- 2017-05-10
Сабаби даҳшатли бўлса ҳам натижаси сеҳрли...
Метеорит келиб урилишидан ҳосил бўлган кратер кўллари туристларни энг кўп жалб қилувчи жойлардан бири.
1908 йил 30 июнда Сибирнинг шимолидан ерга метеорит келиб тушди. Хиросимага ташланган атом бомбасидан 185 марта қувватли бўлган метеорит тушган жойида катта чуқур ҳосил қилди. Ўша кундан бошлаб, 30 июнь астероид куни сифатида нишонланади.
Динозаврларнинг қирилишига сабаб бўлгани тахмин қилиниб келган метеоритлар фақат вайронагарчилик келтирмайди, албатта. Ер юзига урилганида баҳайбат кратер кўллари ҳам ҳосил қилади. Қуйида “Time” журналига кўра, дунёнинг энг гўзал кратер кўллари рўйхатини келтирамиз:
Қоракўл, Тожикистон
Хитой чегарасида топилган. Бу жой яқин вақтларда сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида топилган кратер. Денгиз сатҳидан 3900 метр баландда ҳосил бўлган Қоракўл, 25 км кенгликда ва Тожикистоннинг Помир тоғларида Хитой чегарасига яқин атрофда жойлашган. Кўл 45 км кенгликдаги чўкманинг ўртасида пайдо бўлган. Чўкиш бундан 5 миллион йил илгари метеорит келиб урилишидан ҳосил бўлган.
Дип Бэй, Канада
Канададаги Рейндир кўлининг жануби-ғарбида жойлашган. 8 км диаметрда бўлган кўл бундан 100 миллион йил илгари ҳосил бўлган. Дип Бэй (маъноси: чуқур кўл) диққатни тортувчи тарзда юмалоқ, жуда теран ва ноёб шельфли.
Клируотер кўли, Канада
Икки астероиднинг тўқнашишидан ҳосил бўлган. Канаданинг Квебек минтақасида бундан 290 миллион йил илгари икки астероид тўқнашишидан ҳосил бўлган икки доирасимон кратер кўли жойлашган. Ғарбий Клируотер кўли 32 км диаметрга, кичикроқ бўлган Шарқий Клируотер кўли эса 22 км диаметрга эга. Кўлларда майда-чуйда кўплаб оролларнинг бўлиши туристларни ўзига жалб қилмоқда. Кўллардаги сувнинг тозалиги ҳам тилларга достон.
Босумтви, Гана
Маҳаллий аҳоли учун муқаддас саналади. Гананинг Кумаси шаҳридан 30 км жануби-шарқида жойлашган Босумтви кратер кўли мамлакатдаги ягона табиий кўл. Кратер бундан 1,3 миллион йил илгари ҳосил бўлган. Кратернинг диаметри 10,5 км. Вақт ўтиши билан кратер сувга тўлиб, бугунги ҳолга келган. Гананинг жанубида яшайдиган этник гуруҳ ашантилар бу кўлни муқаддас деб билишади.
Мистатин, Канада
Канаданинг Лабрадор минтақасида жойлашган Мистасин кратери бундан 38 миллион йил илгари ҳосил бўлган. Диаметри 28 км. Кўлнинг қоқ ўртасида тўқнашувдан кейин ҳосил бўлган орол бор.