- 2016-03-02
Этник низолар, норозилик намойишлари ва ўғирлик ҳодисалари билан тўлиб тошаётган Украина пойтахти Киев Европанинг энг таҳликали шаҳри бўлиб тан олинди.
Дунёнинг энг катта инсон ресурслари фирмаларидан “Mercer” ҳар йили чоп этадиган яшаш сифати индекси билан бирга Европанинг энг таҳликали шаҳарларининг рўйхатини тузди. “Бошқа ўлкалар билан алоқалар, ички барқарорлик, жиноят кўрсаткичи ва ҳуқуқий низом” каби параметрларни кўзда тутган рўйхатда Ервопанинг энг таҳликали шаҳри Украина пойтахти Киев эканлиги маълум бўлди. Ўлканинг шимолидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг назоратини Россия тарафдори бўлган сепаратистларга топшириб қўйган Киев бошқаруви пойтахтдаги этник низоларга, шиддатли намойишларга ва талончиликка тўсиқ бўла олмаганлиги қайд этилди. Киев 230 шаҳарлик дунё хавфсиз шаҳарлари рўйхатида 189-ўринни эгаллади.
Рўйхатнинг иккинчи ўрнида Сербия пойтахти Белград келмоқда. Умумий рўйхатда 131-ўринда бўлган Белградда зўровонлик жиноятларининг нисбатан кам эканлиги, лекин коррупция, ўғирлик ва вандаллик каби шахсий хавфсизликни таҳликага соладиган ҳолатларнинг кўп учраши қайд этилди. Рўйхатда 124-ўринда бўлган Греция пойтахти Афина Европанинг энг таҳликали бўлган учинчи шаҳари деб топилди. “Mercer” ҳисоботида “Сиёсий ва иқтисодий ноаниқлик билан бирга зўровонликка тўла намойишлар ва эмигрантларнинг кўп кириб келиши ҳам Афинани хавфсизлик рўйхатида сўнгги ўринларга туширди” деган ифодалар жой олди.
Рўйхатда тўртинчи ўринда Болгария пойтахти София, бешинчи ўринда Венгрия пойтахти Будапешт турибди. Иқтисодий кризис, тежаш сиёсатлари ва ишсизлик кўрсаткичи баландлиги каби муаммоларга тўлган Испаниянинг пойтахти Мадрид Европанинг олтинчи энг таҳликали шаҳари бўлди.
Дунёнинг энг хавфли шаҳарлари рўйхатида Ироқ пойтахти Бағдод биринчи, Сурия пойтахти Шом иккинчи, Яман пойтахти Сана учинчи ўринларни эгаллашди. Бу шаҳарлар ортидан Марказий Африка республикасидан Банги, Конгодан Киншаса, Покистондан Карачи ва Кениядан Найроби келмоқда.