- 2012-02-25
Оқденгизнинг ўртасидаги бу катта орол Италияга қарашли. Ҳар хил мафия ҳикоялари билан донг таратган Сицилия, тижорат йўлларининг чорраҳасида ва унумдор ерларга эга бўлиши билан жуда аҳамиятлидир. Антик даврнинг илк асосли давлатларидан бири шу ерда қурилган.
Рим ҳокимиятидан сўнгра ҳазрати Муовия давридан бошлаб мусулмонлар тарафидан бир неча бор жиҳод қилинган Сицилия ороли 827 йили фатҳ этилди. Оролни фатҳ этган ўн минг кишилик флотнинг қўмондони имоми Моликнинг шогирди Асад бин Фурот эди. Сицилияда улуғ олимлар етишди.
Вақт ўтиши билан ислом ҳокимияти заифлашди. Мусулмонлар бир-бири билан тўқнаша бошлади. 1061 йили нормандлар оролни қўлга киритишди. Лекин мусулмонларга дин ва турмуш эркинлиги берилди. Шариат ахкомларини ўз ўрнида қолдирди. Ҳатто мусулмон олимларни ўзига маслаҳатчи қилиб тайинлагани учун ва кейинчалик Рим-Герман императори бўлган Сицилия қироли Фридрих II 1231 йили шаръий ҳукмларни қонунлаштиргач, мусулмонликда айбланиб, Папа тарафидан черковдан қувилди. Шунга қарамай, мусулмонлар исён кўтариб мағлуб бўлгач, оролни тарк этишга мажбур бўлишди. Лекин оролда ва бу орқали Европада ўчмас из қолдиришди. Нормандлар мусулмонларнинг сарой меъморчилигини, армия тузилишини ва ёзишма усулларини, пул босиш усулларини ўзларига мослаштиришди. Арабча асарлар лотинчага таржима қилинди.
Урушлар туфайли хароб бўлган Палермо каби шаҳарларни янгидан барпо этган мусулмонлар асарлари билан Европа меъморчилигига таъсир кўрсатди. Мусулмонлар тарафидан етиштирилган кўплаб ўсимликлар Сицилия орқали бутун Европага танилди. Италия қурилаётганда ислом маданияти қолдирган меросни илгари суриб, оролнинг истиқлолини таклиф қилган Амарий каби сицилиялик зиёлилар чиқди.
Ҳасан Саббоҳнинг одамлари Сицилиядан паноҳ топганди. Французларга қаршилик кўрсатган, сўнгра қароқчиликни бошлаган МАФИЯни шулар қурганлиги, номининг ҳам арабча “махфия” (махфий) калимасидан келиб чиққанлиги айтилади.
Бугун сокин ва фақир бу Италия ороли “Чўқинтирган ота” (Крёстный отец) фильми орқали туристларни ўзига жалб қилмоқда. Оролда ҳозирда кўпчилиги Шимолий Африкалик 30 минг мусулмон яшамоқда.
Шу онда автоном бўлган оролнинг бош шаҳри Палермо, тор кўчалари билан типик Оқденгиз шаҳри. Черковга айлантирилган улуғ жомеда ҳалигача мусулмон излари бор. Асосий бинонинг кириши ва устунлардаги арабча ёзувлар мозийдан дарак бермоқда.
Палермодаги Норманд саройининг асли мусулмонлардан қолган. Саройнинг араб услубида ишланган масжиди ҳозирда ҳашамли христианлар ибодатхонасидир.
Кейинчалик қурилган сарой ва черковдарда ҳам айниқса устун ва шифт безакларида Андулус-Мағриб меъморчилигининг изларини кўриш мумкин. Палермода, Миланнинг асосий дарвозаларидан бири бўлган Порто-Нуовода мусулмонларни тамсил этадиган ҳайкаллар бор.
Палермонинг энг қизиқарли жойи Catacombe dei Cappuccini (Капуцин ер ости қабристони). 1599 йили бир капуцин попи ўлган бир дўстини мумиёлаб, монастирнинг ертўласига жойлаштиради. Сўнгра бошқа роҳиблар бунга қўшилади. Вақт ўтиши билан бу одат, кишининг мавқеи юқорилигини кўрсатадиган рамзга айланади. Шаҳарнинг бадавлат кишилари пул эвазига мумиёланиб, шу ерга қўйилади. Яқинлари келиб, зиёрат қилишади. Майит аввал вақтинча махсус жойга қўйилиб, яхшилаб қуритилгандан кейин девордаги доим қоладиган жойига жойлаштирилади. Баъзи ўликлар ойналик тобут ичида қўйилган. Яқинларининг черковга бериб турадиган пуллари узилгач, ўлик токчага қўйилади. Бу ерга энг охирги марта 1871 йили поп Рикардо қўйилган. Бу нарса маълум бўлгач, шов-шув кўтарилиб, Папа тарафидан бекитилган. 1920 йилги мумиёлар ҳам борлигига кўра, одат яширин давом этган кўринади. Зах ҳиди босган хоналар эркаклар, аёллар, бокиралар, болалар, поплар, ҳуқуқчилар ва бошқалар каби категорияларга бўлинади. У ерда умуман чиримаган 8000 жасад бор. 1252 донаси мумиёланган. Баъзиларининг шахси маълум. Биз у ерга кирганимизда икки мутахассис қўлларида асбоблар билан баъзиларининг тишларини текшириб, ёшини аниқламоқчи бўлишаётган эди. Сўнгги ўлик 1920 йилги Розалиа Ломбардо исмли 2 ёшли қиз бола ва жасади жуда яхши сақланган. Жасад доктор Алфредо Салафиа тарафидан бальзамланган. Ортиқча қуришнинг олдини олиш учун глицерин, бактерияларни ўлдириш учун формалин, вужудни қуруқ тутиш учун спирт, моғорламаслиги учун эса салицил кислота ишлатилган. Рух тузлари билан вужуд қаттиқлиги таъминланган.
Сиракуза Сицилиянинг энг гўзал шаҳри. Ҳозирги кунда ҳам фаол ва тутаб турадиган Этна вулканининг этагида жойлашган. Архимеднинг юрти. Учта кичик кўприк билан қуруқликка боғланган бир оролда жойлашган. Черковда тўртинчи асрда римликлар ўлдирган “кўрларнинг муқаддаси” ҳисобланадиган Санта Лучианинг суяклари ва ашёлари бор.
Шу ерга яқин бўлган Таормина (Тавромений)ни албатта кўриш керак. Жуда чиройли манзараси бор. Мусулмонлардан қолган Корваджо саройи ҳозирда ҳам қад кўтариб турибди.
Профессор Акрам Буғро Экинчи