Трампдан Ғазо бўйича кутилмаган баёнот


  • 1 Августь, 2025
  • 185

АҚШ Президенти Доналд Трамп Исроил томонидан жорий қилинган чекловлар туфайли Ғазода юзага келган оғир очлик бўйича баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, фаластинликлар юзма-юз келаётган инсонпарварлик вазияти «даҳшатли».

Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Трамп: «У ерда бўлаётганлар даҳшатли. Ҳа, бу чинакам даҳшатли вазият. Одамлар жуда оч қолган», — деди.

Ушбу баёнот Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоф ва АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакабининг Ғазога режалаштирилган сафари арафасида янгради. Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт маълум қилишича, Уиткоф ва Хакаби Исроил томонидан ташкил этилган ёрдам тарқатиш нуқталарини назорат қилади ва янада кўпроқ озиқ-овқат юкларини хавфсиз етказиш режасини ишлаб чиқишади.

Левитт икки расмий Ғазода кимлар билан учрашиши ҳақида маълумот бермаган бўлса-да, сафар якунланганидан сўнг, Трампга тақдим этиладиган ёрдамни тарқатиш бўйича якуний режа тасдиқланиши кутилмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, май ойидан буён Исроил қўлловида фаолият юритувчи Ғазо Инсонпарварлик Ёрдами жамғармасининг тарқатиш нуқталарда 1000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 2023 йил октябридан буён камида 154 нафар фаластинлик очликдан вафот этганини, улардан 89 нафари болалар эканини билдирган.

Исроил сўнгги 18 йил мобайнида Ғазони қамал остида ушлаб турибди. 2 мартдан бошлаб эса барча чегараларни ёпиб, халқаро босимларга қарамай, инсонпарвар ёрдам карвонларининг ҳудудга киришини тўхтатган.


Бошқа мақолалар