Японлар миллий алифбосини қандай сақлаб қолди?


  • 28 Июнь, 2017
  • 1054

Машҳур татар сайёҳи Абдуррашид Иброҳим (1857-1944), ўтган асрнинг бошларида Японияга қилган саёҳатида уларнинг ижтимоий-маданий қадриятларини ўрганди. Токиода таклиф қилинган бир конференцияда японларнинг алифбосини ҳимоя қилган профессор Такитани тинглади. Бу нутқнинг хулосасини қуйида Абдуррашид Иброҳимнинг қаламидан ўқийсиз:

“...Биз японларнинг заиф вақтимизда душманлар орамизга сизиб кирган. Бузуқ фикрларини ёйиш учун кечаю кундуз тинмасдан миллатимиз орасига айрилиқ уруғини экяптилар.  Ҳар тарафда фитна уйғотиш учун чоралар излаб жирканч фикрларини ёйиш учун қўлларидан келган барча ишни қилишдан тортинишмаяпти. Мақсадлари бизни бир-биримиздан айириб, қуч-қувватимизни камайтиш ва ниҳоят бизнинг руҳимизни заҳарлаб охир оқибат бизни ўзларига қул қилиб олишдир.

Ҳозир у бадбахтлар бизнинг 2000 йилдан бери фойдаланиб келаётган алифбомизга кўз тикишган. Инсонларнинг авом қисмига бир неча далиллар кўрсатиб бизнинг иероглифмизни оғир-қийин деб ўқиш ва ёзиш учун бошқа алифбо қабул қилишимизни тавсия қилишяпти.

Тўғри, бугунгача ишлатиб келаётган иероглиф бизнинг ўз ҳарфларимиз эмас. Аммо бизга қўшни бўлган Хитой миллатининг ҳарфларидир, биз 2000 йилга яқин бундан фойдаланиб келяпмиз. Ҳозир худди ўз мулкимиз, ўз ҳуқуқимиздек бўлиб қолган. Ҳам ўз мулкимиздир, чунки кўплаб илова ва ислоҳотлар киритганмиз. Бугунгача миллионлаб китоб бу алифбомизда чоп этилган. 50.000.000 аҳоли бу ҳарфлар билан ўқиб-ёзяпти. Бу ҳарфларни бошқа ҳарфларга ўзгартириш аҳмоқона иш бўлмайдими?

Бундай қилиш мумкин эмаслигини улар ҳам билади. Уларнинг асл мақсадлари бизни бўлиш. Шу сабабли бу масалани муаммо қилиб кўрсатишмоқда. Бизнинг Европапараст ақлсиз аҳмоқларимиз бу ишни амалга ошириш мумкин ёки мумкин эмаслигини, фойда ва зарарларини ўйламайди. Фақат ўшаларнинг сўзларига кириб “Шундай бир нарса кашф қилдим” деб майдонга чиқишади. Улар кўр кимсалардир. Уларнинг бу гапларига эътибор қилинмайди. Улар ватан хоинларидир, зеро душманларнинг сўзига берилганлар. Дўстлар ва дўстлик фикрида бўлганлар миллатнинг хароб бўлишига хизмат қилмайдилар. Миллатнинг фикрларини бундай аҳамиятсиз нарсалар билан бўлиш, миллатнинг бир қисмини ажратиш, миллатнинг хароб бўлишига хизмат қилишдир. Шу кўриб турганингиз 20-30 минг турли шакллардан иборат япон алифбоси, биз японлар учун табиийдир. Қаранг, бугун мамлакатимизда ўқиш-ёзишни билмаган одам йўқ, бу алифбомиз табиий бўлмаганда эди бу даражада ёйилмас эди. Ҳозирги кунда 50 миллионлик аҳолига маорифни ёйишга восита бўлган, табиатимизга ғоят муносиб келадиган бу иероглифдир.

Бу кунларда ёшларимизнинг миссионерлар макрига алданиб, алифбомизнинг ўзгартирилиши ҳақида фикр билдириши табиатимизга зид бўлган ҳаракаттир. 2-3 минг йил мобайнида миллатимиз учун табиий бўлиб қолган бир нарсага хилоф иш қилиш, хоинликдан бошқа нарса эмас. Агар иероглиф маориф ва тараққиётга моне бўлганида эди, мамлакатимиз 50 йил ичида бу даражага юксала олмас эди. Мен умид қиламанки Япония яна 50 йилдан кейин ер юзида биринчиликни қўлга киритади...”

Профессор Такита гулдурос қарсаклар билан нутқини якунлади. Унинг асл нутқи ғоят тафсилотли эди. Мен фақат шуни ёза олдим.

Кейин мен бу хусусда Япониянинг давлат одамларидан ва мамлакатнинг илғорларидан кўплаб одамлар билан шахсий суҳбатларда бўлдим. Менимча миссионерлар у ерда яна минг йил фаолият кўрсатса ҳам бекорга вақт йўқотган бўлади. Ҳатто ҳукумат одамларининг бири шундай деди:

“Бугунги кунда давлатимизнинг барча сирлари бу иероглиф билан чоп этилган. Ҳатто бу иероглифимиз давлатимизнинг маънавий бир қувватидир. Миллатимиз иероглифдан воз кечса ҳам ҳукуматимиз хеч қачон воз кечмайди. Аксинча ҳукумат буни янада кенгроқ ёйишни режалаштирган.”


Бошқа мақолалар