- 2016-10-29
2019 йил март ойининг ўрталарида Тошкент шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманида Сузук ота мақбараси атрофида янги диний-маданий мажмуа қурилиши якунланди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси билан мақбарада кенг миқёсдаги реконструкция ишлари олиб борилиб, унинг атрофида 6,5 гектар майдонда боғ, икки миноралаи жоме масжиди, сувенирлар дўкони, кутубхона, фавворалар ва косиб-ҳунармандлар маҳалласи қурилди.
Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У 1140 йилда Туркистон шаҳри яқинидаги Қорачуқ қишлоғида дунёга келади. Мустафоқул Аҳмад Яссавий ҳаратларининг қизи Гавҳари Хуштожнинг кенжа фанрзанди бўлиб, отаси Қорачуқ қишлоғида яшовчи шайх Аҳмад ал-Қорачуқий бўлган. Аҳмад ал-Қорачуқийнинг отаси Сулаймон Вали бўлиб, ўз даврининг диний уламоси эди.
Мустафоқул ёшлигида бобоси Аҳмад Яссавийга сидқидилдан хизмат қилиб, унинг муҳаббатига сазовор бўлганди. Бобоси уни кўрганида “Менинг сузугим (суюклим), хуш келибсиз!” деб қарши оларди. Шу сабабли бошқалар ҳам уни Сузук деб атай бошлади. Балоғатга етгач, Яссини тарк этиб, Токент шаҳрининг жанубий тарафига келиб жойлашади. У ерга ватанидан яқин дўстлари бўлган Қуръон қорилари, косиб-ҳунармандлар, қурувчилар ва деҳқонларни чақиради. Сузук ота бу жойларни обод қилиб, 1217 йили шу ерда вафот этади. Унинг маҳалласи Тошкентда ҳунармандчилик маркази бўлиб қолади. Соҳибқирон Амир Темур 1363-1364 йиллари Сузук ота қабри устига мақбара қурдиради.
Ўтган асрнинг 30-йилларида мақбара вайрон этилади. Масжид ва мадраса бекитилиб, ҳудуди метал буюмлар ишлаб чиқариш корхонасига айлантирилади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, маҳаллага “Сузук ота” номи қайтарилади. Масжид қайта таъмирланиб, 1996 йилдан фаолият кўрсатишни бошлайди.
Сузук ота майдони Тошкент шаҳрининг гавжум бўлган кўчалари Кўкча дарвоза ва Самарқанд дарвоза чорраҳасида жойлашган. Эски шаҳардан келадиган бўлсак, чап тарафимизда “Самарқанд дарвоза” савдо-кўнгилочар маркази қад ростлаган.