- 2014-01-22
Фарзандингизга хато қилишга рухсат беринг. Чунки хатолашган сайин боланинг ҳаёт тажрибаси ошади. Тажриба одамни ютуққа элтувчи омил. Бола бирон нарсалар билан куймаланган сайин қўлидан келадиган ишини топади. Агар ота-она ҳа деб: «Тўхта, ўғлим, бу сен қила оладиган иш эмас. Эҳтиётла қизим, бу сенинг қўлингдан келмайди. Ўзим қиламан.»- деб, тўғаноқ бўлаверса, болалар ҳаётнинг кейинги даврларида ҳам ўзгаларга муҳтож бўлишга одатланади.
Ҳаддан ташқари парвариш, ҳаддан ташқари ҳимоя қуршовида ўсган бола на ўзини, на ўз қобилиятини кашф қила олади. Ундай болаларда ўзига бўлган ишонч йўқолиб, ҳеч нарсага жасорат қила олмайдиган қўрқоққа айланади. «Уддалай олмасам керак» ёки «хато қилиб қўйсам-чи» деган ўй доимо уни безовта қилади. Ҳар қандай ишда бирор кўмакчи топилиб қолармикан деб атрофга олазарак қараб, ваҳимачи бўлади. Ҳаётнинг ҳақиқатлари билан юзма-юз келишдан чўчийдиган, ҳар қадамидан ҳадиксирайдиган, мустақил қарор қабул қилишдан ожиз ландовур ва лапашангга айланади. Мана шундай оилада ўсиб-унган фарзанд, айниқса ўғил бола бир умр бунинг азобини тортишга мажбур бўлади.
Ота-онанинг фарзандига ҳаддан ташқари меҳрибонлиги оила ҳузур-ҳаловатни бузадиган энг катта ёв эканини ёддан чиқарманг! Меъёридан ортиқ меҳр турмуш осойишталигига рахна солиб, фарзанднинг соғлом ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Фарзандга меъёридан ортиқ ғамхўрлик қиладиган, уни ҳатто ҳаётдан ҳимоя қилишга уринадиган «меъёрсиз» ота-оналарнинг бошига тушадиган кулфатлар:
- Болага тегишли вазифаларни ҳам ўзлари қилгани учун бола ҳаётга
умуман тайёр бўлмайди. Оқибатда умр бўйи ота-онасига юк бўлиб ўтади.
- Бола эркаликни ҳаёт тарзидек қабул қилади. Ҳар хоҳишига эркалик ва хархаша билан етишга одатланади. Шу боис, ҳеч ким илтифот қилмайдиган, ширин сўз айтилмайдиган жойларда депрессияга тушади.
- Болага унинг қобилияти, қизиқиши эътиборга олинмаган ҳолда, фақат «меҳрибон» ота-она ёқтирган ўқиш, касб танлатилади. Ундай фарзандлар биронта касб эгаси бўла олмайди.
- «Меъёрсиз» ота-она фарзанди ҳаётига, дидига, оиласига ҳаддан
ташқари “бурнини тиққани” учун фарзанд асло бахтли бўла олмайди.
- Болалар улғайиб, мустақил ҳаётга қадам ташлаганда ҳам «меъёрсиз»
ота-она «болам уддалай олмайди, ёрдам беришим керак» деган ваҳимадан қутила олмайди.
- Бола, ўлим, айрилиқ сингари ҳаёт синоатларига тайёр бўлмайди.
Аччиқ ҳақиқатлар қаршисида оғир психологик жароҳатлар олади.
- Меъёрсиз оилалар фарзандларига «бахту саодат»ни ҳамиша ўз
қўллари билан ясаб беришга ғайрат қилгани учун бахтнинг асосий сабабларини бой беради. Бундай ота-оналарни кутиб турган энг катта хавф қариганда ёлғиз қолишларидир.