Туркияни кейинги босқичга олиб чиққан қозоғистонлик футболчи


  • 15 Октябрь, 2015
  • 1424

Қозоғистон терма жамоасида гол уриб, Туркия учун Францияга олиб борадиган йўлни очган Исломбек Қуат Туркиянинг барча нашрларида тилга олинди.

Евро-2016нинг саралаш ўйинларининг сўнгги матчида Туркия Исландияни 1-0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Қозоғистон терма жамоасининг Латвия термаси устидан ғалаба қозониши билан Туркия термаси учинчи ўринни эгаллаган жамоалар ичида энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб, Францияда ўтказиладиган Евро-2016да тўғридан иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Қозоғистон терма жамоаси Латвия жамоасини 65-дақиқада урилган гол ёрдамида мағлубиятга учратди. Бу голга эса жамоа ярим ҳимоячиси Исломбек Қуат муаллифлик қилди. Мана шу гол Туркиянинг кейинги босқичга чиқишига сабаб бўлди.

22 ёшли Исломбек Қуат ярим ҳимоячи бўлишига қармай Қозоғистон миллий терма жамоасида 4 та ўйинда 2 та гол уришга муваффақ бўлди.

2010 йили “Астана” клубида профессионал футболга кириб келган Исломбек 2014 йили “Қайрат” футбол клубига трансфер этилганди.

1993 йил 12 январда туғилган ёш футболчи миллий терма жамоа формасини илк бор 2015 йили кийди. Терма жамоа сафида энди тўрт бор чиққан Исломбек футбол ҳаётини Астанада бошлади.

Ўз голи билан Туркия терма жамоасининг кейинги босқичга ўтишини таъминлаган Исломбек Қуат Туркия ижтимоий тармоқларида қаҳрамонга айланди.

“Twitter” ижтимоий тармоғидаги баъзи ёзувлар:

- Исломбек Қуат Туркияга келиб партия оч, сенга овоз берамиз.

- Бугун ўлкамизда туғиладиган барча ўғил болаларнинг исмини Исломбек Қуат деб қўйишсин.

- Кимнинг таниш-билишлари бор? 3 ёшли ўғлимнинг исмини Исломбек Қуат деб ўзгартираман.

- Исломбек Қуат биродаримизнинг исми албатта Туркияда бир жойга берилиши керак.

- Туркияга меҳмонга чақирилиб, уч кечаю уч кундуз тўй-тантана қилинсин.

- Қойил Исломбек Қуат! Туркия бу футболчига маош берсин!

- Агар аёлим ҳомиладор бўлганида ўғлимнинг исмини Исломбек Қуат деб қўярдим. Лекин ҳали бўйдоқман.

- Исломбек Қуат миллий қаҳрамон деб эълон қилиниб, давлат ордени берилсин.

- Бу одамга Туркия ватандошлиги берилсин ва бизнинг жамоада ўйнасин.

- Метро станцияларининг бири Исломбек Қуат номи билан аталсин.

- Энди автомобилларнинг давлат рақамлари 80 Усмония, 81 Дузча, 82 Қозоғистон.

Урган голи билан Қозоғистоннинг гуруҳдаги илк ғалабасини таъминлаган ва Туркиянинг Евро-2016 ўйинларига тўғридан-тўғри қатнашиш имкониятини берган Исломбек Қуат ўйиндан кейин матбуотга берган интервьюсида “Бу ғалабадан жуда ҳам бахтлиман” деди. “Туркия ва турк халқи учун ҳам жуда хурсандман. Ўйиндан аввал бошқа жамоаларнинг муаммолари бизни қизиқтирмасди. Аввало ўзимизнинг муаммоларимизни ҳал қилиш ва гуруҳдаги илк ғалабамизни қўлга киритиш эди. Лекин ўйиндан кейин Туркиянинг тўғридан Евро-2016да қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиши хабари мени хурсанд қилди. Бизга биродар бўлган Туркиянинг Евро-2016 да иштирок этиши мени жуда мамнун қилди. Умид қиламанки, улар Францияда муваффақиятга эришишади. Чунки жуда яхши футболчилари бор” деб гапирди. 


Бошқа мақолалар