Жазосиз қолган қатлиом


  • 28 Июль, 2021
  • 1038

Ирқчи оқ танлилар Оклахома Тулсада 300 қора танлини ўлдиради, 800 нафарини яралайди. 1256 уй-жой, 11 черков, 31 ресторан, 20 дўкон, 5 меҳмонхона, кинотеатрлар, 8 шифохона, катта касалхона ва кутубхонани ёқиб кулини кўкка совуришади. 9 минг киши бошпанасиз қолади, қотиллардан бирортаси ҳам судланмайди.

Тулса 400 минг аҳолиси билан Оклахоманинг иккинчи, АҚШнинг 46-чи катта шаҳридир. Номи “Талласи”дан келиб чиққан. Ҳиндулар тилида “Эски ватан” деган маънони билдиради.

Оқ танлилар кикапои, Осаге, Креек ва Жаддо қабилаларини четга суриб ташлаб, шаҳар қуришади (1836). Узун йиллар Арканзас дарёси соҳилида аҳамиятсиз макон сифатида қолса ҳам, нефть топилганидан кейин (1901) одамлар кўчиб кела бошлайди.

Нефть ташиш учун жуда қулай. Ҳам темир йўлдан, ҳам дарё йўлидан фойдаланишади.

Шаҳарнинг келажаги порлоқ эканлигини биринчи бўлиб тушунган одам қора танли О.В.Герли исмли киши эди. 16 гектар ер сотиб олиб, чанг-тупроқ ичига “Гринвуд кўчаси” деб ёзилган лавҳа илади. Ер участкаларини фақат ўз рангдошларига сотади. Бу жой вақт ўтиши билан шаҳар марказига айланиб, қиймати ошади. Чунки пул ё ердан, ё биржадан қозонилади.

Бир неча йил ичида Гринвуд кўчаси шаклланиб, қизил ғиштдан бинолар қад ростлайди. Емакхоналар, ошхоналар, театр ва бильярд заллари мижоз тўплайди.

Маълумки, АҚШда қора танлилар боғда-боғчада ёки шунга ўхшаш хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларда ишлайди. Тулсада эса аксинча судья, аптекачи, нотариус, адвокат сифатида иш юритишади. Турли соҳаларда ўзларини кўрсатишади. Банклар очади, газета чиқаришади. Кафе, дўконлар, хусусий шифохоналар, мактаблар очишади. Яхши пул топиб, яхши кийиниб, яхши автомобиллар минишади. Кун келиб Гринвуднинг номи Уолл-стритга етади.

Оқ танлилар буни ҳазм қила олмай, тиш қайрайди. Маълумки, жанубдаги ирқчилар разил бўлиб, қора танлиларни одам деб ҳисоблашмайди, қул сифатида кўришади. Вашингтон DC, Элейн (Арканзас), Ноксвилл (Теннеси), Омаха (Небраска), Чарлстон (Жанубий Каролина), Лонгвью (Техас) ва Чикаго (Иллинойс) кўчаларида қора танлилар қирғин қилиниб, қўрқув остида тутиб туришарди.

Оқ танли тўдалар Тулсада ҳам намойишкорона қуролланиб, бир баҳона кутишарди. Кутган баҳоналари ҳам тезда топилди.

Ёш қора танли йигит (Дик Роленд -19) лифт ҳаракатланганда мувозанатини йўқотиб оқ танли қизга (Сара Пейж) урилиб кетади. Қиз қўрқиб дод солади. Йигит ҳам қўрққанидан воқеа жойидан қочиб кетади. Сўнгра тутиб, ҳибсга олишади.

Эртаси кун газеталар ҳодисани тажовуз сифатида тақдим этишади. “Осиш керак” дея ташвиқот қилишади. Гижгижловчи нашрлар таъсирида оқ танли тўдалар кўчага чиқишади. Қамоқхонадан йигитни олиб чиқиб, кўча ўртасида калтаклаб ўлдиришади.

Қора танлиларнинг кўзга кўринганлари (улар жаҳон урушида иштирок этган медалли қаҳрамонлар эди) қамоқхона олдида чиқиб, қатлга тўсқинлик кўрсатишга уринишади. Бундан баттар ғазабланган ирқчи тўдалар келиб уларни қуршаб олишади. Тортишув тўқнашувга айланади,оломон тарқалганида ерда 12 та жасад қолади.

1921 йил 31 майдан 1 июнга ўтар кечаси қора танлилар учун даҳшатли кеча бўлади. Ирқчилар Гринвудни босади. Эшикларни бузиб уйларга киришади, эгаларини кўчага отишади. Қўлларига илинган нарсаларни талон-тарож қилишади. Ўша даҳшатли онларни бошидан ўтказган Парриш “Баъзиларнинг қучоқларида гўдаклар бор эди” деб гапирган.

Ирқчи оқ танлилар қари ва хасталарни ташқарига чиқариб овора бўлишмайди, уларга уй билан бирга ўт қўйишади. Полиция ҳам ирқчилар орасида эди.

Эрталаб ирқчилар ўз самолётларига миниб, қора танлиларнинг ёнмаган уй-жойларига ҳаводан ёнар бомбалар ташлайди. Баланд меҳмонхоналар томидан бошлаб ёнади. Полиция фақат томошабин эди. Ирқчилар ўт ўчирувчиларга оловни ўчиришларига йўл беришмайди.

Миллий гвардия ҳамма нарса тугаб, орадан 16 соат ўтгач етиб келади. 300 одам ўлдирилган, 800 нафари яраланган. Комиссия ҳисоботларига кўра 1.256 уй-жой, 10 черков, 31 ресторан, 20 дўкон, ҳисобсиз баққол, кинотеатр ва қора танлилар кутубхонаси ёқилиб, 9 минг киши бошпанасиз қолганди. Улкан касалхона, тўрт аптека ва саккиз хусусий клиника вайронага айланган.

Жасадлар ҳандақларга кўмилади, бир қисми эса Арканзас дарёсига отилади. Гувоҳлардан бири икки юк машинаси ўлик кўрганини айтади, унинг гапига эътибор беришмайди.

Кейинги йилларда Тулса университети архивидаги ҳужжат ва маълумотлар йўқ қилинади. Масалан “Tulsa Tribune” газетасида чоп этилган “Қора танлилар бу кеча қатл этилади” номли мақола кесиб олинади. бу қатлиомдан кўрилган зарар камида 33 миллион доллар (ўша вақтдаги доллар)ни ташкил этади.

Оқ танлиларнинг мақсади аниқ эди: “Сизлар бизга тенг эмассиз, бундан кейин ўйлаб қадам босинглар!” қатлиомдан қутулибқолганлар маҳаллани янгидан қуришига қарамай Гринвуд эски машҳурлигига ета олмайди.

Вазият аниқ, лекин бирорта ҳам оқ танли ҳибсга олинмайди. Ҳеч ким судга чақирилмайди. Ҳуқуқий таъқиб бўлмагани учун суғуртачилар ҳам товон пули тўламайди. Мол-мулклар бир четда турсин, ҳатто жанозалар ҳам қайд этилмайди. Шу сабабли бугунги кунгача қанча одам ўлганлиги аниқ эмас.

Бунга ўхшаш ҳодисалар кўп такрорланади. Масалан 2016 йили яна Тулсада оқ танли полиция Бетти Шелби Теренс Крутчер исмли қуролсиз қора танлини отиб ўлдиради. Лекин ҳибсдан қутулиб қолади.

Ўтган кунлар президент Байден Тулсага гўёки кўнгил сўраш учун хизмат сафари билан келди. Журналистлардан бирининг “Давлат номидан узр сўралиб, товон пули тўланадими?” деган саволига эшитмагандек бўлиб кетиб қолади.

Орадан бир аср ўтиб, мавзу журналистларнинг, киночиларнинг эътиборини тортади. Тирик бўлган сўнгги бир нечта гувоҳга микрофон беришади.

Джордж Монро ўша вақтда беш ёшида бўлган. Ирқчилар уйларига бостириб кирганида опа-акалари билан кроват остига бекинишади. Улардан бири унинг қўлини босади. Энди оғриқдан бақирмоқчи бўлганида акалари оғзини бекитишади. Оёқлари кесиб ташланган бир қария бор эди. Аравачада юриб, қоғоз-қалам сотарди. Ирқчилар унинг бўйнига арқон солиб, автомобилда судраб парчалашади. Доктор А.К.Джексон ўлка миқёсидаги машҳур жарроҳ эди. Ирқчилар уйининг олдига тўпланганда ташқарига чиқади. Уни шу ерда отиб ташлашади. Жароҳати оғир эмас эди, лекин қон йўқотишдан ҳалок бўлади.

2018 йилги сўровномаларга кўра тулсалик қора танлилар полицияга ишонишмайди. Аҳолининг 15%и қора танли бўлишига қарамай ташкилотда деярли йўқ. Оқ танли полициялар эса турли баҳоналар билан қора танлиларни ҳибсга олишда давом этмоқда. 


Бошқа мақолалар