- 2013-12-11
Инновацион технология оламида деярли ҳар куни бошқача янгиликлар кашф қилинмоқда. Бу сафар пайдо бўлган янги гаджет барчани қизиқтириши табиий, негаки у ҳақиқий ўзбекона руҳда тайёрланган.
Тошкентдаги Инҳа университети талабаси Достон Мардиев эркаклар дўпписидан бошқа фойдали мақсадда ҳам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатиб берди. «Ақлли» дўппи эндиликда узоқ манзилга отланган ҳайдовчиларнинг беминнат ёрдамчисига айлана олади. Smart дўппи мудроқ босган ҳайдовчини хушига келтиради, кўнгилсиз ҳодисаларни чамалай олади. Бу ҳақда муаллиф шундай деди:
“Ушбу стартапни ўйлаб топишимга туртки бўлган воқеа – ижтимоий тармоқларда ўтказилган дўппи кийиш флешмоби бўлган. Айтиш лозимки, шундан кейин ёшларимиз орасида бу ўзига хос урфга айланди. Мен ҳам бу тарғиботга ўз ҳиссамни қўшишга аҳд қилдим ва 10 кун давомида гаджетимни ишлаб чиқдим.
Ишлаш принципига тўхталадиган бўлсак, дўппининг икки ёнига тебранувчи мослама ҳамда ўчириб-ёқиш тугмасини ўрнатдим. Уни кийишдан олдин тугма босилади. Биламизки, узоқ масофа ҳайдовчини анча толиқтиради. Табиийки, инсонда мудраш ҳолати кузатилади ва бунда бошингиз ҳар тарафга тебранади. Шундай пайтда гаджет буни сезади ва вибрацион қурилма ишга тушади. Тебраниш ҳайдовчини уйғотади”.
Мардиев қурилмани янада оммавийлаштиришда уни турли функциялар билан бойитишни мақсад қилган. Ихтирочи талаба келгусида дўппининг мобил иловасини ишга туширишни режалаштирмоқда. Унинг таъкидлашича, автоҳалокат содир бўлса, унинг жойлашувини аниқлаб берадиган ГПС тизими дўппига ўрнатилади. Шунингдек, «автоматик қўнғироқ» функцияси ҳам пайдо бўлади. Ҳайдовчи дўппининг тебранишига ҳам уйғонмайдиган бўлса, объектга энг яқин бўлган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар таянч пунктига қўнғироқ амалга оширилади ва воқеа ҳақида маълумот берилади.
Муҳаббат Маъмирова