- 2013-08-24
Баъзи нашрларда ўрин олган хабарларга кўра, халқаро доимий халқ суди Малайзияда Мьянма ҳукуматининг ўлкадаги мусулмон озчилигига муносабатини кўриб чиқди.
5 кун давом этган суд мажлисининг 7 кишилик ҳайъати ҳужжатларни, мутахассислар фикрини ва 200 дан ортиқ гувоҳнинг ифодаларини тинглади.
Мьянмадаги араканлик мусулмонларга нисбатан амалга оширилган жиноятларга доир ҳукм берган суднинг раиси Даниел Ферштейн даъвода Мьянма ҳукумати геноцид, ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар борасида тергов қилингани ва айбдор деб топилганини маълум қилди. Бундан ташқари, қарорнинг ортидан 17 моддалик тавсиясини ҳам билдирди.
Тавсияларни ўқиган ҳакам Гилл Бёрингер “БМТга боғлиқ тергов ҳайъатига Мьянманинг Аракан, Качин ва бошқа вилоятлардаги мусулмон гуруҳларга қарши жиноятларни тергов қилиш учун виза ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи бериши керак” деди.
Зулм кўрган озчиликнинг ҳуқуқлари ва ватандошлиги тикланиши учун Мьянма ҳукуматининг конституциясини ўзгартириши ва одам ажратувчи қонунларни бекор қилиши кераклигини ишора қилган Бёрингер халқаро ҳамжамиятнинг Мьянмадаги зулмдан қочган одамларга бошпана берган Бангладеш ва Малайзия каби ўлкаларга молиявий кўмак бериши кераклигини таъкидлади.
Бёрингер Мьянма ҳукуматига бу борада босим ўтказилиши учун суднинг қарори ва тавсияларини халқаро ташкилотларга ва нодавлат ташкилотларига етказилишини билдирди.
Италияда 1979 йили қурилган Халқаро доимий халқ суди 66 аъзодан ташкил топган. Суд ташкил топган кунидан буён инсон ҳуқуқлари ва геноцид борасида 43 мажлис ўтказган.
Мьянма армиясининг қуролли тўдалар билан курашни баҳона қилиб, Араканда тинч аҳолига қилган ҳужумларида 25 августдан бери минглаб мусулмон ҳалок бўлди. Мьянма ҳукуматининг минтақага кириш-чиқишларга рухсат бермаганлиги сабабли ҳалок бўлган тинч аҳоли сони ҳалигача аниқланмади.
Ҳужумларда 200 та қишлоққа армия ва будист террористлари тарафидан ўт қўйилди ёки яшаб бўлмайдиган ҳолга келтирилди. Ўн минглаб араканлик мусулмон жонини сақлаш учун ҳалигача минтақадан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда. Мьянмадан қочган аҳоли тоғли туманлар, Наф дарёси ёки денгиз орқали Бангладешга ўтмоқда. Бангладеш 25 августдан бугунгача 421 мингдан ортиқ араканлик мусулмонга бошпана берди.