Тарихга кўмилган тарихий шаҳар


  • 25 Май, 2018
  • 1116

Бугунгача ҳамма бир оғиздан тинмай Йозеф Менгеле, яҳудийлар қирғини, немисларнинг русларга қилган ваҳшийликлари ҳақида гапирилди. Лекин бугун аксинча немисларга раво кўрилган ваҳшийлик ва қатлиомдан гап очмоқчимиз.

Дрезден...

Бир вақтлар Германиянинг маданият ва тарих пойтахти бўлиб, кўплаб музейлар, тарихий биноларга бой эди. Эльба дарёси қирғоғида жойлашган бу шаҳарга “Эльбанинг Флоренцияси” дейиларди. 1200 йилларда катталашиб, ўнлаб уруш ва вайронагарчиликларни кўрган, лекин 1945 йилгача бутун тарихий ва маданий ёдгорликларини сақлаб қола олган шаҳар эди. Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан аввал 500 минг аҳолига эга бўлиб, урушнинг сўнгги йилларигача ҳеч бомбаланмагани учун халқ тарафидан “хавфсиз шаҳар” деб номланиб, аҳолиси 1 миллиондан ортиб кетганди.

Иттифоқдошлар учун ҳам шаҳарнинг энг жазб этувчи нуқтаси шу эди. Шаҳарда кўп аҳоли бор ва ҳаво ҳужумларидан ҳимоялайдиган ҳеч қандай аслаҳалари йўқ. Бу тарихий шаҳар бомбаланиши учун шаҳар ташқарисида жойлашган ҳарбий ўқ-дори омборларидан бошқа сабаб йўқ эди. Лекин русларнинг илгарилашини осонлаштириш, немис армиясини қийин аҳволга тушириш ва энг муҳими бирин-кетин таслим бўлаётган немислардан уруш тугаш арафасида яна бир бор интиқомини олиш учун амалга оширилган ҳужум эди. 

Ҳужум 13 февраль шом вақти бошланди. Инглиз ва америкаликлар ҳақиқатан мукаммал режа тузгандилар. Илк қадамда шаҳарга бомба ташланади. Сўнгра орадан 3 соат ўтгач, немислар ярадор ва ўлганларни тўплаш учун яширинган жойларидан чиққанларида яна бир ҳаво ҳужуми амалга оширилиб, қатлиомда ўладиганлар сони орттириларди.

Бу режани муваффақиятли амалга оширишди. Илк ҳаво ҳужумини амалга оширадиган самолётлар соат 22:14 да Дрезден устидан бомбаларни ташладилар. Бу бомбалар портловчи, фосфор бомбаларидан иборат эди. Мақсадлари портловчи бомбалар билан шаҳарни вайрон қилиб, олов ёрдамида кулини кўкка совуриш эди.

Илк бомбада сиреналар ишга тушиб, аҳолининг катта қисми ҳужумдан сақланиб қолганди. Кўплари 1-2 соат ўтгач, бекинган жойларидан чиқиб, бир-бирларига ёрдам беришарди. Катта ёнғинлар атрофни қоплаб, одамлар ваҳимада ўзларини кўчага ташлаганди.

Лекин даҳшат ҳали ниҳоясига етмаганди... Кечаси такроран иттифоқдош кучлар ҳужумларни бошлади. Бу сафар ҳам халқ сиреналар ёрдамида огоҳлантирилди. Лекин илк бомбардимон сабабли электр симлари узилиб, сиреналар фақатгина шаҳардаги ходимлар тарафидан чалинарди. Бу эса фақат ўша кўчадагиларни хабардор қила оларди. Инглизлар ўзлари учун ажойиб, лекин немис аҳолиси учун қўрқинчли нишонни мўлжалга олганди: марказий поезд станцияси ва ёнида жойлашган катта парк. Яъни халқ ёнғиндан қочиб, паноҳ топган иккита катта ҳудуд...

 01:21 билан 01:45 орасидаги 25 дақиқалик муддатда бу жойга 2000 тоннага яқин портловчи ва фосфор бомбаси ташланди. Энди одамлар учун қочадиган жой қолмаганди. Аланга одамлар қаерга қочса, шу ергача таъқиб этарди. Иссиқлик 1500 даражагача кўтарилиб, биноларда бўлганлар ё оловдан, ё тутундан заҳарланиб ўларди, ташқаридагилар эса асфальтга ёпишиб қолган териларини ажрата олмай тириклайин ўтда ёнди.  

Буларни бошидан ўтказган Рудолф Айкнер ўша кунларни шундай хотирлайди: “Ҳеч ердан сирена овози эшитилмасди. Иккинчи ҳужум биз учун кутилмаган бўлди. Биз ҳали нима юз берганини англамасдан касалхона ертўласига киришга уриндик. Бомбардимон шунчалик шиддатли эдики, одамлар оёқда тик туролмасди. Ҳамма чўккалаган куйи ҳаракат қилишга уринарди... Ёнғинлар туфайли ертўлаларга тиқилган одамларнинг кўплигидан нафас олишга қийналардик. Ҳавода ёнғинлар дастидан кислород қолмаганди. Ҳар тўртала томон ёнган ашёлар, чўғга айланган темир парчалари ва куйган инсон баданларига тўлганди. Ёниб-куйган одам баданлари сочилиб ётарди.”

Ўша кеча бошқа ҳужум бўлмади. Ҳатто эртаси пешингача ҳеч қандай ҳужум бўлмади. Омад кулиб боқиб омон қолганлар ярадорларнинг яраларини боғлаш, ёнғинни ўчириш ва ўликларни тўплаш учун аста-секин паноҳ топган жойларидан чиқа бошлади. Лекин инглиз ва Америка кучлари тўхташ ҳақида ўйлаб кўрмасди. Шу куни, яъни 14 февралда иттифоқдош кучлар такрор шаҳар устида учишни бошлади. Илк нишон табиийки Дрезден эди. Агар Дрезденни бомбалаш учун ҳаво етарлича очиқ бўлмаса, иккинчи нишон сифатида Хемниц танланганди. Дрезден бомбардимони учун 771 тонна портловчи модда сарфланди.

Бомбардимон тугади, лекин ортда юзминглаб жасад, ёнган бинолар, фарёду фиғон қилаётганлар, ёнаётган одамлар, умидсизлик қолганди. Дрезден шаҳрининг 80%и бутунлай вайрон бўлди. Бомбардимондан кейин шаҳарга кирган СС отрядлари ўликларни чиримасдан аввал ёқиш учун шаҳар марказига тўплашга уринди. Бу ишга 2 ҳафтадан кўп вақт кетди.

Инглиз ва америкаликлардан кейин Дрезденга руслар кирди ва қолган-қутган биноларга ҳам ўт қўйиб, бузиб, шаҳарни бутунлай харитадан ўчириб ташлади.

Бугунги рақамларга қарайдиган бўлсак, иттифоқдош кучларига кўра 25 минг, немис кучлари ва мантиқан ҳисобга кўра, 150-250 минг атрофида тинч аҳоли ўлдирилганди. Бу қатлиом Хиросима ва Нагасаки билан бирга одамзот тарихида юз берган энг улкан қатлиомлардан биридир. Лекин урушдан кейин бу қатлиомда айбланган Британия ва Америка яқинларини йўқотганларга ҳамда Германияга бадал тўлашдан бош тортди.

Чунки улар урушда ғалаба қозонишди. Тарихнинг энг муҳим ҳақиқати шу ерда яна бир бор намоён бўлди. “Тарихни ҳамма вақт ғолиблар ёзади!” Бугун ҳам интернетдан “Дрезден қатлиоми” деб изласангиз, кўпроқ “Дрезден бомбардимони” кўрсатилади. Чунки бу тарихни ғолиблар ёзган ва улар буни қатлиом эмас, бомбардимон тариқасида ёдда қолишини хоҳлаганлар.


Бошқа мақолалар