- 2018-12-19
АҚШда 25 ёшида қамоққа олиниб, 69 ёшида ҳибсдан озод этилган Отис Джонсон замонавий ҳаётга мослаша олмаяпти.Наушниклар билан телефонда гаплашаётган ватандошларини CIA агенти деб ўйламоқда.
АҚШлик Отис Джонсон ҳозирги кунда дунё нашрлари қизиқаётган одамлардан бири. 25 ёшлигида бир полиция ходимини ўлдиришда ташаббус кўрсатиш айби билан қамоққа олинган Отис 44 йил ўтиб озодликка чиқди. 69 ёшли Джонсоннинг озодликка чиқиши илк бор “Ал-Жазира” телеканали тарафидан хабар берилди. Бунинг ортидан 44 йил умрини темир панжара ортида ўтказган Отиснинг замонавий ҳаётга мослаша олмаслиги кўплаб нашрларнинг эътиборини тортди. “Ал-Жазира”даги хабарда Джонсон Нью-Йоркдаги машҳур Таймс майдонида бир кафеда ўтириб, атрофдаги одамларни кузатаётгани кўринмоқда. Технологиянинг ривожланиб кетганлигига аҳамият бермаган Отис “Ҳамманинг ўзи билан ўзи гаплашаётганлигини кўрдим. Ақлдан озишим ҳеч гап эмас эди. Нима қилаётганларини тушуна олмадим. Сўнгра қулоқларидаги наушникларни кўрдим. Бу орқали гаплашаётган эдилар. Шунда ҳаммани агент деб ўйладим. Ичимда “Бунча CIA агенти қачон ишга олинди?” деб ўйладим. 1970 йилларнинг бошида бу каби наушникларни фақат агентлар тақишарди. Шу сабабли улар менга агентларни эслатишмоқа” деди.
Нью-Йорк кўчаларида кезишни давом эттирган қария озиқ-овқатларнинг турли-туманлигига ва уларнинг нари баландлигига тушуна олмаганлигини билдирди. Метролардаги автомат телефонлардан ҳеч ким фойдаланмаётганига жуда ҳайрон бўлганлигини билдирган Джонсон “Қаттиқ шокдаман. Қамоқда ётганимда 1998 йили оилам билан алоқам узилди. Ташқарида нималар бўлаётганидан унча хабарим бўлмади. Шу сабабли ҳайратда қолдим. Ифодасиз юзлари билан у ёқдан бу ёққа чопаётган инсонлар қаерга бораётганларига ҳам қарашмаяпти. Кўзлари, эс-ҳуши, қулоқлари фақат телефонда” деди.