Туркистонда яна ёнғин


  • 5 Августь, 2015
  • 3039

Жанубий Қозоғистон вилояти Туркистон шаҳридаги “Карвон сарой” чойхонаси бутунлай ёниб кетди. Ёнғин маҳаллий вақт билан соат 19:05 да бошланди. Ёнғинни бутунлай бартараф этиш учун деярли 3 соат вақт кетди. Ушбу чойхона “Карвон сарой” МЧЖ (масъулияти чекланган жамият)нинг икки қаватли бош биноси ёнида жойлашганди. Дастлабки маълумотларга қараганда ёнғин майдони 600 квадрат метрни ташкил қилади.

Ёнғинни ўчириш учун 70 нафар ўт ўчирувчи, 10 та ўт ўчириш техникаси ва 4 та сув ташиш техникаси жалб этилган. Ўт ўчирувчиларнинг ўз вақтида ҳаракат қилишлари сабабли соат 20:13 да ёнғиннинг бошқа биноларга ўтиши тўхтатилди. Соат 21:50 бутунлай ўчирилди.  Ёнғинда жабр кўрганлар ва қурбонлар йўқ.

Ёнғин сабабларини Туркистон шаҳри Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Ички ишлар бошқармаси ўрганмоқда. Ёнғин жойида Жанубий Қозоғистон вилояти ўт ўчирувчилар лабораторияси иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 март куни Туркистон шаҳридаги "Қуаныш" бозори бутунлай ёниб кетганди. Ёнғинда 600 та савдо ўрни ёниб кетиб, ўз молларини қутқаришга уринган тўрт нафар савдогар турли даражадаги куйиш билан касалхонага тушганди. 


Бошқа мақолалар