- 2016-07-09
Калифорния штати аҳолиси президентлик сайловида Трамп ғалаба қозонганидан кейин АҚШ таркибидан чиқмоқчи. Калифорния штатининг мустақиллиги учун референдум ўтказиш тарафдори бўлган “Yes California!” ҳаракати лидери Луис Джей Маринелли ўз интервьюсида сайловда Дональд Трампга овоз берганини айтди. Маринелли республикачи президент штат мустақиллигини қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда.
Луис Джей Маринелли “Мен ўз овозимни Трампга бердим. Чунки унинг Калифорния штати ўз-ўзини бошқаришига ёрдам беришига ишонаман. Тасаввур қилинг: Трамп янги президент бўлгани маълум бўлиши билан Калифорния тақдирини ҳал этишда қатнашишни истовчи бир ярим минг одамдан мактуб олдим. Мен билан Пэрис Хилтон ҳам боғланиб, ёрдам беришини исташини айтди” деди.
“Калифорния ҳукумати референдум натижалари ижобий бўлса, штатнинг АҚШ таркибидан чиқишига қонунан таъминлашига ваъда берди. Агар 400 минг имзо йиғиладиган бўлса, Калифорния ҳукумати бутун штат миқёсида референдум ўтказишга мажбур. Лекин бунинг учун биз жамоатчиликка молиявий ривожланиш режасини тақдим қилиб, ушбу процедуранинг зарурлигини исботлашимиз керак. биз референдумни 2018 йил ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Бу Калифорния мустақиллиги борасидаги расмий ва қонуний референдум бўлади” деди.
Бундан ташқари, Калифорния ва Орегонда Тармпнинг президентлигига қарши намойишлар бошланди. Трампга қаршилар Калифорния штатининг Окленд ва Беркли шаҳарларида норозилик намойишлари ўтказишмоқда. Аҳоли унинг президентлигини тан олмаяпти. Матбуот хабарларига кўра, Окленд кўчаларида 200 га яқин одам “У бизнинг президент эмас!” деган хитоблар билан намойишда иштирок этмоқда.
Намойишчилар Трампнинг сайловолди кампанияси шиори бўлган “Make America Great Again” (Американи яна буюк қиламиз!)ни ўт қўйишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, республикачи Дональд Трамп АҚШ президентлик сайловида ғалаба қозонди. Демократик партия номзоди Хиллари Клинтон ўзининг мағлубиятини тан олди.