- 2018-01-25
Осиё ва Европа қирғоқларини денгиз остидан ўтказилган туннел билан бир-бирига боғлаган “Евросиё” туннели очилди. Тадбирда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, бош вазир Бинали Йилдирим иштирок этди.
Туркия президенти тадбирдаги нутқида “Автомобиль туннелининг пойдевори Истанбулнинг Осиё қисмида қўйилди, Аллоҳга ҳамд бўлсинки, очилишини Истанбулнинг Европа қисмида амалга оширмоқдамиз. Бу жуда катта бахт”, деб айтди. Унинг айтишича, туннелдан ўтиш учун тўлов йил охиригача 15 турк лирасини ташкил қилади. Бундан ташган маблағ терактларда ҳалок бўлган ватандошларнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. 24 йил давомида бюджетга 180 миллион даромад келтирадиган лойиҳанинг фойдаси бу муддатдан кейин бутунлай давлатга ўтади. Туннел эвазига Истанбулнинг Казличешме ва Газтепе туманлари ўртасидаги йўлга кетадиган вақт 90 дақиқадан 15 дақиқага камаяди.
Бу туннел сув остида бундай чуқурликда ўтказилган биринчи туннелдир. Уни қуриш бўйича ишлар Босфор остида 106 метр чуқурликда олиб борилган. GSM операторлари Евросиё туннелида мобил алоқа ва 4G хизматини йўлга қўйганлар. Туннелнинг узунлиги 14,6 км ни ташкил қилади. Кўрфаз остидан туннелнинг 5,4 км лик қисми ўтган.
Туннелнинг қурилишига 1,25 млрд доллар маблағ ва 788 та олимпиада ҳовузини тўлдирадиган (2 миллион метр куб) қазиш ишлари, 18 стадион қурадиган (700 минг метр куб) бетон, 10 та Эйфель минораси қурадиган (70 минг тонна) темир сарфланган.