- 2018-11-02
Қозоғистон марказий сайлов комиссияси, президентликка сайловга неча киши номзодини қўйганлигини маълум қилди.
Марказий сайлов комиссияси раис ўринбосари Константин Петров “Ушбу сайловга жами тўққизта жамоат уюшмалари, жумладан тўртта сийсий партия номзодини илгари сурди. Амангелди Таспихов – Қозоғистон касаба уюшмалари федерациясидан, Амиржон Қосанов – “Миллат тақдири” ҳаракатидан, Дания Еспаева – “Ақ жол” партиясидан, Жамбил Ахметбеков – коммунистик партиясидан, Жуматай Алиев – “Халқ демографияси” уюшмасидан, Қосим-Жўмарт Тўқаев – “Нур-Отан” партиясидан, Садибек Тугел – “Ұлы дала қырандары” республика ҳаракатидан, Талғат Ергалиев – Қозоғистон қурувчилар иттифоқидан, Толеутай Рахимбеков – “Ауыл” партиясидан номзодини қўйди” деб маълум қилди.
Петров “Тўрт номзод қонунга мувофиқ ҳозирда имзо тўпламоқда. Улар ҳар бири 12 та вилоят, республика аҳамиятидаги шаҳар, пойтахтдан камида 118 минг 140 та имзо тўплаши керак” деб қўшимча қилди.
Имзодан ташқари номзодларни рўйхатдан ўтказиш учун яна иккита ҳужжат – соғлиги ҳақида маълумотнома ҳамда ўзи ва аёлининг даромади тўғрисида декларация топшириши лозим. Рўйхатга олиш муддати жорий йилнинг 11 май куни соат 18:00 да тугайди. Сайловолди агитация ишлари рўйхатга олиш босқичи тугаши билан бошланиб, 8 июнь куни 24:00 гача давом этади. 8 июнь куни ҳеч қандай ташвиқотлар олиб борилмайди. Президентлик сайлови эса 9 июнь куни маҳалий вақт билан соат 07:00дан 20:00 гача бўлиб ўтади.