- 2014-04-07
Чор ҳукумати Туркистонни босиб олишни узоқ йиллардан бери белгиланган режа асосида олиб борди. Биринчи бор бутун Шарқни, шу ҳисобдан Туркистонни босиб олиш дастури Петербург университетининг араб тили профессори Кер тарафидан тузилди. Бу режани рус подшоси тасдиқлади. Шу тариқа Туркистонни босиб олиш режаси аввалдан тайёрланган ҳолда амалга ошди. Петр I нинг топшириғи бўйича Каспий денгизи тарафидан Туркистонни ўрганиб, сўнгра босиб олиш учун ҳаракат бошланган эди. Бу йўлда ташкил этилган Черкассиский экспедицияси кутилмаганда фожиа билан якунланди. Шунга ўхшаш бир неча ҳаракатлар оорқали руслар ўз мақсадларига ета олмагач Туркистон истилосини Каспий денгизи бўйларини босиб олишдан бошлаш режасидан умид узишди. Оқибатда бу йўналишни кейинга қолдириб, Туркистоннинг жануби-ғарбий тарафидан бостириб кириш пайига тушишди.
Кичик Ўрда ва Ўрта Ўрдани босиб олган руслар энди Туркистоннинг ичкарисигача кириб боришни режалаштира бошлашди. Лекин бунинг осон иш эмас эканлигини ўзлари ҳам тушунар эди. Шу сабабдан пухта тайёргарликлар кўриб, Туркистонга бостириб кириш учун иккита катта қўшин билан ҳужум қилишни мўлжаллайдилар. Булардан Сибир қўшини 1836 йилда Олатов ва Оқтовда ҳарбий крепость (қўрғон)ларни қуриш ишларига шўнғиб кетишди. Сўнгра Катта жуз одамларини ўзлари томонга оғдириб, Қоратол дарёси бўйида Капал ҳарбий қўрғонини қурдилар.
Иккинчи қўшин Оренбург гуруҳи бўлиб, 1847 йилда Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган жойдан 60 километр узоқликда “Ратим” деб аталадиган бир қўрғон қурадилар. 1848 йили Орол денгизига “Николай” ва “Бутаков” номли иккита ҳарбий кемасини туширадилар. Кейин бу ерга Швециядан яна иккита ҳарбий кема олиб келинади. Шундай қилиб, бу икки қўшин Қўқон хонлигининг чегара қўрғонлари қаршисига келиб тўхтайдилар. Бу билан улар Туркистоннинг ички томонларига босиб киришга замин ҳозирладилар.