- 2024-09-12
Интернет тармоқларида Алмати ва Астана орасида жуда тез юрувчи поезд қатнови лойиҳаси оммалашиб кетди. Ушбу роликни биринчи бўлиб, машҳур блогер Александр Цой ўзининг “Facebook” саҳифасида эълон қилди.
Видеода ер устида ҳаракатланувчи Қозоғистоннинг иккита шаҳрини бирлаштирувчи “Hyperloop” асосидаги поезд схемаси кўрсатилган.
“Hyperloop” (инглизчадан “гиперҳалқа”) – кашфиётчи ва тадбиркор Илон Маск томонидан таклиф қилинган вакуум поезд лойиҳасидир. Лойиҳада қувур ичида 480 дан 1 220 км/соатига ҳаракатланадиган транспорт капсуласи жойлаштирилади. Шу тариқа, Маскнинг сўзига кўра, Лос-Анжелесдан Сан-Францискога бўлган йўл (тикка масофаси 561 км) 30 дақиқа вақтни олади.
Қозоғистон лойиҳасига келсак, Астанадан Алматигача бўлган йўл бир соат вақтни олиш мумкин. Видео муаллифи ушбу хабарни “WhatsApp” орқали олганлигини ва манбанинг ишончли эканлигини тасдиқламади. Лекин бу лойиҳа келажак лойиҳаси биз ўйлагандан анча яқинроқ эканлигини кўрсатади.