Ўзбекистон Қозоғистонга автобус сотмоқчи


  • 10 Августь, 2017
  • 807

Бугун “ЭКСПО-2017” кўргазмасида Ўзбекистон павильонида ўзбек-немис “JV MAN Auto-Uzbekistan”компанияси газ билан ҳаракатланадиган автобусни намойиш этди.

Компания вакилларининг билдиришича, МАN A22 CNG автобуси табиий газ билан юради. Атроф-муҳитга зарарли тутунлар чиқармайди. Автобуснинг кузови бутунлай алюминийдан ясалган. Бу унинг фойдаланиш муддатини узайтириб, асфальт сифатига зарар етказмайди. “JV MAN Auto-Uzbekistan” компаниясининг сотиш бўйича менеджери Радим Гендлер газ билан ҳаракатланадиган автобус йўловчиларга ҳам зарарсиз эканлигини айтди.

“Автобуснинг оғирлиги алюминий кузов билан бирга 12 тонна. Бу бошқа темир кузовлик жамоат транспортларидан 10%га енгил эканлигини кўрсатади. Газ балонлари автобуснинг устига ўрнатилган. Ушбу автобус Европада синовдан ўтган. Газ балонлари алюминийдан ясалиб, карбон билан қопланган. Шунинг учун темир зангламайди, газ сизиб чиқмайди. Албатта, бу балонлар махсус синовдан ўтказилган. Автобусларда ёнғинга қарши жиҳоз ўрнатилган. Йўл транспорт ҳодисаси юз берганда газ очиқ ҳавога тарқалиб, автобус портламайди” деди.

Ушбу Ўзбекистон автобусларининг нархини ҳар қандай компаниянинг чўнтаги кўтармайди. Компания бош директорининг сотиш ва хизмат кўрсатиш бўйича ўринбосари Сардорбек Усманбеков замонавий намунада ясалган транспортнинг баҳоси буюртма берувчининг талабига кўра бўлишини билдирди.

У “Барчаси харидорнинг талабига боғлиқ. Биз ҳали қозоғистонлик буюртмачилар билан гаплашмадик. Лекин заводдан чиққан янги стандарт комплектациядаги автобуснинг нархи тахминан 200 минг еврога тенг. Бу бир автобуснинг нархи. Ҳозирча бизда икки томонлама шартнома тузилмаган. Биз йилига 4 автобус чиқаришга тайёрмиз” деди.

Бу билан бирга Сардорбек Усманбеков машинасозлик соҳасида қозоғистонлик компаниялар билан алоқа ўрнатилганини айтди.

“Биз “СарыАрқаАвтопром” МЧЖ билан махсус мемарандум туздик. Қостанайдаги “СарыАрқаАвтопром” компаниясига оғир юк машинасини олиб келдик. Тажриба сифатида юк машиналарини шу ерда йиға бошладик. Яъни Қозоғистон автомобилни йиғади. Биз Қозоғистондаги ишимизни мана шу транспорт билан бошладик. Маҳсулотимизни сертификациядан ўтказдик” деб маълумот берди. 


Бошқа мақолалар