- 2022-04-28
Қозоғистон пойтахти Астана шаҳри МДҲ давлатлари ичидаги Россия туристлари учун энг машҳур шаҳар деб тан олинди. Ушбу рейтинг сайёҳлик турларининг таклифлари ва меҳмонхоналарни онлайн брон қилиш маълумотларидан келиб чиққан ҳолда тузилди.
“ТурСтат” аналитик агентлиги 2017 йил ёзда саёҳат қилиш учун МДҲ давлатларининг энг машҳур шаҳарлари рейтингини тузди. Ушбу рўйхатни Қозоғистон пойтахти бошқариб бормоқда.
МДҲ давлатларининг энг машҳур шаҳарлари ўнталигига Астана, Боку, Минск, Ереван, Тошкент, Алмати, Кишинев, Бишкек, Киев ва Ашхобод киритилди.
Таҳлилчилар Астанага бўлган қизиқиш шаҳарда ўтказилаётган ЕХРО бутунжаҳон кўргазмаси билан боғлиқ эканлигини билдиришди. “ТурСтат” маълумотларига кўра, туристлар Астана ва Алмати шаҳарларига ўртача уч ярим суткага келишади ва суткасига меҳмонхона учун 70-80 доллар сарфлашади.
Россияликлар кўпроқ Боку шаҳрида 5 кун дам олишади, энг қисқа сафарлари Кишинев ва Бишкекка бўлиб, бир суткани ташкил этади. Таҳлилда яна сайёҳлар учун энг арзон МДҲ шаҳарлари Ашхобод ва Бишкек, энг қиммат шаҳарлар эса Астана ва Боку эканлиги айтилган.