- 2020-06-18
Сўнгги 12 йилда илк бор Лондон метросида теракт юз берди. 2005 йилги портлашлар натижасида 50 киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, бу сафар йўловчилардан ҳеч ким бахтли тасодиф туфайли ҳалок бўлмади. Таймер билан жиҳозланган қўлбола бомба вагон ичида пластик челакка жойлаштирилганди. У тўлиқ портламай қолди. Шунга қарамай, портловчи модда ёнишидан 29 киши жароҳат олди. Сўнгги маълумотларга кўра, 21 киши касалхонада даволанмоқда. Қолганларига уйига жавоб берилган.
Метродаги портлашдан кейин қироллик ҳукумати террористик хавфни максимал даражагача кўтарди.
Тереза Мэй “Бу навбатдаги терактнинг юз бериш эҳтимоли жуда юқори эканлигини билдиради” деди.
Британия бош вазирининг сўзларига кўра, бу вақт ичида ҳарбий хизматчилар полиция ходимларига шаҳарда патруллик қилишда ёрдам беради.
Британия ҳукумати сўнгги бор “террористик хавфнинг “кескин” даражасини жорий йилнинг 23-27 май кунлари “Манчестер Арена” стадионидаги портлашдан кейин ўрнатганди. Ушбу терактда 22 киши ҳалок бўлиб, 75 киши тан жароҳати олганди.