Шучинскда фожиа


  • 27 Февраль, 2026
  • 17

Шучинскдаги кафеда юз берган портлаш оқибатида етти киши ҳалок бўлди. Ақмўла вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг олти нафари муассаса ходимлари бўлган, яна бир киши ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Шучинскдаги “Центр плова” (Палов маркази) масканида содир бўлган фожиали воқеа 26 февраль куни кеч оқшомда юз берди. Портлаш лаҳзалари кузатув камераларига тушиб қолган.

Ақмўла вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментининг (ФВД) сўнгги маълумотларига кўра, ҳодиса натижасида 10 киши қутқарилган. 28 киши жароҳатланган, улардан 13 нафари шифохонага ётқизилган, саккиз нафарига тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйига жавоб берилган. Етти киши ҳаётдан кўз юмган.

Ақмўла вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, фожиа оқибатида муассасанинг олти нафар ходими ҳалок бўлган. Ҳалок бўлган 16 ёшли қиз ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда. Ҳокимлик унинг кафеда ишлаган-ишламагани борасидаги хабарларни текширмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, қиз ушбу масканда ходим бўлиб ишлайдиган онаси билан бирга бўлган. Ҳокимлик қизнинг онаси тирик эканини ҳам таъкидлади.

Аввалроқ минтақавий ФВД хабар берганидек, ўт ўчирувчилар ёнаётган кафедан ҳар бири 50 литр ҳажмдаги бешта газ баллонини ва иккита кислород баллонини олиб чиқишган ва шу тариқа бино ичида такрорий портлашларнинг олдини олишган. Ҳодиса сабаблари ва тафсилотлари ўрганилмоқда.

Шучинскдаги кафеда юз берган портлаш факти бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Гувоҳлардан бири ўша пайтда ичкарида ўнлаб одамлар бўлган кафедаги портлаш ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, ҳаммаси тўсатдан содир бўлган. Кучли портлаш юз берган, деразалар титраб кетган ва бинони олов қамраб олган. Ичкаридан одамлар югуриб чиқа бошлаган.

“Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Бир сония ичида. Одамлар югуриб чиқарди. Ҳаммасининг бадани куйган. Барча ошпазлар, ходимлар – ҳаммаси ўзларини қорга ташларди. Ҳаммани олиб чиқишди. Мен югуриб бордим, у ерда аммамни кўрдим — уни олиб кетишяпти, унинг бадани қаттиқ куйган, ҳамма ёғи қон эди. Уларнинг ҳаммаси куйган эди, баъзилар сочсиз чиқиб келди, курткаларини қолдириб, ялангоёқ югуриб чиқишди”, деди воқеа гувоҳи бўлган ватандош.


Бошқа мақолалар