Қозоғистонда коронавирусга қарши чора-тадбирлар


  • 13 Март, 2020
  • 356

Қозоғистонда аҳолини коронавирусдан сақлаш учун қўшимча чора-тадбирлар киритилди.

13 мартдан мамлакатда оммавий тадбирлар, байрам, спорт, маданий, конференция, семинар, кўргазмалар ўтказилиши тақиқланди. Режалаштириб қўйилган спорт матчларини бекор қилмаслик учун уларни томошабинларсиз ўтказишга қарор қилинди.

Бош вазир ўринбосари Ерали Туғжанов ҳукумат, одамларга бир-бирига меҳмонга боришини тақиқлай олмаслигини таъкидлаб, лекин тўй ва оилавий тантаналарни кейинроққа суришни тавсия қилди.

Бозор ва савдо марказлари аҳолини барча керакли маҳсулотлар билан таъминлаш учун аввалги режимда ишлайди. Лекин савдо марказларидаги кинотеатрлар фаолияти махсус кўрсатмагача тўхтатилади.

Ўқувчилар учун таътил чўзилиб 16 мартдан 5 апрелгача қилиб белгиланди. Бундан ташқари, таътил вақтида ўқувчиларга экскурсиялар ҳам тақиқланди. Агар эпидемиологик вазият ёмонлашадиган бўлса, Халқ таълими вазирлиги масофадан ўқитиш масаласини кўриб чиқади.

Март ойи охирига белгиланган Ягона миллий тест (ЕНТ) кейинроққа кўчирилди.

Бола боғчалари аввалги режимда фаолиятини давом эттиради. Коллеж ва олий ўқув юртлари 16 мартдан бошлаб, онлайн таълимга ўтади.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус тарқалган ўлкаларга бормасликни тавсия қилганди. Лекин кўпчилик бунга эътибор бермаганди. Энди ҳукумат коронавирус тарқалган ўлкаларга спорт, маданий ва сайёҳлик тадбирларига боришни тақиқлади.

Оммавий тадбирлар тақиқининг охирги муддати белгиланмаган. Ҳаммаси мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга боғлиқ. Қозоғистонда коронавирус ҳолати кузатиладиган бўлса, ҳукумат Б режасини амалга оширади. 


Бошқа мақолалар