- 2020-08-28
Хитой ҳукумати Ухань шаҳри аҳолиси учун янги коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳарни тарк этишга вақтинчалик тақиқ ўрнатишди. Ухандан чиқадиган авиарейслар, автобуслар ва поездлар вақтинча тўхтатилди. Шаҳардан чиқиш тақиқининг муддати аниқ эмас. Бундан ташқари, Уханга кирувчи шаҳарлараро автобуслар рейслари ҳам тўхтатилган. Вокзал ва аэропортларда йўловчилар жиддий текширувдан ўтказилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, вирус 25 та Хитой вилоятига тарқалган. Хитой соғлиқни сақлаш қўмитаси “Жами 571 касалланиш ҳодисаси тасдиқланди, улардан 95 нафари оғир аҳволда. 17 киши ҳалок бўлди” деб маълум қилди. Ўтган суткада 24 вилоят ва шаҳарларда 131 та янги касалланиш ҳодисаси ва 8 та ўлим ҳолати қайд этилди. Барча ҳалок бўлганлар асосан 65 ёшдан ошган қари кишилар.
Гонконг, Макао ва Тайванда 1 тадан касалланиш ҳолати аниқланган. Бундан ташқари, АҚШ, Япония, Жанубий Кореяда биттадан ва Тайландда 3 та одам касалланган. Ҳозирги вақтда касалланганлар билан яқин контактда бўлган 4 минг 928 киши тиббий назорат остида қолмоқда.