- 2024-01-12
Туркманистон ҳукумати, қишлоқларда аҳолининг ўз ҳисобига олинган спутник антенналарни олиб ташламоқда. Маҳаллий ҳокимият вакиллари аҳоли антенналарни қайта ўрнатиб олмаслиги учун тушунтириш ишларини олиб бормоқда. “Озодлик” хабарида “Ўтган ҳафта Тошҳовуз вилояти ҳокимлиги барча мактаб, боғча, касалхона ва бошқа муассасалар бошлиқларига йиғилиш ўтказиб, ўз ходимларининг хорижий телеканалларни кўришдан воз кечишини ва спутник антенналар ўрнатмаслигини таъминлашни талаб қилишди” дейилган. Аввалроқ спутник антенналарни олиб ташлаш ишлари Ашхобод ва йирик шаҳарларда ўтказилганди.
Туркманистонда давлат бошқарувидаги 7 та телеканал ва тўртта радиостанция фаолият юритмоқда. Аҳоли асосан Россия телеканалларини томоша қилади. Чегара аҳолиси орасида эса ўзбек, қозоқ ва озарбайжон кўрсатувлари анча машҳур. Кузатувчилар Туркманистон ҳукуматининг спутник антенналарни олиб ташлашини мамлакат аҳолисини ахборот изоляцияси чора-тадбирларини кучайтириши билан боғламоқда. Ҳозир Туркманистон мустақилликка эришганидан буён илк бор қийин аҳволга тушган. Иқтисодий кризис бошланиб, нархлар кўтарилган, озиқ-овқат тансиқлиги, ишсизлик, миллий пул қадрсизланиши кучайган.