- 2022-07-12
1958 йили АҚШда бир ўқитувчилар журналида Александер Каландра имзоси билан чоп этилган мақола:
Бир физика ўқитувчиси билан талабаси имтиҳон саволига берилган жавоб борасида келиша олмай қолишди. Тажрибали ўқитувчи бўлган Каландрадан бу масалани ҳал қилиш учун ҳакамлик қилишини илтимос қилишди.
Савол қуйидагича эди:
“Бир бинонинг баландлигини барометр орқали қандай топса бўлади?”
Талаба бу саволга “Барометрга бир ип боғланади ва бинонинг томидан пастга ташланади. Барометр ерга теккан нуқтада ипни ўлчаймиз” деб жавоб беради.
Табиийки, физика ўқитувчисининг кутган жавоби бу бўлмаса ҳам, бинонинг баландлигини бу усул билан ҳам ўлчаса бўларди.
Каландра тортишувни чўзмаслик учун талабадан бу саволга бошқа йўл билан қандай ўлчаш мумкинлигини сўрайди. Талаба:
- Бу ерда ягона бир йўл йўқ, жуда кўп усул билан ўлчаса бўлади”- деб жавоб беради.
Каландра:
- Хўп, қани ўша бошқа усуллар ҳақида айтчи. Лекин иложи бўлса, жавобларнинг камида биридан физикага оидлиги маълум бўлсин- дейди.
Талабанинг илк жавоби қуйидагича бўлди:
- Барометрни томдан пастга ташлаймиз ва бир хронометр ёрдамида қанча миллисекундда ерга тушиш тезлигини топиб, x=0.5*a*t^^2 формуласи орқали баландликни ўлчаса бўлади.
Кутилган жавоб бу бўлмаса ҳам, жавоб ўз ичига физикавий формулаларни ихтиво қилган эди.
Талаба бошқа йўлларни ҳам санай бошлайди:
- Қуёшли кунда барометрни тик тутиб, соясини ўлчаймиз, кейин бинонинг соясини ўлчаб олиб, барометрнинг асл баландлиги орқали бинонинг баландлигини топса бўлади...
Бу жавоб ҳам тўғри эди.
Талабанинг учинчи жавоби:
- Зинапоядан кўтарилаётган деворга барометр баландлигини ишоратлаб чиқамиз, охирида ўша белгилар сони билан барометр баландлигини кўпайтирсак, бино баландлиги келиб чиқади… бўлди.
Бу ҳам тўғри, лекин тўртинчи жавоб ўқитувчининг дамини ичига тушириб юборди. Чунки бу жавобдан талабанинг физикани жуда яхши билиши маълум бўлган эди.
- Кичик ипга боғланган барометрни аввал ерда, сўнгра томдан пастга ташлаб тебратамиз. Ипнинг узунлиги ва тебраниш даврлари орасидаги фарқ билан Ньютоннинг g коэффицентни ҳисоблаб, икки g коэффиценти орасидаги фарқдан бинонинг баландлигини ҳисоблай оладиган нисбатни топамиз…
Бошқа гапга ҳожат қолмаган эди. Талабанинг имтиҳондан ўтганлиги ойдай равшан эди. Талаба бу ҳолатга кулимсирайди-ю бундай дейди:
- Лекин менимча энг осон йўли: эшик олдида ўтирган навбатчига барометрни совға қилиб, бинонинг баландлиги қанча метр?- деб сўрасак, шундоқ биламиз қўямиз.
Талабанинг бу изоҳидан кейин ҳаммасига бараварига кулиб юборишади.
Устоз Каландра ҳайрон қолиб сўрайди:
- Физика ўқитувчинг сендан кутган жавобни ҳам биласанми?
Талаба мийиғида кулган ҳолда:
- Ҳа албатта, домламиз мендан "томда ва ерда ҳаво босимини ўлчаб, орадаги фарқдан баландликни ҳисоблаб топамиз" деган жавобни кутган эди,- дейди.
Ҳакамлик қилган Каландра:
- Хўш, билар экансан. Нега унда шу кутилган жавобни бермадинг?”- деб қизиқиб сўрайди.
Талаба елкасини қисиб
- Чунки масалага ҳамиша бир томонлама ёндашишдан, тор дунёқарашдан бездим,- деб жавоб беради.
***
Дарҳақиқат, ҳаётга ягона номаълумли тенгламага қарагандай қараш, сирти ялтироқ, ичи қалтироқ баландпарвоз сўзлар ишлатиб, замонга мос ўзини етилтирмай, сийқаси чиққан шиорлар билан яшаш ҳеч кимни ва ҳеч қайси жамиятни ютуққа олиб бормайди.
Ҳаётда кўп савол ва масалаларнинг ЯГОНА ЕЧИМИ йўқ!