- 2017-10-13
Россиянинг Бийск шаҳрида (Олтой) ўғил болалар ва қизларни бўлиб ўқитиш муваффақиятли натижа берди. Бўлиб ўқитилган иккита синфда ҳам ўзлаштириш даражаси кўтарилди. Аралаш синфларда “тўрт” ва “беш” баҳога ўқийдиганлар 50%ни ташкил этса, бўлиб ўқитилган синфларда қиз болаларда 89%, ўғил болаларда эса 65% га кўтарилди.
Бундан ташқари бундай синфларда дарсларда деярли барча ўқувчилар қатнашади. Оддий синфларда эса ўқувчиларнинг 40% и қатнашади холос. Психологлар бундай муваффақиятнинг сабабини ўғил бола ва қизлар учун “ўз тилларида” дарс ўтишда деб баҳолашмоқда. Ўқитувчиларнинг айтишича, қизлар синфида тақинчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар ва гуллар мавзуси муҳокама қилинади. Ўғил болаларда эса роботлар, спорт, автомобиллар ва бошқа қизиқ мавзулар қизғин муҳокама этилади.
Яна бўлиб ўқитилган синфларда жинслар орасидаги рақобат кузатилмайди. Оддий синфларда ўғил болалар эътиборни жалб қилиш учун қизларни хафа қилишади. Қизлар ҳам ўз навбатида мақтанишни хуш кўришади.
“Бўлиб ўқитиш болаларнинг ижтимоий ҳаётига таъсир қилади” деган гап асоссиз. Чунки болалар барибир ёнма-ён яшаб, кўчада, ижтимоий тармоқлар ва бошқа жойларда мулоқот қилишмоқда. Ушбу экспериментни 8 синфгача давом эттиришга қарор қилинди.