Оқмасжиддаги қонли жанглар


  • 10 Март, 2012
  • 1841

 Оқмасжид 1817 йилда Сирдарёнинг чап қирғоғида Қўқон хонлиги тарафидан қурилган бир қўрғон эди. Бу қўрғон душманга қарши қалъа вазифасини ҳам бажарар эди. Бу қалъанинг қўмондони кейинчалик Шарқий Туркистон давлатини қурган Ёқуббек эди. Ёқуббек ҳарб ва жанг қилиш санъатини мукаммал эгаллаганлиги сабабли бу чегара шаҳарга кўз тиккан душманнинг кичик ҳаракатларини ҳам сезарди. 1852 йил 16 апрель куни шаҳар чегара соқчилари русларнинг фотографларини тутиб оладилар. Бу воқеадан кейин генерал Перовскийнинг буйруғи билан полковник Бламберг 600 пиёда, 200 отлиқ, 15 тўпгача бўлган аскарлар билан қалъани қамал қилдилар. Қалъада 50 нафар соқчи ва 70га яқин савдогарларгина бор эди. Шаҳар ичидаги қўрғон крепостлардан:

1) Чим қўрғонда 12 аскар;

2) Қамиш қўрғонда 25 аскар;

3) Қўш қўрғонда 4 аскар;

4) Жолин қўрғонда 40 аскар;

5) Янги қўрғонда 3 нафаргина аскар бор эди.

Шаҳар деворлари душман ҳужумига қарши қалин қилиб қурилган бўлиб, унинг қалинлиги  тўрт саржин эди. Икки қатор девор 6 бурчакли қилиб қурилган эди. бу қўрғонни душманнинг артиллерия ўқлари буза олмасди. Душман сон жиҳатдан кўп бўлгани учун шаҳарнинг ташқи тарафини босиб оладилар. Аммо Оқмасжид мудофаачиларининг қаҳрамонлиги билан душман орқага улоқтириб ташланади. Бу чекинишдан ва Туркистон туркларидан олган сабоқларидан кейин душман янада кучлироқ тайёргарлик кўришни бошлайди. Иккинчи марта Оқмасжидга ҳужум қилиш учун генерал Петровскийнинг ўзи 1250 отлиқ аскар, 4 пиёда батальон, 36 тўп ва ҳарбий муҳандислик бўлимлари, сув кучлари билан шаҳар атрофига ўрнашади.

Биринчи марта мағлубиятга учраганидан қўрқиб қолган руслар бу галги жангни “экспедиция” деб атайдилар. Душман шаҳар чегарачиларидан шаҳарни топширишни сўрайди, бунга жавобан ботир чегарачилар уларга қарши ўқ отадилар. Бу вақтда Оқмасжидда Қўқон хонлигининг 250 нафар аскари тўпланади. Қўқон хонлигидаги ичик низолар сабабли душманга қарши етарли куч келмаган эди. Қўмондон Ёқуббек ёрдамсиз қолди. Шундай бўлса ҳам қаҳрамон мудофаачилар Оқмасжидни 22 кун ҳимоя қилиб турдилар. Алал оқибат ўзларидан 15 марта кўп бўлган душман билан жанг қилишга қувватлари қолмади. Жангда Европа жанг техникасига эга бўлган русларнинг оз сонли, оддий қуролланган чегарачиларга нисбатан анча қобилиятсиз эканликлари билиниб қолган эди. 1852 йил 19 июль куни чегара соқчиларидан 20 киши девордан ошиб тушиб, русларнинг қоровул қисмларига ҳужум қилдилар. 22 июль куни яна 40 нафар чегарачи русларнинг ички томонига ҳужум қилади. Руслар ҳақиқатдан ҳам туркистонликлардан шармандаларча енгила бошлайди. Перовский Оқмасжид деворларининг остига портловчи моддаларни қўйишни буюради. 27 июль куни девор тагидаги портловчи моддалар портлаб, 40 саржин девор қулайди. Чегара соқчилари бу ердан русларнинг ичкарига киришига йўл бермайдилар. Лекин душман кўп куч билан ҳужум қилади. Мудофаачиларга Чимкентдан келиши лозим бўлган ёрдам кучлари етиб келмайди. Русларни шаҳарга киритмасликнинг чорасини кўриш ҳақида Худоёрхонга бориб хабар бериш учун қўмондон Ёқуббек ўз ўрнига Муҳаммад Валини қолдириб кетган эди. Муҳаммад Вали девор қулаган куни аскарларига душманга тирик қўлга тушмаслик ва Ватанни сўнгги томчи қонлари қолгунча ҳимоя қилишга буйруқ бериб, руслар билан жангда шаҳид бўлади. Мудофаачилар шаҳарни топширмайдилар. Душман катта куч билан бостириб киради. Шаҳарда 83 нафар аёл, 65 нафар ёш бола, 300 га яқин эркак бор эди. улардан 226 эркак, 4 нафар аёл ва болалар ҳалок бўлади. Қолган қаҳрамон йигитлар яраланганди. Руслар шаҳарга бостириб кирганида қўлига милтиқ олиб курашадиган биронта ҳам киши қолмаганди. Аёллар, ҳатто болалар ҳам душманга қарши сўнгги дақиқаларгача курашдилар. Босқинчилар ярадорларни отиб ўлдирдилар. Болаларни отлиқ аскарларга қилич билан жанг қилишни ўрганишлари учун нишон сифатида бердилар. Уларнинг ҳам бошлари қилич билан кесилди. Босқинчиларда мудофаачиларга қараганда тўрт баробар кўп йўқотиш бўлган эди.

Оқмасжиднинг қўлдан кетганлигидан қаттиқ таъсирланган Тошкент беги Шабдон Ҳожи кейинроқ, Сопибеклар ўз аскарлари билан босқинчиларга қарши йўлга чиқиб, вақтни бой берганлари учун бир неча маҳаллий жанглар қилиб, орқаларига қайтади. Ёқуббек Худоёрхонни ватаннинг эркинлигини, дахлсизлигини сақлаб қололмагани учун айбдор билиб, Бухоро амирлиги қарамоғига ўтиб кетади. Шу ердан Шарқий Туркистонга кетиб, ўзининг давлатини қуради. Босқинчиларнинг Сибир қўшини 1854 йили Олатов этагидаги Қўқон хонлигининг Тўйчибек қўрғонини босиб олиб, Верний (ҳозирги Алмати) шаҳрини қуришга буйруқ беради. Туркистонликлар шаҳарни қурадилар. Бу қўшинга қарши чиқиш учун келган Қанатшоҳ 1860 йил 24 октябрда орқага чекинади. Орадан кўп ўтмай Қўқон хонлигининг Пишпек, Мерке, Тўқмоқ, Еттисув қўрғонлари ҳам душман қўлига ўтди.

Оренбург қўшини Туркистон шаҳри атрофидаги ерларни эгаллаб, босқинчиларнинг ҳар икки гуруҳи 1863 йили шаҳарга яқинлашадилар. Бу вақтда Қўқон хонлигида ички вазият оғирлаша бошлайди. Худоёрхон босқинчиларга қарши кураша олмайдиган киши эди. Босқинчилардан Ватанни сақлаб қолиш учун Худоёрхоннинг укаси Маллахон чиқади. У 1858 йили Худоёрхонни тахтдан ағдариб, хонликни бошқаришга киришади. Маллахон Ватанни сақлаб қолиш учун ҳарбий ишларга кўп куч сарфлади. Шунинг учун Қанатшоҳ қўмондонлигидаги қўшинни тузди. Туркистон, Авлиёота шаҳарлари атрофига қўшимча истеҳкомлар қурди. Кўплаган тўплар ясаттирди. Маллахон бир томондан мамлакат хўжалигини тиклаш, иккинчи томондан  босқинчилардан ҳимояланиш чораларини кўраётган вақтда Бухоро амирлигида қочиб юрган Худоёрхоннинг буйруғи билан жияни Шоҳмурод тарафидан 1862 йилда ўз саройида ўлдирилди. Шоҳмурод хон бўлади. Худоёрхон тахтини қайтариб олиш учун унга қарши уруш очади. Бундан фойдаланган Бухоро амири Музаффар Қўқон хонлиги ерларини босиб олади. Маллахон тарафдори бўлган қўмондон Алимқул ва унинг ёш ўғли Султон Саййидлар тахтни қўлга олади ва ички душманларни қува бошлайди. Мамлакатда бундай оғир вазият бўлиб турган вақтда душманнинг Сибир гуруҳи 1864 йил Авлиёотани босиб олади. Оренбург гуруҳининг бир отряди Туркистон шаҳрига ҳужум бошлайди. Босқинчиларни шаҳарга киритмаслик учун курашган ботир, қаҳрамон Султон Содиқ, тоғ бургути Кенасарининг ўғли Ўрта жуз хони Абилайнинг невараси эди.

Султон Содиқ босқинчиларни Туркистон шаҳрига киритмаслик учун душманга қаттиқ қаршилик кўрсатса ҳам, 1864 йил 5 июнда руслар шаҳарни босиб олдилар. Султон Содиқ Сўзоққа чекиниб, душманга қаршилик кўрсатади. Душманнинг Чимкентга яқинлашиб келаётганини билган Алимқул Султон Содиқ билан бирлашиб, Чимкентда русларга қарши жанг қилишга келишадилар. Чимкентни ҳимоя қилишга киришадилар. Чимкент шаҳри Қўқон хонлигининг энг кучли қўрғони эди. Бу шаҳардаги мудофаа чизиқлари тепаликка ўрнатилганлиги сабабли душманга ҳужум қилиш учун ноқулай эди ва кўп қон тўкишга мажбур қиларди.

Рус генерали Черняевнинг кўрсатмаси бўйича: Чимкентни қўлга киритиш бутун Туркистоннинг калитини қўлга киритиш билан баробар эди.

Чимкентнинг мустаҳкам истеҳкомга эгалиги ва бунинг устига у ерда Алимқул қўмондон бўлиб турганлигини тушунган руслар шаҳарни уч тарафдан ўраб, ҳужумни бошладилар.

Руслар 1300 аскар ва уларга керакли қуроллар билан 1864 йил 7 июль куни Чимкентга ҳужум қилдилар. 15 июль куни руслар бу вақт ичида ўлган аскарларини йиғиштириб олиш учун бир кун вақт ажратдилар. Шу куни Чимкент мудофаасида шаҳид бўлган қаҳрамонларни ҳам дафн қилдилар.

Бош қўмондон Алимқул шаҳидлар қабри олдида бош эгиб, ўз қўшини ва халқ олдида оташин нутқ сўзлади. У Ватанни босқинчилардан сақлаб қолиш, келажак авлод бўйнига душман бўйинтуруғини солмаслик ва эркинлик учун уларни ватандан қувиб чиқармагунча курашни тўхтатмаслигини айтиб, қасам ичди. Алимқул ва Султон Содиқ 10000 аскари билан 22 июль куни душманга қарши ҳужумга ўтди. Ўртада қонли жанглар бўлди. Икки томон аралашиб кетиб, қўл жангги бошланади. Кучи ортиқ бўлишига қарамай генерал Черняев ортга чекинади. Алимқул русларни Чимкентдан 40 км узоқликкача қувиб чиқаради. Черняев рус подшоси Александр II дан ёрдам сўрайди. Султон Содиқ қўшинга ёш йигитларни олиб, уларга жанг техникасини ўргата бошлайди. Руслар бир ярим ой тайёргарлик кўриб, қайта ҳужум бошлайди. 1864 йили 18 сентябрдан 22 сентябргача Тошкентга борадиган йўлни босиб оладилар ва Чимкент шаҳрини артиллерия ёрдамида тинимсиз ўққа тутадилар. Чимкент қаҳрамонлари Тошкент билан алоқа қила олмайдилар. Шаҳарни сув билан таъминлайдиган Қашқарота булоғи руслар қўлига ўтгандан кейин Чимкент қаҳрамонлари сувсиз қолади.

Шундан кейин Алимқул ва Султон Содиқ ўз аскарлари билан Чимкентни ташлаб чиқиб, душманни ёриб ўтиб, Тошкентга борадилар. Шундай қилиб руслар Чимкентни 1864 йил 22 сентябрь куни қўлга киритади. Босқинчилар учун бундан кейинги қийин масала Тошкент шаҳрини босиб олиш эди. Бу учун улар бор кучларини солиб тайёргарлик кўра бошлади.

Босқинчиларга қаршилик кўрсатиш учун Тошкентда ҳам катта тайёргарликлар олиб борилади. Руслар Тошкентни қўлга киритиш учун бир неча уринишлар қилса ҳам, уни босиб ололмадилар. Кейин руслар 1864 йил 1 октябрда ҳужум қилиб, 4 октябрь куни шаҳарни босиб оладилар. Тошкент учун бўлган жангда душман тарафдан ўлган аскарлар жуда кўп бўлиб, бу миқдорни босқинчилар ҳозирги кунгача яшириб келишади.


Бошқа мақолалар