблайдиган сув тақсимлагич нуқтаси ҳали делимитизация қилинмаган тортишувли ер саналади. Тожик томони ана шу ердаги симёғочга видеокамера ўрнатгани қирғизларга ёқмаган. Оддий аҳоли вакиллари камерани олиб ташлашни талаб қилишган. Тожик томонига кўра, олдин қирғиз чегарачилар ҳужумга ўтиб, тожик чегара пунктини босиб олишган. Ўз навбатида, тожиклар қарши ҳужумга ўтиб, қирғиз пунктини қўлга олишган.
Натижада, бир қирғиз қишлоғига ўт қўйилган, кўплаб одам ҳалок бўлган ёки яраланган. Қирғиз томони Лайлак ва Исфана туманларининг чегарага яқин қишлоқларидан ўн мингга аҳолини кўчирган. Айрим одамлар енгил-елпи кийим ва ёш болалари билан тоққа қочиб, кечани совуқда ўтказишга мажбур бўлишган. Қочқинлар туман ичкарисидаги мактаб, интернат ва одамларнинг уйларига жойлаштирилган.
Албатта, уруш тугаб, қирғиз қочқинлар турар-жойларига қайтишига, чегара муаммолари ҳал бўлиб, душманлик ўрнига яхши қўшничилик ва қон-қардошлик алоқалари тикланишига, табиий ресурслардан биргаликда каллани ишлатиб фойдаланиш йўллари топилишига умид қиламиз. Лекин ҳозирги уруш менга 2010 йилдаги Ўш воқеаларини эслатди. Ўшанда юзминглаб ўзбек қирғизларнинг уларга нисбатан қирғинидан қочиб, Ўзбекистонда жон сақлашга мажбур бўлишганди. Ҳозир эса қочқин бўлиш қирғизларнинг бошига тушиб турибди. Ишқилиб, бундай қирғинлардан тўғри хулоса чиқарилса бўлди.
Бахтиёр Шоҳназар