Собиқ иттифоқ даврида Қозоғистондаги очарчилик


  • 5 Июль, 2017
  • 1037

1921-1923 йиллари орасида совет минтақасида кенг миқёсда очарчилик юзага келди. 1920 йилининг бошидаги бу очарчилик, кўпроқ Қрим, Украина, Идил-Урал минтақаси ва Қозоғистонга таъсир қилди. Хусусан 1920 йили қиш ойларининг қаҳратон ва узоқ чўзилиши, совет бошқарувининг репрессив сиёсати билан ҳалқнинг урф-одатларини поймол  қилиши очарчиликнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Ўша вақтларда Россиядаги очарчиликни тадқиқ қилиш учун Туркия олий мажлиси тарафидан вазифалантирилган ҳайъатнинг аъзоларидан бўлган Исмоил Субҳи Бей ёзган ҳисоботида “Бу очарлик ва қаҳатчилик энг кўп бошқирд, татар, қозоқ ва қирғиз болаларига таъсир қилди” деб баён қилади ва уларнинг 20-30 минга яқинини Туркияга олиб келишни таклиф қилади.

1930-1933 йиллар орасида ҳам совет режимининг баъзи режалари сабабли яна-да кенг миқёсда очарчилик ва қаҳатчилик келиб чиқди. Украина парламенти, бу очарчиликнинг совет режими тарафидан сунъий равишда, яъни қасддан юзага келтирилганлигини фош этиб,  2006 йил 28 декабрда Сталин давридаги очарчилик “қатлиом” эканлигини қабул қилди. 1930-1933 йиллар орасидаги очарчиликда 10 миллионга яқин украиналик ҳалок бўлган. Айни даврда очарчиликка гирифтор бўлган иккинчи ўлка Қозоғистон эди. Бу очарчиликда ўша вақтдаги қозоқ аҳолисининг ярмига яқини, яъни 2 миллион 230 минг одам нобуд бўлди.

1930 йилларнинг бошида шифокор отаси билан бирга Алматида яшаган 19 ёшли рус қизи Татьяна Невадоская Алмати кўчаларида очликдан ўлган одамларни кўриб, уларнинг изтиробларини қалбида ҳис этганди. Ўз кўзлари билан гувоҳ бўлган қўрқинчли манзарани кундалигига ёзиб, расм билан тасвирлашга ҳаракат қилган.

Татьяна Невадоская бу ҳужжатларни тегишли инсонларга таслим қилаётганида бир эслатма ҳам қолдирганди. Бу эслатмада Невадоская: “Ўша қиш биз учун, айниқса маҳаллий халқ учун шунчалик шиддатли бўлдики, уни таърифлашга тил ожиз. Мен ёш ва ҳиссиётга берилувчан эдим. Шу сабабдан жуда ачинарли ва инсоннинг этини жимирлатиб юборадиган воқеани, яъни очарчилик билан қаҳатчиликни ва ўша вақтлар жоҳил ва бечора бўлган ҳалқнинг вазиятини ўйлаб, кўп изтироб чекдим. Қозоқларнинг бугунги авлодлари очликдан ўлган одамларни, ер юзидан бутунлай ўчиб кетган ва бўм-бўш қолган қишлоқларни, қир-адирларда музлаб ўлган ва хасталанганларни унутмасинлар, дейман.”

Катта миқёсда, Қозоғистондаги  коллективлаштириш ва кўчманчи ҳалқларни ўтроқлаштириш сиёсатининг натижаси бўлган ва Невадоская шоҳид бўлган ҳодисалар, ҳақиқатан, инсоният тарихининг энг даҳшатли фожиаларидан биридир. 1920-1933 йиллар орасида атайлаб юзага келтирилган очарчилик сабабли, қозоқларнинг 49%, яъни 2 миллион 230 минг одам ва уй ҳайвонларининг 90%, яъни 36 миллион ҳайвон нобуд бўлган.

Қозоқ тарихчиси Манас Қўзибоев бу фалокатни қозоқ туркларининг бошига тушган тарихдаги энг қўрқинчли ва энг изтироблиси деб баҳолаган.

Манба: Профессор Аҳмад Бурон “Ўққа тутилган туркология”


Бошқа мақолалар