Германияда дунёдаги илк водород поезди қатнови йўлга қўйилди


  • 18 Сентябрь, 2018
  • 555

Франциянинг Alstom компанияси Германия шимолида водород ёнилғи элементларида ишловчи дунёдаги илк поезд Coradia iLint қатновини йўлга қўйди. 

Биринчи поезд йўловчилар билан бирга 17 сентябрь эрталаб Қуйи Саксониядаги Бремерферд, Куксхафен, Бремерхафен ва Букстехуде шаҳарларини боғловчи йўналиш бўйича жўнаган. 16 сентябрдакомпания поезднинг синов қатновини амалга оширганди.

Поезд 140 км/соат тезлик билан бир қувватланишда деярли шовқин чиқармай минг километр йўл ўтаолади. Поезд томида водород ёнилғиси бўлган цистерна ва водород энергиясини электр токка айлантирувчи ёнилғи элементи ўрнатилган. Жараён вақтида ишлаб чиқарилган ортиқча энергия пол остидаги литий-ион батареяларга узатилади. Бу батареялар поезд секинлашаётганда қўлланади.

Alstomда таъкидланишича, Coradia iLint атроф-муҳитга умуман зарарли модда чиқармайди, поезд ташқарига фақатгина буғ ва конденсатланган сув чиқаради.

2021 йилдан Букстехуде-Куксхафен йўналиши бўйлаб 14 та шундай поезд ҳаракатлана бошлайди. Қуйи Саксония транспорт вазирлиги яқин истиқболда барча дизель поездларни водород поездларга ўзгартирмоқчи. Бироқ бунда бир муаммо мавжуд бўлиб, Германияда водород тўлдириш станциялари тармоғи яхши ривожланмаган ва бу поезддан фойдаланишни қимматга айлантиради.

kun.uzдан олинди.


Бошқа мақолалар